Ўзбекистон делегацияси Дубайдаги «GISEC Global» кўргазмасида иштирок этди

Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази (ЎзТТБРМ) раҳбарияти бошчилигидаги делегация Бирлашган араб амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган киберхавфсизлик соҳасидаги йирик халқаро кўргазмалардан бири – «GISEC Global 2025»да иштирок этди.
Тадбирнинг биринчи куни делегация аъзолари рақамли хавфсизлик соҳасининг нуфузли халқаро вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказди. Хусусан, Туркия ва Буюк Британия делегациялари билан музокаралар олиб борилиб, халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва муҳим ахборий инфратузилмани ҳимоя қилиш соҳасига илғор ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор катта ҳажмдаги маълумотлар таҳлили ва сунъий интеллект асосидаги ечимларни ишлаб чиқишга ихтисослашган «Gorilla Technology» компанияси вакиллари билан учрашувга қаратилди. Учрашувда томонлар интеллектуал антифрод (фирибгарликларга қарши) ечимлар ва кибертаҳдидларни назорат қилишнинг ишончли тизимларини қуриш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг расмий қисми якунлангач, ЎзТТБРМ делегацияси кўргазма экспозициясида тақдим этилган ахборот хавфсизлиги, киберразведка, шахсий маълумотлар ҳамда рақамли инфратузилмани ҳимоялаш соҳасидаги энг янги технологиялар билан танишди. Иштирокчилар кўргазманинг юқори даражада ташкил этилганлиги ва тақдим этилган ечимларнинг Ўзбекистон телекоммуникация соҳасини ривожлантиришдаги долзарблигини эътироф этдилар.
«GISEC Global»да қатнашиш киберхавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор тажрибалар алмашинувида муҳим қадам бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter