Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

18 ёшли талабанинг уриб ўлдирилиши тафсилотлари эълон қилинди (видео)

18 ёшли талабанинг уриб ўлдирилиши тафсилотлари эълон қилинди (видео)

25 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети дарвозаси ёнида 18 ёшли талаба тенгқурининг мушт туширишидан кейин ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳодиса бўйича батафсил репортаж эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳолат 25 ноябрь куни 12:30 атрофида содир бўлган. Турин политехника университети ҳовлисида Суннат ва Муҳаммадазиз исмли йигитлар кўришиб ўзаро ярашиш мақсадида қўл беришган пайти шу университет талабаси Самандар уларнинг олдига келган ва «Бўлдими, ярашволдингларми? Чиройли ҳал қилинглар» — деган. Шу пайт жабрланувчи (2003 йилда Андижон шаҳрида туғилган) 1-босқич талабаси Шерзод исмли йигит Самандарнинг олдига келиб «Нима қиласиз аралашиб?», деган.

Шу орада Самандарнинг ёшликдан бирга ўсган Аббос ва Алимбел исмли дўстлари келиб қолган ва Аббос Шерзоднинг юзига бир мушт уриб, ерга йиқитган. Оқибатда у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг бирламчи маълумотига асосан, Шерзоднинг ўлимига бошмия ёпиқ жароҳати, мия ости пардалари ва мия тўқималарига қон қуйилиши жароҳати сабаб бўлган.

2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Аббос эса гумонланувчи сифатида қўлга олинган.

У воқеани қуйидагича изоҳлайди: «Турин университети олдинга борганимда уруш бўлаётган экан. Ўртогим (Самандар) урушаётганини кўриб, урушган болани олдига бордим. У мени сўкиб қўйганидан кейин жаҳл устида бир мушт уриб қўйдим. Лекин умуман ўйламагандим ўлиб қолишини. Қилган ишимдан пушаймонман».

Таъкидланишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (одам ўлимига сабаб бўлувчи қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг