Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип ва бошқалар ҳақида (биринчи суҳбат)
Бу туркум аслида 23 июнь – Халқаро бевалар кунига режалаштирилган эди. Мавзуга киришиш қийин кечди. Маълумотлар кўплигидан. Ҳаммаси муҳимдек кўринаверади, яна ҳар куни янги ва янги хабарлар тахламни тўлдираверади... «Гендер зўравонликка 16 кун фаол қаршилик кампанияси» давом этаётган шу кунларда юзага чиққанлари: 12 ёшли қизча ўзини осиб қўйди. Ёлғиз аёл ана шу қизчаси ва унинг акаларини оёққа қўйиш учун хорижга ишга кетган. Онаси ёнида бўлса қизалоқ ўзини осмасмиди?
«Ёр-ёр» кўрсатуви орқали эркак билан танишган содда бир аёлнинг минг азоб билан топган пулини эркак ўғирлаб ғойиб бўлган.
Яна бир гуруҳда 3 фарзандини ёлғиз қолдириб, уй кредитини тўлаш учун Россияга кетган аёлнинг болаларини қиш куни қандай чиқариб юбориш борасида уйнинг аввалги эгаси маслаҳат сўраган...
Эҳтимол, сўнгги нуқта қўйилгунча яна янгилари пайдо бўлар. Не бўлганда ҳам туркумнинг «Эр керакми?» деган муҳокамадан мунозарага, мунозарадан муболағага айланиб кетган видеолавҳага алоқаси йўқ.
Бева, тул, есир... Тилимиз бой-да. «Xabar.uz»нинг мавзуга оид биринчи қаҳрамони «Ёлғиз аёл» иборасини қўшиққа сингдирган шоира Жумагул Сувонова.
Юрганин йўл деманг ёлғиз аёлнинг,
Кифтига маломат ботиб боради.
Қўша жон қийналиб тортолмай турган,
Аравани ёлғиз тортиб боради.
Охунжон Мадалиевни билганлар бу қўшиқни яхши эслашади. Шеър муаллифи Жумагул Сувонова фарзандларини ёлғиз улғайтираётган ўзбек аёли муаммолари ҳақида ОАВда гапирганда ҳали халқаро бевалар куни эълон қилинмаган ҳам эди. Жумагул эри автоҳалокатда вафот этганида бешикда бўлган ўғли бугун 35 га кирди. Отасини элас-элас эслайдиган қизи ҳам бахтидан тиниб кетган. Шоира эса ҳамон ёлғиз аёл ҳақида ёзади.
– «Кифтига маломат ботиб боради» деб ёзгансиз. Кимдир ёзғитиши мумкинлигини ҳис қилишнинг ўзи руҳий босим. Ўша даврларда узоқ қишлоқдан келиб университетда ўқимоқчи бўлган ёшгина бева аёлнинг хижолатлари аён гап. Бугунги ва ўшандаги ёлғиз аёлнинг ўхшашлиги ва фарқлари нимада?
– Бугунги ва 30 йил аввалги ёлғиз аёлнинг ўхшашлиги ёлғизлигида. Одамлар назарида бўлишида. Ёлғиз бўлганидан кейин одамлар назарида бўлади, албатта. Аввалгидан кўра, бугунги кун ёлғиз аёллари кўпайиб кетган, менимча. Лекин бугунги кун ёлғиз аёллари гап-сўзни писанд қилмай қўйган. Эй бор деяпти, э, гапиравер деяпти, менга қизиғи йўқ, деяпти. Олдин бунақа эмасди, ёлғиз аёллар. Жуда кўп фоизи уйда ўтирарди. У пайтлар ака-укалар, яқинлар қўллаб-қувватлаши бошқача эди.
– Ёлғиз аёллар бу фақат эрлари вафот этганлар эмас. Сиз таъкидлаган, ёлғиз аёллар салмоғи ошаётгани асосан ажралишлар ҳисобидан эмасми?
– Ҳамма масала бориб тарбияга тақалади. Биз катталар тарбияга катта эътибор бермаяпмиз, деган хаёлга бораман. Лекин катталарнинг ўзида тарбия не қадар? Бугунги кун келин-куёвлик ёшидаги йигит-қизларнинг ота-оналарининг аксари чет элда йилларини ўтказган, ўтказяпти. Пул топишга, боласи келажагини таъминлашга ҳаракат қиляпти. Болалар бу ерда қолаяпти.Қатор ҳолларда тарбияга ана шу жойда дарз кетаяпти. Қизларимиз эрга, қайнонага бўйсунишни эркнинг бўғилиши деб қабул қилаётган, йигитларимиз рўзғорни олиб боришга на бир касби, на илми бўлган ҳоллар кам эмас. Оила қургандан сўнг ҳам чет эл орзуси бирда қайсидир оилага баракага келтиряпти, бирда бошқа оилага кулфат. Қаердадир қудаларнинг шунчаки келишмовчилиги ёшлар ҳаётини барбод қилади. Бир жойида эр-хотиннинг менинг гапим гап деган принципидан бошланадиган жанжаллар болаларни тирик етим қилиб қўйяпти.
Мана қаранг, узатилиш ёшидаги қизнинг телеграмм аккуанти. «Мен ҳеч кимга бўйсунмайман. Чунки, менинг акам бор!» деган ёзувни қўйибди. Шу қизнинг бир хонадонни обод қилишига масалан мен ишонмайман. Ёки онасига ўшқирган йигит бировни бахтли қилишига шубҳам бор. Чунки, у эртага хотинига ҳам шундай ўшқиради. Хотинига қўполлик қилмаганида, унинг олдида онасини шундай изза қилса, келин ҳам қайнонага шунга яраша муомала кўрсатади. Оила дегани жуда мураккаб тушунча. Ҳар бир ажралиш алоҳида ҳолат. Улар учун умумий ўлчов топиш қийиндек.
– Оиладаги зўравонликларнинг ҳам ажралишларда ўрни катта.
– Зўравонликлар нимадан келиб чиқади? Биз узоқ вақт қизларни оилага тайёрлаш деганда пишир-куйдир, тикиш-бичишни назарда тутиб келдик. Лекин аввало муросаю мадора деган тушунчани қанчалик билади, деган саволни ўртага ташлашимиз керак эмасми? Бу қуда томонларга ҳам, келин ва йигитга ҳам бирдек тааллуқли гап.
Қадимдан бор гап: «ман-ман» деган хонадонда ҳам гап-сўз бўлади. Ана шу гап кўчага чиққанда, ичкаридаги учқун аланга олиши хўб кузатилган. Тўғри тушунинг, бу билан келинлар бошига тегирмон тоши айлантирса ҳам чидасин, чурқ этмасин демоқчи эмасман. Аёлми, эркакми бахтли бўламан дедими, тушунсин, бир ўзи бахтли бўлолмайди. Оилада ё иккиси ҳам бахтли бўлади ёки иккови ҳам бахтсиз.
– Оилага қизларни тайёрлаш борасида гапирдингиз. Йигитлар-чи?
– Йигит аёлини ҳам тарбиялаши муҳим дейишади уламоларимиз. Унинг учун йигитнинг ўзи тарбия кўрган бўлиши керак. Ота-оналар қизлардан кўра кўпроқ йигитларни тарбиялаши керак. Туркияда мен кўп кўрдим – қизларни нисбатан эркинроқ қўяди-да, йигитларни тарбиялайди. Ўғил болаларга сен рўзғор тебратишинг керак, оилабоши бўласан, фарзандларингни боқиб катта қилишинг керак, деган тушунчани кичиклигидан миясига қуйишади.
Кейин ўзимиздаги Шавкат Мавлонов деган тиббиёт соҳаси билимдони айтган формула жуда аҳамиятли. Йигит 3 жиҳатдан тайёр бўлгандан кейингина уйланиши мумкин. Жисмоний ҳолат, иқтисодий таъминлай олиш ҳолати, энг муҳими руҳий жиҳат – жуфтини бахтли қилишга руҳан тайёр бўлиш ҳолати. Бизда кўпинча ана шу учинчи шартга эътибор беришмайди. Қолаверса, уйга тўртта нон кўтариб келишни ҳам уддасидан чиқмайдиган, аёлини топиб келганини еб ётадиган йигитларимиз ҳам бор.
– Аксар ўзбек аёллари пичоқ бориб суякка қадалгунча чидайди. Бу фазилатми, қусурми?
– Сабр, бардош, оила сақлаб қолинишига имкон бериш фазилат бу. Аммо буни иккинчи томон суиистеъмол қилмаслиги керак. Лекин, ишонинг, арзимаган сабаб билан ҳам ярим йил, бир йилда оилалар ажрашиб кетаяпти. Энг аввало болаларни касб-ҳунарга ўргатишимиз керак. Оилага пул топиб келиб, оилани йўлини тўғрилайдиган, яшаш учун шароит яратадиган болаларни тарбиялашимиз керак. Йигит топиб келиб, қиз уни эпламасдан, бир ёғини чиритиб, бир ёғини куйдириб ташлайверса, бу ҳам тўғри эмас. Эркак топиб келяптими, аёл киши ҳам эркакнинг ёнида туриб рўзғор манфаати учун нимадир қилса, топганини таъна қилмаса, барака бўлади. Шунда жанжал ҳам камроқ бўлади, деб ўйлайман.
– Зўравонлик сабаб ўз жонига қасд қилгунча аёл ажрашгани яхши эмасми?
– Аёлларнинг зулмга, ҳақоратга, камситилишга муносиб деб айтмоқчи эмасман. Йўқ, асло! Оиласида қадр топмаган деб ҳисоблаётган аёл чиқиб кетишга ҳақли. Бугунда ажрашиш уят бўлмай ҳам қолди. Лекин энди аёл янада кучлироқ бўлишга тайёр туриши керак. Ёлғиз аёл бўлиши осон эмас! Энди у ҳам ота, ҳам оналикни уддалай олса, ёлғиз аёл учун берилган ҳақ-ҳуқуқларни ўрганса, талаб қилса йўлини ўнглаб кетади. Ўзини ўлдириш бу ечим эмас, калтабинлик!
– Ёлғиз аёлнинг энг биринчи муаммоси нима?
– Уй-жой. Яшайдиган жойи бўлса, аёл 2-3 та болани бир нави қилиб боқиб олади. Бугунда ажрашган қизлар ота-она уйига сиғмай қолишяпти. Чунки уйнинг эгаси акаси ёки укаси. Аёл болалари кичиклигида уй-жой қилиб олиш учун четга чиқиб кетади. Уй битгач, кейин уларнинг ўқиши ва тўй, орзу-ҳаваслари деб яна муҳожирликда қолади. Бу жараён осон кечадими? Бу йўлда алданганлар қанча, сотилганлар қанча, соғлиғини йўқотганлар қанча? 400-500 доллар учун бир ой меҳнат қилади. Ўзимизда ҳам ҳозир 400-500 доллар олаяпти меҳнат қилаётганлар. Лекин бунинг учун диплом ёки тайин бир ҳунари бўлиши керак. Ёлғиз аёл субсидия билан уй олса давлат бошланғич тўловда яхшигина қўллайди. Лекин кейинги 75 фоизни тўлаш учун аёл қаердадир ишлаётган бўлиши керак-да.
– Бир диний уламонинг аёл фақат уч марта кўчага чиқиши мумкин, деган видеоси тарқалди. Бу гап ёлғиз аёлларга кўпроқ оғир ботганини ижтимоий тармоқларда кўрдик. «Болаларимни боқиш учун ҳар куни ишга бормасам бўлмайди» деган мазмундаги изоҳлар кам эмас эди...
– Аёл ҳам инсон-ку. Унга ҳам ҳаво керак. Қандай кўчага чиқмай боласини боқади. Ана шунақа ҳаётга, инсонларнинг турмуш тарзига ўзига хос қарайдиганлар ҳам бор-да. Мен «Имом Термизий» жоме масжиди имом хатиби Исҳоқжон Бегматовнинг ёлғиз аёллар ҳақида айтган гапларини ибратли, деб биламан. «Эри йўқ аёлнинг дарди кўп бўлади» дейди домла. Болаларини оёққа қўйиш учун ишлаб, ҳалол, покиза юрса ҳам эркаклар гап отиши, нотўғри кўз билан қарашини таъкидлайди.
– Ёлғиз аёл бўлиш қандайдир тамойилларга ҳам асосланадими? Она ажрашган, қизи ҳам ажрашган ҳоллар кузатилади. Ёки битта оилада 3 та опа-сингил ажрашгани бор.
– Қизни жойини топиб узатиш ҳам бир санъат. Яхши жойга муносиб ақлли, фаросатли қилиб тарбиялаш ҳам катта гап. Қизлари қолиб кетишидан қўрқиб лойиқ бўлмаган жойга узатганини, жанжаллар авж олганда тан олишади. Билимни, саводхонликни, тарбияни, ҳаётий тажрибани етишмаслиги сабаб бир тоифа ажрашган аёллар «ёлғизлик яхши» деб айтишади. Улар учун эркакнинг раъйига қараб, унинг хизматини қилиб, уни тушуниб, уни ҳурматини қўйиб яшаш осон эмасдек. Ёки улар эрининг уйида ҳаддан ортиқ зулм кўргану, ёлғизлик юки енгил бўлмаса-да, «ёлғизлик»ни ана шу юки билан яхши кўришади. Янаям билмадим.
Эркин яшаш, биров пишагини пишт демаслиги, хоҳлаганини еб, хоҳлаганини кийиб, хоҳлаган жойига бориб яшаш эркинлик-да энди. Эри уйида эрки бўғилган аёл ажрашгач ниҳоятда бахтли ҳис қилади шекилли. Бироқ, ўшалар ҳам ўрни келганда эзилади, ўзини бошқалардан кам ҳис қилади, ўзи ҳис қилмаганда жамият бирдамас-бирда унга умрининг кемтик қисмини эслатади. Қайси йили бир кўнгилочар газета қўлимга тушиб қолганда, ўқиб қолдим: «Эри йўқ аёл – қопқоқсиз қозон, итлар ялайди» деб ёзилибди. Ўқиётганим ҳикоя ҳам эмас, қисса ҳам эмас, шунчаки на мақола ва на бир жанри тайин бўлган саёз нарса эди. Қизиқиб суриштира бошладим. Матнни ёзган аёл таҳририятда ишларкан, эри бор экан, у билан бир хонада покиза, жамоада обрў-эътибори баланд ёлғиз аёл ишларкан. Жумла «итлар ҳам яламоқчи бўлади» дейилганда мен муаллифни холис деб билардим.
– Фейсбукдаги хотин-қизлар гуруҳида ёлғиз аёл ишлаётган корхона, ташкилотларда босимга учраши, командировкага, навбатчиликка ҳеч иккиланмай уни биринчилардан жалб қилиниши ҳақида пост шов-шувга сабаб бўлди.
– Бошлиғи эркак бўладиган бўлса, нафақат фалон ишни қил, балки ундан ҳам ортиқроқ босимлар ҳам бўлади. Энди ўзимизнинг бошимиздан ҳам ўтган, кўрганмиз кўпини. Буларни енгиб ўтиш учун ўша аёл ёлғизликни зиммасига олдими, шу қадар кучли бўлиши керакки, қонунни билиши керак, вазиятни чиройли ҳал қилиш учун тактикани билиши, асабийлашмасдан ўз ўрнини белгилаб бериши керак.
– Ёлғиз аёл ўзининг яқинларидан босимга учраган ҳоллар ҳам кам эмас.
– Бугунда чиққан қиз отаси уйига қайтар экан, кўп ҳолларда энди у бегонадек бўлади. Энди авваллардагидек, жиянни тоғаси уйидан тўй қилиб чиқариш, тоғаси уйига жиянга келин тушириш камчил манзара. Аёл ўз уйи учун ҳаракатга киришади. Кўп ҳолатда бу хорижга йўл билан бошланади. Баъзан шу аёл уй олгунича ҳам қўлламай, ижара уйларга чиқарганларни эшитганман. Хўш, четга чиқиб ҳам кетди. Шунда икки боласига қараётгани ёки шунчаки оналари касал бўлгани, деворлари қулаётгани ва ҳоказолар важи билан ака-укалар «талаши» ҳақида ҳам айтиляпти. Ҳамма эркакларни ёзғитмоқчи эмасману, аввал бизда Алпомишлар кўп эди, энди Альфоньслар кўпайган. Фақат эр Альфонслар эмас, ака, ука, ҳатто ота Альфонслар борлигига ишонаверинг. Юраги «тош» опа эса қизининг тўйида, ирим қилиб ёлғиз аёл жигарини ошхонага ўтқазиб қўйгани ҳақида йиғлаб айтилган ҳикояни тинглашга тўғри келди. Лекин опа ёки синглисини қўллаб, болалари тарбияси, уй-жойи қурилиши, таъмири, умуман, эркак аралашиши зарур бўлган жиҳатларда кемтикликни билдирмай келаётган қондошлар кўпчиликни ташкил қилади деб ўйлайман.
– Ёлғиз аёл болаларига умрини бағишлаб ўтказади. Ёлғиз аёл ва болалари муносабати...
– Аёл болаларини боқаман деб ишлади, ўқитаман деб ишлади, узатаман, уйлантираман, деб ишлади. Чет элда ишламагани мана шу ерда уч жой, тўрт жойларда ишлаб кечаю кундузи ухламасдан пул топиб, нон топиб, уй-жой қилиб болаларини вояга етказганларини биламан-да мен. Қатор ҳолатларда ана шундай оила болалари онага меҳр кўрсатиш, ҳурмат-иззатини жойига қўйиш, кўнглини кўтариш деган нарсаларни билишмайди. Аёл болаларига меҳр кўрсатишга вақт топмагани ёки оилада мувозанатни ушлаб турувчи оила бошлиғининг йўқлиги бунга сабаб, деб биламан. Кейин онаси йиллаб хорижда ишлаганидан кейин меҳрсиз болалар улғаяди-да. Лекин бу ҳолатларни умумийлаштириш керак эмас. Аёлларимиз болалари менинг фарзандларим каби Онани улуғловчи ўғил-қизлар бўлиб улғайишсин.
– Менталитетми, бизда эр-хотин ажрашдими, улар душманга айланишади...(жуда кам жуфтликлар бундан мустасно)
– Гоҳо «Куёвимиз наркоман экан, билмаган эканмиз» ёки «келинимни бошқа одам билан гапи бор экан» деганини эшитиб қоласиз. Қандайдир вақт ўтгач, қайсидир идорага ишингиз тушганда тасодифан шу «наркоман» сизга хизмат кўрсатади ва у ҳавас қилса арзигулик йигит, маълумотли мутахассис, қайтадан уйланган ва бахтли экани аён бўлади. «Бошқа одам билан гапи бор» дейилган келин қайтиб келиб яна иккита туққани, қайнона эса оғзини кўпиртириб, эгизак уларнинг зотларида борлигини айтаётганини тинглайсиз.
Ён қўшним келинини қўлидаги қизалоғи билан ҳайдади. Шундан кейин дурустгина ишдаги ўғлини шифохонага қоровулликка ўтказибди. «Алимент учун кичикроқ маошдаги иш керак экан» демайдими.
– Алиментни эслатдингиз. Сурхондарё вилояти Мажбурий бюро матбуот котиби Қобилжон Турсуновдан маълумот олдик. Жорий йилда Сурхондарё вилоятида алимент тўлашдан бўйин товлаб қочиб юрган 516 нафар алимент тўловчига нисбатан қидирув эълон қилинган экан. МИБ ходимлари шаҳарма шаҳар юриб уларнинг кўпчилигини топишган. Лекин бир неча кишини топишнинг иложи бўлмаган. Ана шундай «алиментчи»лардан бири «Ёр-ёр» кўрсатувига чиққани «МИБ»чиларга қўл келган.
– Ана шундай оталар ўзи нон еганда, ош еганда боласи кўз ўнгига келмасмикан.
– Ёлғиз аёллар мавзуси кўпхотинлик билан ёнма-ён тилга олинади...
– Баъзи эркакларимиз эмас, деярли кўп эркакларимиз битта хотинни ҳам эплай олмасдан юрганидан хабарим бор. Улар тўртта хотинни қандай эплайди? Мен жон дейман, агар битта одам тўртовини ҳам бахтли қилиб қўйса. Бунда мен нафақат моддий таъминотни, маънавиятни, ақл-фаросатни назарда тутаяпман. Кўпхотинликда иккинчи, учинчи аёл кимнидир бахтсиз қилиш эвазига бахтли бўлмаслиги керак. Лекин тўрталасини ҳам баравар бахтсиз қиладиган эркак биттасига ҳам муносиб эмас.
– Ёлғиз аёл ёлғиз аёлга босим ўтказаётгани ҳақида хабар келди...
– Бўшроқ ёлғиз аёллар бор-ку, ҳамма калтак ўшаларнинг бошига синади. Айнан бўшроқ бўлгани учун ўзини ҳам ҳимоя қилолмайди у. Курашолмайди ҳам, ўзига нисбатан қилинаётган жабр-зулмларга жавоб ҳам қайтаролмайди.Шаллақи бўлиш шарт эмас. Ҳақиқий жавоб бера олса етарли.
– Иккаламиз суҳбатда ёлғиз аёлларнинг барини жабрдийда, фариштамисол қилиб кўрсатмаяпмизми?
– Мен ёзган шеърлар, айтганларимда енгил-елпи, ажрашиши бу ҳамманики бўлишига хизмат қилаётган, ёлғизлиги қалқонлигида бировнинг бахтини тортиб олиб, иккинчи, учинчи бўлиб яшаётган, дачалар, базмларни «гуллатаётган»ни назарга тутмадим. Улар қўшиқларга арзимайдилар.
– Сизнинг «Ёлғиз аёл»ингизгача Абдулло Ориповнинг «Муқаддас аёл»ини билардик. Ҳозир ҳам шу мавзуда шеър ёки қўшиқни учратдингизми?
– Бир-иккита қўшиқ эшитдим. Лекин, менимча, юракка етиб борадиган даражада эмас. Қайси биттасини эркак ёзган эди хаёлимда. Эркак ёлғиз аёл дардини қандай тушунади?
– Мавзуга оид янги шеърингиздан парча тақдим қилоласизми?
Йиғлама бардошга бошингни уриб,
Сени дард қўлласин, кўз ёш қўлласин,
Зулмат қучоғидан – чинор ундирдинг,
Шохига тили қон қарға қўнмасин.
Одамлар айтмасин чўнг чинорингни,
Бу ёлғиз аёлнинг чеккан оҳи, деб.
Элатлар эгилиб келсин қошига,
Бу жой, пайғамбарлар саждагоҳи, деб.
Р.S: Мавзуни ўрганиш жараёнида бир клип эътиборни тортди. Азода деган қўшиқчи бор экан. Ютубда жойланган «Мен онамни бахтли қиламан» деган клипда эрининг, кейин яқинларининг уйидан болалари билан ҳайдалган ёлғиз аёл образи олиб чиқилган. Қўшиқ остида юзлаб аёл воқеа ўзи ҳақида деб билишни ёзган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter