«10 соатлаб навбатда турсак, патент пулини қандай тўлаймиз?» Водийда вазият чигаллашмоқда
Водийда сиқилган газ қуйиш шохобчаларида узундан-узун навбатлар юзага келиши давом этмоқда. Бу ҳам етмаганидек, навбатда турган машиналарни олиб қочиш ҳолатлари кузатиляпти.
«Xabar.uz»га келиб тушаёган мурожаатларга кўра, газ қуйиш шохобчаларида ҳайдовчилар 14 соатгача навбатда туришмоқда.
«Бу тарзда кунига 10 соатлаб навбатда турсак, такси ва йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш учун тўланадиган патент ва лицензия пулларини қандай қоплаймиз?», дейди мурожаатчилардан бири.
Маълум қилинишича, айрим ҳудудларда газ-заправкалар олдида навбатда турган автомобиллар кўплигидан йўл қатнов қисмлари ҳам тўсилиб қолмоқда ва бу автомобилларнинг ҳаракатланишига жиддий ҳалақит беряпти.
Бу кўргуликлар етмаганидек, энди газ қуйиш учун навбатга қўйилган машиналарни ўғирлаб кетиш ҳолатлари ҳам кузатила бошланган.
«Дарё»нинг хабар беришича, Учкўприк тумани Ёйилма қишлоғида жойлашган газ-заправкада 22 декабрь куни соат 20:00—21:00 оралиғида аслида Ўзбекистон туманининг Сулаймон қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган такси ҳайдовчиси Т.Ж.нинг «Spark»и ўғирлаб кетилган: Т.Ж. машинани йўл четида очиқ қолдириб, навбатдан хабар олиш учун ичкарига кирган, 3—4 дақиқа ичида қайтиб чиқса — машина жоида йўқ.
Ҳолат юзасидан вилоят ҳудудида «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилинган. Олиб қочилган «Spark» 23 декабрь куни Учкўприк тумани Қўқонбой қишлоғи ҳудудида ушланган. Машина Учкўприкнинг Қоракўл қишлоғида яшовчи, 1999 йилда туғилган Қ.А. томонидан олиб қочилгани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Водийдаги газ қуйиш шохобчаларида бир неча кунлардан бери давом этаётган бундай навбатларга расмий муносабат билдиргани йўқ. Айрим манбаларда билдирилишича, бундай ҳолат юзага келишига газ босимининг пастлиги, газ ишлаб чиқарувчи корхоналар етарли миқдорда газ етказиб беролмаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Эътиборлиси, шу йилнинг 29 ноябрь куни куни «Тараққиёт стратегияси» марказида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик фаолиятининг 2018 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида юқоридаги каби ҳолатлар юзага келмаслиги учун чоралар кўрилаётгани айтилганди.
Жумладан, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газ танқислигининг олдини олиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» томонидан ноябрь ойида газ қуйиш шохобчалари учун қўшимча 40 миллион метр куб газ қўшиб берилгани билдирилганди.
«Мана шу кўрилган чоралар натижасида метан газ нархи 1800-1900 сўмга тушди. Бу ерда бироз тушунмовчилик бўлди, шунинг учун тезкорлик билан қўшимча лимитлар ажратилди. Келгуси ойларда ҳам бу йўналишлардаги ишлар давом эттирилади. Аҳолига зарар бўлаётган тарафларни қўлламаслик мақсадида тегишли қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича ишлар олиб бориляпти», — деганди «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти газ тармоқларидан ва қурилмалардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Акмал Эшонқулов.
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари Одил Темиров қўшимча равишда қуйидаги рақамларни келтирганди: «2017 йилда биз автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларига 2,5 миллиард куб метр газ етказиб берган бўлсак, 2018 йилда бу 2,7 миллиард куб метр газ, кейинги йилда 3 миллиард куб метрдан кўпроқ газ ажратиб берилмоқда. Сабаби, бу ҳам биз учун керак бўлган нарса. Таъкидланганидек, автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчалари жуда кўп миқдордаги бензин ўрнини қоплаяпти».
Масъуллар ваъда қилган бу чоралар амалга оширилаётган бўлса, газ қуйиш шохобчаларида бу даражада тирбандликлар юзага келмаслиги керак эди. Ёки бунинг бошқа сабаблари борми, бунга расмий баёнот ойдинлик киритиши мумкин. Ҳозирча эса водийда газ қуйиш билан боғлиқ вазият тобора чигаллашмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter