Расмий хабарга ишонган фуқароларда нима айб?
25 март куни Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ўзининг расмий саҳифаларида «Диққат! Расмий хабар!» деган сарлавҳа билан бир хабар тарқатган эди.
Ушбу хабарда 24 мартдан бошлаб Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг техник кўрикдан ўтказиш бўлимида фуқаролар қабули вақтинча тўхтатилганини ҳамда белгиланган муддатларда машиналарини техник кўрикка тақдим қила олмаган фуқароларга нисбатан вақтинча маъмурий чоралар кўрилмаслигини РАСМАН эълон қилишган эди.
Аммо кеча бўлиб ўтган брифингда фуқаронинг стикери бўлса ҳам, лекин 10 апрелда техник кўрик муддати тугаганлиги сабабли, фуқаронинг машинаси жарима майдонига қўйилганини маълум қилишди.
«Шунинг учун билиб қўйинг, стикер Сизга карантин давомида ҳаракатланиш рухсатини бергани билан, бошқа ҳужжатларингиз тўлиқ бўлмаса, Сиз жаримага тортиласиз» дея таъкидланди.
Энди менда мутасаддиларга 2 та савол бор:
1) ИИВ ЙҲХББнинг расмий (!) хабарида «техник кўрик муддати ўтганларга маъмурий чора қўлламаймиз» дея айтилганига ишониб, кўчага чиққан фуқарода нима айб? Техник кўрикдан ўтмаганларга жарима қўлланмаслигини биз эмас, вазирликнинг ўзи айтган эдику?
2) карантин туфайли агар техник кўрикдан ўтказиш хизматини расмийларнинг ўзлари тўхтатиб қўйган бўлса, унда техник муддати келган фуқаролар нима қилиши керак? Ўзимиз техник кўрикдан ўтказишни тўхтатиб, яна ўзимиз жарима қўлласак, мантиқсизлик бўлмасмикин?
Изоҳ-1: «кўчада юрмасдан, уйида ўтирсин» дейишингиз ҳам мумкин, лекин гап шунчаки кўчада айланиб юрганлар ҳақида эмас, айнан стикери бор, яъни расман автотранспорт воситасини бошқаришга рухсат берилган шахслар ҳақида кетаётганини унутиб қўймайлик.
Изоҳ-2: 23 март санасидан паспорт, яшаш гувоҳномаси олиш, алмаштириш, пропискани расмийлаштириш, виза ва яшаш гувоҳномаси муддатини узайтириш бўйича Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига мурожаат қила олмаган шахслар паспорт тизими ва бўлиш қоидасини бузган деб ҳисобланмайди, деб расман эълон қилинган эди. Агар ҳозирги аналогиядан келиб чиқсак, паспорт муддати ўтган ёки вақтинчалик пропискаси тугаганларга амалда барибир жарима қўллашмасмикин?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter