Қизларнинг мўйлаби ёки амалдорнинг катта қорни... Ўзи нима муҳим?
Халқнинг ишонган вакиллари —вазирлар, депутатлар, ҳокимларнинг қовун тушириши, тез-тез ўзларининг «қимматли» таклифлари билан ижтимоий тармоқдаги трендларни янгилаб туриши янгилик бўлмай қолди — кўникдик, бори шу, бошқасини қаердан топамиз.
Узоққа бормайлик, яқин уч ойда бир эмас, икки эмас, нақ беш нафар «ишонган тоғ»ларимиз катта-катта қовунни тушириб, ёрибам ташлашди. Эсингизда бўлса, сайлов арафасида «Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни солиққа тортишни таклиф қилганди. Ҳурматли депутатимизнинг жарангдор даъватини биз унутган бўлсак-да, четда юрган минглаб мигрантларимиз ҳатто ёд ҳам олишган:
«Тараққиётимиз учун солиқларнинг ўрни жуда муҳим. Нима учун бизда мигрантлар хорижда ишлаб, даромадидан солиқ тўламаслиги керак? Мигрантларнинг оиласига жўнатган пулидан солиқ ундирилса мамлакат тараққиёти учун ишлатиларди. Шунинг учун келинглар, ватанпарвар бўлайлик, мигрантлар ҳам мамлакат тараққиёти учун солиғини тўласин».
Кейинги қовун тушириш бўйича эстафетани президент сайловида Халқ демократик партиясидан номзод – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова олди. Яъни, пиво истеъмол қилиш аёлларда тестостерон гормони миқдорининг ошиши, лаб устида мўйлар ўсиб «пиво мўйлаби» пайдо бўлишига, шунингдек бепуштликка сабаб бўлиши мумкин, дея парламент қуйи палатаси сайтида мақола эълон қилди. Асли касби шифокор бўлган Ворисованинг ёзишича, «аксарият касалликларнинг олдини олишда инсоннинг кечираётган турмуш тарзи катта аҳамиятга эга». (Эслаб қолинг, кечираётган турмуш тарзи иборасини).
«Бир кило озганга 500 минг сўм берамиз», дея мурожаат билан чиққан Фарғона ҳокимининг қайд этишича, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида вазн ташлаган шахсларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бунда вилоятда яшовчи меъёрдан ортиқча вазнга эга фуқаролар, махсус дастур доирасида рўйхатдан ўтиб, ортиқча вазнни йўқотишга эришсалар, ҳар бир килограм озиш учун 500 минг сўм миқдорида пул берилади. Барча ижро органлари бу тажрибани оммалаштириш бўйича иш олиб борадилар. Бу борада махсус низом ишлаб чиқилади. Дастурда иштирок этиш истагидаги фуқаролар яшаш жойи бўйича поликлиникада вазнни тортириб, қайддан ўтишлари керак бўлади. Олти ойдан сўнгра такрорий кўрик ўтказилади, бир йил давомида қайд этилган натижага кўра, энг камида 5 кг вазн йўқотишга эриша олган фуқароларга тўлов амалга оширилади.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ваъдаси Фарғона ҳокиминикидан ҳам қуюқ бўлди: «Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан чиқиб бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларнинг барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман. Агарда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва уларнинг атрофидагилар уч ой давомида хонадонлардаги фуқароларни пиёда юришга жалб этишни ташкиллаштириб берса, уларни Дубайга юбораман». Ҳоким президентимизга «андижонликлар ҳаммамиз юрамиз», деб ваъда бераркан, оддий халққа эса рағбат, мукофотни «қуюқ қилади».
Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Қашқадарё вилоят ҳокими в.б Муротжон Азимов: «Янги йил якунида ажримлар содир этилмаган ҳар бир маҳалла раисига, маҳаллий бюджетлардан 5 млн сўмдан 10 млн сўмгача мукофот пули беришни йўлга қўйсак, депутатларимиз бунга қарши бўлишмаса, ажримлар кузатилмаган маҳаллалар раисларини юртимиздаги энг яхши санаторияларга ҳам юборамиз», — дея барчани ажрашмасликка, ҳўлу қуруқни баравар ёнишга чақиради...
Шуларни ёза туриб саволлар туғилади. Наҳотки депутат Алишер Қодиров юртимизда минглаб ҳамюртларимиз четга ишлашга кетаётганининг сабабларини билмаса? Уларни ортга қайтариш, депутат сифатида иш ўринларини яратиш таклифлари билан чиқиш хаёлига келмаса? Қанчадан- қанча болалар бугун отасиз, онасиз вояга етаётганини, бунинг ортидан меҳрдан мосуво авлод пайдо бўлаётганини кўрмаса?
Яна бир депутатимиз М.Ворисова балки шифокор сифатида соғлиғимизга қайғуриб тўғри маълумотларни бергандир. Аммо қанчадан-қанча қизларимиз совуқ уйларда бош ювиб касал бўлаётганини билмаса. Қанчадан-қанча аёлларимиз репродуктив саломатликдан бебаҳра яшаётганидан хабари бўлмаслиги мумкинми? Журналистларнинг шунча бонг уришига қарамай аёлларнинг таппи қўли тренддан тушмаяпти. Ворисова шифокор сифатида таппининг зарарли тутуни, уни қўлга ушлаганда юқадиган микроби ҳақида билмайдими? Қишлоқларда аёллар турмуш тарзига қанчалик риоя қилади ва бунинг имкони қай даражада?
Халқимизга кетма-кет мурожаатлар билан чиқаётган ҳокимларчи? Шундай чиқишларнинг ўрнига халқнинг мурожаатини, ноҳақликларни бартараф қилишларига бош қотиришини истардим. Ҳал бўлиши қийин масалаларга ўзининг кучи етмаса президентга мурожаат билан чиқишларини истардим. Қизиқ, юртимизда пиво ичадиган аёллар кўпми ёки бошини совуқ уйларда ювадиган аёлларми, ёки таппидан қўли чиқмаётган келинларми? Ёки юртимизда қони кам, тўйиб овқат емаётган аёллар, болалар кўпми, қорни катта амалдорларми? Ўша ҳоким фуқароларига маълум муддатда қорнингни йўқотмасанг, вазн ташламасанг ишдан кетасан, ишга олинмайсан ҳеч қаерга, деган масалани кўндаланг қўйса адолатлироқ бўлармиди?
Ёки ажримлар, яраштириш масаласи. Наҳотки, қашқадарёлик ҳокимимиз ўз жонига суиқасд қилаётган аёллар, ҳеч ким ажраштирмагач, яраштириб қўявергач, бир-бирининг қотилига айланган эр-хотинлар, аламзада келинининг қурбонига айланган қайноналар ҳақида билмаса. Ўша пулни балки, бир-бири билан келишмаётган оиланинг камини бутлаш учун берилса йўқчиликдан юз бераётган жанжаллар барҳам топар. Маҳалла раисини санаторияга эмас, асаблари таранг бўлган келинни, қайнона ёки эрни санаторияга дам олишга жўнатиш керакдир?
Нима учун муаммога ечим топишга бош қотиришдан ҳам кўра, осонгина рағбат билан муаммони яшириб газак олдириш керак?
Трендга айланган қовун туширишларни муҳокама қилган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «нимага булар шундай фикрлайди», деган изоҳларни ёзишади. Ростдан ҳам савол туғилади, нимага шундай фикрлайсизлар? Бошқа таклиф билдиришга, жўяли ечим топишга наҳотки ақлларингиз етмайди, десам иззат нафсларингизга теккан бўламан. Аммо айтилган фикрга қараб халқнинг ўзи сизларга баҳони бераверади. Шунинг учун балки жим туриш керакдир, агар жўяли таклиф, фикр бўлмаса. Ўша охирги ҳам барчани ўйлантираётган катта «МУАММОЛАР»: умуман ривожланишимиз учун нима муҳим – қизларнинг мўйлабими ёки амалдорнинг катта қорни?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter