Қашшоқ Африкадаги иқтисодий мўъжиза. Ботсвана қандай қилиб тараққиётга эришган?
Давлат ақл билан бошқарилса, қашшоқлик ва муҳтожлик – уят, давлат ақл билан бошқарилмаса, бойлик ва номус – уятдир.
Конфуций
Африка қитъасида жойлашган давлатлар ҳақида сўз кетганида аҳолисининг деярли 80 фоизи қашшоқликда кун кечирувчи, қонхўр диктаторлар, қабилалар ўртасидаги урушлар домига тушиб қолган мамлакатлар кўз олдимизга келади. Аммо, Африканинг жанубида Ботсвана деган бир давлат борки, мамлакат бугунги кунда аҳолининг жон бошига даромади бўйича тропик Африкада биринчи ўринда. Ҳатто, иқтисодий жиҳатдан анча тараққий этган Эстония ва Венгрия билан бемалол тенглаша олади. Лотин Америкасидаги энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган Коста-Рика билан бир даражада туради.
Ботсванада демократик ўйин қоидалари мукаммал шаклланган бўлиб, ҳокимият бошқаруви диктатура чангалидан анча йироқда. Бу мамлакатдаги ривожланишни Япония ва Германия мўжизасига қиёслаш мумкин. Хўш, Ботсвана қандай қилиб иқтисодий ўсишга эришди? Нега Ботсвана аҳолиси бошқа Африка мамлакатларидаги аҳолига ўхшаб қашшоқ эмас? Қуйида Ботсвана қандай қилиб тараққиётга эришгани ҳақида сўз юритамиз.
Ботсвана ҳақида қисқача
Ботсвана – Африканинг жанубидаги давлат, майдони 581 700 км². Мамлакатнинг катта қисми континенталлик хусусиятларига эга субтропик иқлим зонасида жойлашган. Мамлакатнинг катта қисмини денгиз сатҳидан 800-1000 метр баландликдаги Калахари чўлининг кенг пасттекислиги эгаллайди. Ёмғир асосан ноябрь ва март ойларида ёғади.
Ботсвана пойтахти ва энг йирик шаҳри – Габороне. Охирги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакат аҳолиси 2 024 904 кишини ташкил этади. Ботсвана аҳолисининг 53,6 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Ишсизлик даражаси 20 фоиз. Мамлакат асосан қишлоқ хўжалиги ва кончиликдан катта даромад олади. Масалан, Ботсвана йилига 34,293 минг карат олмос қазиб олади.
Бу статистик маълумотларни кўрган ўқувчида «Ботсвана табиий бойликлар ҳисобига фаровон ҳаётга қурган экан», деган фикр пайдо бўлиши мумкин, Лекин Ботсванага қўшни ҳисобланмиш Зимбабве ва Жанубий Африка Республикаси йилига 2 миллион карат олмос экспорт қилса-да, иқтисодий ўсиш ва аҳолини турмуш даражаси бўйича Ботсванадан анча орқада. Демак, табиий бойлик захираси фаровонликни таъминламайди. Хўш, унда нима фаровон ҳаётни таъминлайди? Бунга бироз пастроқда тўхталамиз.
Ўз хоҳиши билан мустамлакага айланган Ботсвана
1885 йили Британия саванна қабилалари устидан протекторат ўрнатди. Бунга маҳаллий қабилалар қаршилик кўрсатмади. Сабаби, бу вақтга келиб Жанубий Африкада Германия империясининг таъсир доираси кучайиб бораётган эди. Ботсвананинг учта қабила сардори Германиядан ҳимояланиш учун Буюк Британиядан ёрдам сўради. Британия Ботсванани ўз мустамлакаси деб эълон қилган бўлса-да, бу ўлкага унчалик эътибор қаратмади. Мустамлакачиликдаги 70 йил давомида Ботсвана ҳудудида мутлақо ҳеч қандай ўзгариш рўй бермади. Британия бу ерларга жуда кам инвестиция киритди.
Мустақиллик берган тараққиёт
1966 йилда Ботсвана мустақилликка эришди. Мустақилликка эндигина қадам қўйган Ботсвана жаҳондаги энг қашшоқ давлатлардан бири эди. Мамлакатда қаттиқ қопламали йўлларнинг умумий узунлиги 12 километрдан ошмас, олий маълумотли кишилар сони 22 нафарни, ўрта мактабни тамомлаганлар эса 100 нафарни ташкил қиларди. Республика бўйича атиги 9 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, 652 минг кишига 28 та касалхона бўлган. Маълумотларга кўра, бир шифокорга 47652 киши тўғри келган.
Ўша вақтда аҳоли жон бошига ЯИМ тахминан 90 долларни, дунё бўйича ўртача кўрсаткич 627 долларни, Африкада 172 долларни, қўшни Зимбабведа эса 277 долларни ташкил қилган. Бу ҳам етмагандай, Ботсвана деярли ҳар тарафдан оқ танлилар бошқарувидаги мамлакатлар – Жанубий Африка, Намибия ва Родезия билан ўралган бўлиб, бу давлатларнинг барчасида қора танлилар бошқарадиган мустақил Африка мамлакатларига нисбатан адовати бор эди. Жуда кўплаб инсонлар Ботсвананинг келажагига шубҳа билан қарашди. Бироқ охирги 45 йилда Ботсвана дунёдаги энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири бўлди. Бугунги кунда Ботсвана аҳоли жон бошига даромадлари бўйича тропик Африкада биринчиликни эгаллайди. Бу кўрсаткич бўйича Шарқий Европанинг Эстония ва Венгрия мамлакатлари билан бемалол тенглашади.
Мустақиллик Ботсвана учун бурилиш нуқтаси бўлди. Тўғри мустақилликнинг илк кунидан бошлаб иқтисодий ўсиш бўлмади. Мамлакатнинг олдида жуда катта муаммолар мавжуд эди. Лекин Ботсвана илк қадамни тўғри қўя олди. Яъни, мамлакатда инклюзив сиёсий ва иқтисодий институтларни йўлга қўйди. Бу орқали Ботсвана ўз бошидан фуқаролар уруши ва ҳарбий диктатурани ўтказмади.
Эркни қўлга киритган Ботсванада биринчи президентлик сайлови демократик тарзда бўлиб ўтди. Мунтазам рақобатга асосланган сайлов жорий қилинди. Ҳукумат мамлакатда мулк дахлсизлигини ҳимоялади, макроиқтисодий барқарорликни таъминлади ва инклюзив бозор иқтисодиётининг ривожланишини рағбатлантирди. 1967 йили «Ботсвана гўшт компанияси» ташкил қилинди. Бу компания бошқа Африка давлатларига ўхшаб фермер ва чорвадорларни талон-тарож қилмади. Бу ташкилот чорвачиликнинг тараққий этишида марказий ўрин эгаллади. Ҳукумат иқтисодда давлатни таъсирини камайтирди ва экспортни рағбатлантирди. Бу иқтисодий ўсишга ҳисса қўшиб, инклюзив иқтисодий институтларнинг пойдевори бўлди.
Ўқувчида «Африка давлатларига хилоф ўлароқ, Ботсвана барқарор демократия ва инклюзив институтларни қандай қилиб йўлга қўя олди», деган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавоб бериш учун мустамлака бошқаруви тугаши билан пайдо бўлган бурилиш нуқтаси Ботсвананинг амалдаги институтларига таъсирини англашимиз лозим. Яъни, ҳукуматга қарши курашиш ёки уни ағдариш ва давлатни бошқариш учун ҳеч қандай рағбат йўқ эди. Мамлакатдаги инклюзив институтлар сиёсий барқарорликни юзага келтирди ва иқтисодий ўсишни дастаклади.
Тропик Африкада жойлашган Сьерра-Леоне ва Зимбабве мустақилликдан кейин берилган имкониятларни бой берди. Бу мамлакатларда ҳарбий диктатура ортидан иқтисодий қолоқлик вужудга келди. Зимбабве, Намибия ва Жанубий Африка Республикасида йирик олмос конлари мавжуд. Биргина Зимбабве ҳар йили ўртача ҳисобда 2 миллион каратдан ортиқ олмос ишлаб чиқаради. Лекин аҳолининг ишсизлик даражаси 80 фоиз. Бу мамлакатлар асосан табиий ресурсларни сотиш орқали кун кўради. Сиёсий институтларнинг кучсизлиги ва ҳокимиятни тийиб турувчи кучнинг йўқлиги туфайли келаётган бойлик асосан халқнинг эмас, элитанинг чўнтагига келиб тушади.
Ботсванада табиий бойликлардан фойдаланиш тартиби Зимбабве, Намибия ва Жанубий Африка Республикасидан кескин фарқ қилади. Давлат барча конларни қабилага эмас, бутун мамлакатга тегишли бўлишига эришди. Бу табиий бойлик (асосан олмос)дан келадиган даромад улкан тенгсизлик юзага келишининг олдини олди. Чунки олмос конлари бошқа мамлакатларда турли гуруҳлар ўртасида ўзаро тўқнашувларни, ҳатто фуқаролар урушини юзага келтирган эди. Шунинг учун ҳам тропик Африкадан қазиб олинган олмослар «қонли олмослар» номини олган. Ботсванада эса олмосдан келадиган даромадни мамлакатнинг фаровонлиги йўлида сарфлашга муваффақ бўлди. Ҳукумат олмосдан келадиган бойликни асосан ижтимоий хизматларга инвестиция қилиш учун сарфлади.
Хулоса қилиб айтганда, Ботсвана мустақиллик даврида пайдо бўлган имкониятдан фойдаланиб, мамлакатда инклюзив сиёсий институтларни ташкил этди. Давлатдаги сиёсий партиялар ва анъанавий элита вакиллари диктатура бошқарувига ёки уларни жамиятнинг бошқа аъзолари ҳисобига бойитиш мумкин бўлган экстрактив институтларни жорий қилишга ҳаракат қилмади. Бу эса бурилиш нуқтаси бўлиб, Ботсвана учун тараққиётни таъминлади.
Фойдаланилган адабиёт: Дарон Ажемуғли ва Жеймс Робинсон «Мамлакатлар таназзули сабаблари».
Сардор Али
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter