18 нафар россияликка «миллий манфаатлар»дан келиб чиқиб фуқаролик берилди – ИИВ
18 нафар Россия Федерацияси фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси (ИИВ МФРББ) бошлиғи полковник Улуғбек Муҳамедов маълум қилди.
– «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуни 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Президент томонидан чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қонунда белгиланган талаблар (чет давлат фуқаролигидан воз кечиши, республика ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида 5 йил муқим яшаши, қонуний тирикчилик манбаига эга бўлиши, давлат тилини лозим даражада билиши) қўлланилмаган ҳолда Ўзбекистон фуқаролигини бериши мумкинлиги белгиланган.
Ҳозирга қадар 18 нафар Россия фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган», – дейди ИИВ вакили.
Қайд этилишича, Россия фуқароларининг аксарияти Ўзбекистонга доимий яшаш ёки фуқаролигини қабул қилиш мақсадида эмас, вақтинча яшаш мақсадида кириб келмоқдалар.
Маълумотларга кўра, 2021 йил 9 ойи давомида ИИВ МФРББ ҳудудий бўлинмалари томонидан 1 646 нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар турган жойи бўйича доимий рўйхатга олинган бўлса, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 1 821 нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий рўйхатга олинган. Уларга чет эл фуқароси учун мўлжалланган яшаш гувоҳномаси – ID-карталар расмийлаштириб берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган 9 ойида Ўзбекистонга кириб келган Россия фуқаролари сони ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter