Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Аслида айбдор ким? Учинчи эрдан «бахт» излаган онами?

Аслида айбдор ким? Учинчи эрдан «бахт» излаган онами?

Ўз бахти йўлида дилбандининг жонини олган инсон бахтга эриша оладими? Аммо сиз-у биз англаб турган ҳаёт ҳақиқатига ишонмаган бекободлик Сайёра, ўзганинг қучоғидан «бахт» излаб, мудҳиш ишга қўл урди. Воқеа бундай бўлган эди.

Сайёра қўшни қишлоқдаги йигитга турмушга чиқди. Турмуш ўртоғи Сайёрани ардоқлаб, эъзозлар эди. Сайёра ҳам бу инсонга муҳаббат қўйди. Аммо бу бахтли лаҳзалар узоқ давом этмади.

Кутилмаганда хасталик туфайли эри омонатни топширди. Тушкунликка тушиб қолган Сайёра эрининг ортидан ўзи ҳам нариги дунёга жўнамоқчи бўлди. Аммо қорнида янги бир ҳаётнинг борлиги уни бу шаштидан қайтарди. Сайёранинг илк муҳаббатидан фақатгина қизалоғи ёдгор бўлиб қолди.

Бева ҳолида ҳомиладор бўлиб қолгани ортидан маҳаллада ҳар хил гаплар болалади. Бу гапларга чидай олмаган қайнона ва қайнота Сайёрани уйдан қувишди. Яъни, эрининг ота-онаси келинининг қадами тўғрилигидан шубҳаланишди.

Сайёра ёлғиз қизалоғи билан ота-онасининг уйига эмас, балки тоғасиникига борди. Чунки ота-она ҳам кўчадаги гапларга ишониб қолган эди-да!

Орадан 3 йил ўтиб, қариндошларнинг босими остида Сайёра ўзидан 20 ёш катта эркак билан шаръий никоҳдан ўтиб, бир ёстиққа бош қўйди. Қариндошлар топган эркак педофил эканлиги, 4 ёшли Сабинага тажовуз қилганидан кейин ошкор бўлди. Ўгай ота панжара ортига равона бўлди. Хўрланган она ва бола эса яна кўчада қолишди.

Бир мунча вақт ўтиб, Сайёра вақтинча биринчи эрининг уйида яшай бошлади. Бир тузуккина иш ҳам топди. Аммо қишлоқда яна гап болалади. Бу гаплар жон-жонидан ўтиб кетгач, зора эрга тегсам ҳаловат топарман, дея учинчи бор эрга тегишга розилик берди.

Куёв ҳам дарров топилди. Сайёра эрликка номзодлар орасида олти бор ажрашган, бепушт эркакни танлади. Чунки у «тирноққа зор эркак якка-ягона қизимга оталик меҳрини бера олади», деб ўйлаган эди. Бироқ чучварани хом санаган экан.

Янги уйда қайнона ва келин ўртасида кўп гап қочди. Эр «болани кўчадан орттириб олгансан, ҳаромини уйимдан йўқот», дея шарт қўйди. Сайёра ўз дилбандини ҳаромига чиқарган уйдан бош олиб кетди. Бироқ орага маҳалла тушиб, эр-хотинни яраштириб қўйди. Сайёра эрининг уйига қайтиб борди, лекин аҳвол ўнгланмади.

Давомли оилавий жанжаллардан депрессияга тушиб қолган Сайёра, ўзининг бахтсизлигида қизини айблай бошлайди. Она 8 ёшли қизидан қутулиш режасини тузди ва бир куни Сабинани шоли поясига олиб бориб...

Бир неча кундан сўнг она 8 ёшли қизини йўқотиб қўйганини айтиб, уни қидиришга тушади. «Йўқолиб қолган» қизалоқнинг жасади кўп ўтмай, 2021 йилнинг 6 августида шоли майдонидан топилади. Жасадни онанинг ўзи топади ва аввалига буни кутилмаган фалокатдек қабул қилади.

8 ёшли Сабинанинг жасади суд экспертизаси томонидан ўрганилганда, қизалоқ сувда чўкиб эмас, балки бўғиш оқибатида ўлгани маълум бўлади. Тергов жараёнида виждон азоби тинчилик бермаган она ягона фарзандини ўлдирганига иқрор бўлди.

Шунингдек, тергов вақтида 8 ёшли Сабина онасининг учинчи эри – ўгай отаси томонидан ҳам мунтазам равишда жинсий зўрлаб келингани аниқланди.

Сабина саккиз йилгина яшади, аммо кун кўрмади. Катталарнинг ўйламай қадам босишлари ва жирканч нафсларининг қурбонига айланди. Онасининг ҳам айнан қариндошлари, яқинлари  кўкрагидан итарган, ёрдам учун қўл чўзмаган ва натижада аёл бағритош қотилга айланган.

Саволлар қалашиб кетади. Нега оталар, оналар қотилга айланмоқда. Вақтида меҳр кўрмагани, лоқайдлик қурбони бўлишгани учунми? Ахир Сабина ва унинг онасининг ҳаётидан маҳалла-кўйнинг хабари бўлмаганми? Нега вақтида ёрдам қўли чўзилмай ташлаб қўйилди. Бизда ижтимоий ёрдам марказлари мавжудми, бор бўлса нега қотилликлар, ажримлар кўпаймоқда. Ва бунинг жабрини нега ёш гўдаклар тортмоқда, болалар бадалини тўламоқда? Ва яна биз билганларимиз шулар, билмаганларимиз қанча?

Сардор Али

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг