Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Жиноятчиликка оид хабарларда ўзбеклар... «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (2-мақола)     

Жиноятчиликка оид хабарларда ўзбеклар... «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (2-мақола)     

Аслида Туркияга ишлаётган ўзбекларнинг асосий қисми ҳар қандай жиноий ишлардан узоқ, ҳалол меҳнати ортидан ризқ топаётгани бор гап. 

Аммо, Туркия оммавий ахборот воситаларидаги жиноятчиликка оид хабарлар орасида Ўзбекистон номи тилга олингани ҳам, афсуски, кам эмас. Гарчи, уларнинг бирида Ўзбекистон фуқароси жабрдийда, бошқасида айбланувчи ўлароқ танитилса ҳам, барибир оғриқли мавзу бу.

«Xabar.uz» Туркия ОАВ ларида cўнгги бир ой (1 ноябрь – 1 декабрь) давомида жиноятчилик ва ўзбеклар мавзусидаги чиқишларни ҳеч бир шарҳсиз, таҳлилсиз, ўзлигича тақдим қилишга қарор қилди.

Мавзуга оид: Ўртачи орқали турк-ўзбек никоҳи қанчага тушади? «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (1-мақола)  

Совуткичга жойланган жасад

2 ноябрда «Cumhuriet» нашри ўзбекистонлик аёлни ўлдирган шахсга нисбатан  суд ҳукмини чоп этди. Айблов хулосасида ёзилишича, 61 ёшли Риза Белер бирга яшаб келган аёлни ўлдириб, жасаднинг қўлларини кесган ва совуткичда сақлаган. (Афтидан, аёлнинг қўллари кесилиши совуткичда сиғдириш мақсадида бўлган).  Ўзбекистонлик 40 ёшли У.Т. ва эркак уч йилдан буён бирга яшаб келишган. 

Воқеа Истанбулнинг Баҳчелиевлар мавзеидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Ўзаро тортишувлардан сўнг ётоқхонадаги аёлнинг орқасидан кирган эркак, унинг боши, юзи, бўйнига тош билан аёвсиз зарбалар берган. Маълум бўлишича, эркак мана шу тошни уч ой аввал уйга олиб келиб қўйган. Яъни, у жиноятга уч ой тайёрланган. Жиноят жараёни 45 дақиқа давом этгани қайд этилган.

Суд материалларида, эркак ва аёл расман эр-хотин бўлмагани, шу сабабли улар ўртасида садоқат мажбурияти ўрганилмаслиги таъкидланган.

Маҳкама Риза Белерни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бир тумандаги рейдда 50 нафар фоҳиша қўлга олинди

10 ва 12 ноябрда «Cumhuriet» нашри Текирдағда ўтказилган тадбирларнинг бирида 3 ва бошқасида 4 нафар ўзбекистонлик аёл  (37, 40 ёшлилар ҳам бор) фоҳишаликда гумонланиб қўлга олинганини ёзган.

Лекин, бу рақамлар Сакаря вилоятида ўтказилган рейд ҳисоботидаги олдида ҳеч гап эмасдек туюлади.  

«Medyabar» телевидениеси ва нашри Сакарядаги ҳуқуқ-тартибот органлари 25 ноябрь оқшомида Карасу туманидаги 10 га яқин манзилда режали тадбир ўтказгани ҳақида материал тайёрлади. Фоҳишахоналардан олиб чиқилган  61 аёлнинг  49 нафари Ўзбекистон (8 нафари Озайбайжон ва 4 нафари Туркманистон) фуқароси экани маълум бўлган. Яна бир ўзбекистонлик З.К эса ушбу аёлларни сотиш орқали интим хизматларни ташкил этгани таъкидланган. Бир неча фоҳишахона ташкил қилиши учун аёлга жой берган яна беш нафар Туркия фуқароси ҳам жараёнда қўлга олинган. 

Аёллар 26 ноябрь куни тиббий кўрикдан ўтказилганда, уларнинг 4 нафарида орттирилган иммунитет танқислиги вируси (ОИТС) аниқланган. 

Айтилишича, полиция қўлига тушиб қолган, мижозлар номи қайд этилган дафтарда 1000 дан ортиқ турк эркаклари исм-шарифи бор экан. 

(Дунё бўйлаб ОИТС касаллигини юқтириш 38 фоизга камайган бир пайтда Туркияда сўнгги 10 йилда бу кўрсаткич 8-10 баробар ошган).

Болакай ўлди, опаси қамоқда, онаси тақиқда...

19 ноябрда «Cumhuriet» нашри Истанбулнинг Фотеҳ туманида Ўзбекистон фуқароси, 7 ёшли С.Н. нинг ўлими тафсилотларини ёзган.

Маълум бўлишча, Фотеҳ туманидаги хонадонлардан бирида ўзбек аёли Н. 4 нафар фарзанди билан яшаб келган. Жума оқшомида 7 ёшли болакай шўхлик қилаверганда, 19 ёшли опаси М.Н. уни урган,  дейилади хабарда. Шундан кейин бола қайт қилган. Сўнгра ҳушини йўқотгандек бўлган. Уни тўшакка ётқизганда, бола қимирламай, жимиб қолган. Онаси «тез ёрдам» чақиртирган.

Шифокорлар бола ўлимини қайд қилишган. Етиб келган полиция ходимлари жасадни тиббий эскпертизага жўнатишган.  Опаси ва онасини эса полиция идораси олиб кетишган. Улардан кўрсатма олинган. Онага Туркиядан чиқишга тақиқ қўйилган ҳолда жавоб берилган, қизгина ҳибсга олинган.

Оиладаги икки нафар вояга етмаган бола эса «Болаларни ҳимоя қилиш агентлиги»га топширилган. 

Аёл тўппончадан отди

22 ноябрь, «Haberturk» нашри тезкорлик билан янги хабарни улашди.

Киркларели мавзеидаги кўнгилочар муассасада ишлайдиган ўзбекистонлик аёл мижоз бошига қарата тўппончадан ўқ узган. 26 ёшли Г.Т.  ва мижоз Мурт Аят ўртасида аччиқ-тизиқ гаплар бўлган вақтда аёл жиноятга қўл урган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, воқеа 21 дан 22 ноябрга ўтар кечаси, ярим тунда  содир бўлган.

Воқеани яқиндан кўрган кўнгилочар даргоҳ ишчисининг айтишича, Г.Т. ва мижоз ўртасида жанжал чиққанда, аёл Мурат Аятнинг белидаги тўппончасини шартта олганда, унга қарата уз узган. Ўқ мижознинг бошига теккан.

Жиддий жароҳат олган Мурат Аятни «тез ёрдам» гуруҳи зудлик билан давлат шифохонасига олиб борган. Воқеа жойидан қочган аёлни полиция топган ва ҳибсга олган. Шунингдек, муассаса эгаси А.С. ҳам қўлга олинган. Лекин, унга мамлакатдан чиқмаслик тақиқи билдирилгач қўйиб юборилган.

Кислотада куйган маъшуқа

30 ноябрь куни «Cumhuriet» нашри ўзбек аёлининг юзига кислота сепиб, ўлимига сабаб бўлган шахсга нисбатан ҳукм ўқилгани ҳақида хабар берди.

Воқеа Денизли (Истанбулдан  580 километр масофадаги шаҳар) меҳмонхоналаридан бирида бўлиб ўтган. 44 ёшли турк фуқароси Ўзгур Г. дам олиш кунларида Истанбулдан келган ўзбекистонлик 27 ёшли аёл С.Қ ва унинг 23 ёшли қирғизистонлик дугонаси билан биргаликда меҳмонхонага борган. Шу ернинг ўзида Ўзгур ва С. Қ. ўртасида рашк ва ишончсизлик туфайли келишмовчилик юзага келган. Эркак ўзбек аёлининг телефонини текшириш учун сўраганда, талаби бажарилмагач, жазаваси қўзғайди. Аёлнинг юзини  тирнаб, қонталаш қилади. Сўнг меҳмонхонанинг буюмлар сақлаш бўлимидан, ташриф чоғида қўйган сумкасини олиб хонага қайтган. Сумкадан кислота идишини олиб қопқоғини очган ва қўрқувдан бир-бирини қучоқлаб олган аёллар юзига қарата сепган. Кислотадан юз-кўзлари куйган аёллар ёрдам сўраб бақирган. Жиноятчи қочган. Тезкор қидирувда уни қўлга олишган.

Иккала аёл ҳам олган жароҳатлари туфайли шифохонага ётқизилган. Қирғизистонлик қизга даволанишдан сўнг жавоб берилган. Аммо, жиноятчининг асл мўлжали бўлган ўзбек аёлига танасининг кўп қисми куйгани сабаб 3-даражали куйиш деб ташҳис қўйилган. Шифокорларнинг беморни сақлаб қолиш учун қилган ҳаракатларига қарамай, воқеанинг 38 кунида ўзбекистонлик аёл шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Денизли прокуратураси жиноятчига икки модда билан «Қасддан жароҳат етказиш» ва «Одам ўлимига сабаб бўладиган жароҳат етказиш» айбларини қўйди. Суд жиноятчига 19 йил озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм ўқиган.

2005 йилда қайнонасини ўлдиришда айбланиб қамалган Ўзгур, шундан сўнг оила қурмаган. Зўравонлиги вақтида кислота Ўзгурнинг ўзига ҳам сачраган. Натижада у ўнг кўзидан айрилган.

«Она, у ерда ёмон ишлар бўлаяпти...»

1 декабрда «Veryansin» телевидениеси ва нашрининг навбатдаги лавҳаси ўзбекистонлик аёлнинг боласи йиллар давомида мадрасада зўрлангани ҳақида бўлди.

Ўзбек аёли Ҳ.Р 2016 йилда турк фуқаросига турмушга чиққан. Ўшанда бирга олиб келган ўғли 11 ёшда бўлган. Оила қурганларидан бир ой ўтганда аёлнинг эри бола унинг онасига номаҳрам экани ва болани мадрасага беришларини айтади. «Эрим ва қайнонам болани шунчаки уйда ортиқча деб билдилар ва ётоқли мадрасага бериб ундан қутилмоқчи эдилар» дейди интервьюсида аёл. 

Кунларнинг бирида бола мадрасадан қочади. Топилганда, онасига бор гапни айтади. «У ерда ёмон ишлар бўлаяпти. Бир бола амаким полицияда ишлайди. Айтганимга кўнмасанг, сен хорижликсан, қочоқсан (қочоқ нолегал, яшаш учун ҳужжат расмийлаштирилмаган дегани) мамлакатдан чиқартириб юбораман, шунда онангдан айриласан дейди».  Маълум бўлишича, ўзбек боласидан тўрт ёш катта  мадраса талабаси уни шу зайлда зўрлаган.

Бола шу сабабли бир неча марта ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, томирини кесган, дори ичган. Она эридан яширинча уни психологга олиб борган. Мадраса домласи билан гаплашган, аҳволни тушунтирган. Шунда зўравон бола мадрасадан ҳайдалгани, ўзбек боланинг йўқлигини бош домла билмасидан мадрасага қайтариш кераклигини айтишган. Натижада болани яна мадрасага олиб боришган.

Аёлнинг айтишича, бир ҳафтадан сўнг бола яна қўнғироқ қилган... Зўравонлик яна давом этаётгани, камига бировга айтса, ўзини шарманда қилишлари билан тажовуз қилишаётганини гапирган.

«Эрим мадрасага алоқадор бўлган Исмоилаға жамоатидан бўлгани учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишимга қарши бўлди. «Болангни олиб қўйишади» деб қўрқитарди» дейди ўзбек аёли.

Аёл ҳозирда жоҳил эри билан ажрашган. У узоқ вақт сукут қилгани ҳақида «Турк фуқаролигини олганимда ўғлимга бўлган зўравонларни жавобгарликка торттираман деб ўзимга сўз берганман. Мана вақти келди», дейди.

Анадолу прокуратураси қўзғатган жиноий ишда Хиранур жамғармасига қарашли мадраса ўқитувчиси А.К. воқеадан хабардор бўлиб, вақтида тегишли идораларга хабар бермагани учун унинг ҳаракатсизлиги борасида алоҳида иш очилиши айтилган.

***

Очиғи, сўнгги ойда Туркия нашрлари, телевидениеси, радиоси эълон қилган хабарлари орасида  ўзбекка тегишлиси яна бор эди... Туркияда биров эшитиб, биров эшитмаганларини шунчаки четлаб ўтгимиз келди. Юқоридаги хабарларда илова қилинган портрет фотосуратлардан эса фойдаланмадик, очиқ ёзилган исм-шарифларнинг фақат бош ҳарфларини қўйдик... Лекин, юракни увуштирадиган хабарларни биз тўқимадик, уларга биров буюртма беролмайди. Фақат ишора қилмоқчи бўлганимиз – ичкарида айтмаганимиз билан, ташқарида шунча гапимиз бор экан...

Яна шуни ҳам таъкидлашни истар эдик, Туркияда иши, ҳаёти, иқтидори, юриш-туриши, тарбияси билан ўзбекнинг номини кўкка кўтараётган ватандошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Келгуси мақолалардан бирида айнан шундай инсонлар ҳақида ҳикоя қилишни режалаштирганмиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг