Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Қишлоқда бир кун лойиҳаси: «Қир ортидаги ҳаёт...»

Қишлоқда бир кун лойиҳаси: «Қир ортидаги ҳаёт...»

Фото: Xabar.uz

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали «Қишлоқда бир кун» лойиҳасини йўлга қўйди. Мухбиримиз Бойсундаги қирлар ортида жойлашган Инкабод маҳалласига сафар уюштирди ва у ердаги аҳолининг, аёлларнинг осон кечмаётган турмуши, муаммолари билан танишди.

Тоғли ҳудудларда қиш эрта бошланади. Ноябрь ойиданоқ одамлар печка ёқишни бошлаб юборишади. Сурхондарёнинг Бойсун тумани пурвиқор тоғлари оппоқ қор билан бурканганига анча бўлган. Демак, бу ерларда изғиринли кунлар эрта бошланган.

Бойсундаги ўша ҳаммага маълум ва машҳур 2017 йилдан бери «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли бўлган «Омонхона» даволаш  маскани бу кунларда жуда тинч. Ҳайдовчи йигит  Жўрабекнинг айтишича, ёз фаслида бу ерда одам гавжум бўлармиш.

«Омонхона»нинг ҳар бир зинасигача мармар тошдан қилинган, уларни санаб адоғига етолмайсиз. Мана шу ерга беш юз метр ёки  бир километр узоқликда аҳолиси тарқоқ жойлашган Инкабод маҳалласидагилар лойли йўллардан юришини тасаввурингизга сиғдиролмайсиз, токи қирнинг ортига ўтмагунингизча...

Қишлоқ оралаб юрарканмиз, ҳовлида ҳамсояси билан гурунглашиб нон ёпаётган келинни кўрдик. Бу келиннинг тўрт эгизи, яна икки нафар фарзанди бор экан. Биз муддаомизни — қишлоқ аёлларининг ҳаётига қизиқаётганимизни айтдик.

— Йўқ мени ёзманг, илтимос. Мен яхши яшаяпман. Ҳаётимдан розиман. Турмуш ўртоғим яхши инсон, оилапарвар, — дейди 35 ёшли Мавжуда Воҳидова.

— Бошқача ҳаётни ҳам орзу қиласизми?

— Билишга қизиқмаганман, айтаяпманку, мана уйим-жойим бор. Мен нолиган аёлларни ёмон кўраман. Худди турмуш ўртоғидан нолиётгандай бўлишади. Болаларимнинг отаси эса жуда яхши инсон, қўлидан келгунча бизга шароит яратиб беришга ҳаракат қилади.

— Турмуш ўртоғингиз нима иш қилади?

— Тўғри келган ишни қилади.

— Сир бўлмаса қанча топади?

— Хўжайиним узоқроқ жойларга ишлаш учун олтита бола билан мени ёлғиз ташлаб кетолмайди, бир кунда 50-60 минг сўм топади, шу қишлоқдан иш чиққан кунлари.

— Сиз ишламайсиз...

— Иш йўқ-ку.

— Болаларингиз учун пул оласизми?

— Йўқ. Маҳаллага чиқсам, ишлайдиган эринг бор дейди. Ёлғон бўлмасин, бир марта озиқ-овқат беришди. Ўт қопимни олдирганман. Кеча шифохонага борсам 450 минг сўмлик дори ёзиб берди. Хўжайиним ўша дориларни олиб бериш учун ишга чиқиб кетган.

— Мен буларга қайнсингилман. Ёзинг шуларни, қаранг тўртта эгизаги бор, — дейди яна бир аёл Дилафруз Раҳимова...

— Йўқ ёзманг опа, мен ҳаётимдан розиман деяпман-ку, — дейди Мавжуда тандирга нон ёпиштираркан.

— Юринг бизнинг уйимизга, — дейди Дилафруз... Биз ўша хонадонга йўл оламиз.

— Болаларингиз қани?

— Мактабга кетишган. Мана бу болаларнинг дарс қиладиган столи, энди уйга олиб кирамиз. Ёзда мана шу ҳовлида ётишади.

— Қизиққаним учун узр. Сир бўлмаса болларингизга нонуштага эрталаб нима тайёрладингиз?

— Шира чой, кейин мураббо ёпганман, ўшаларни ейди. Мениям турмуш ўртоғим тўғри келган ишни қилади. Бошқа жойга ишлашга борай деса кичкина боламнинг мазаси йўқ, ташлаб кетолмайди. Ҳозир яхши, бир йилдан бери «судоргиси» (эпилепсия) тутмай қўйган. Аммо «карбамапезин» деган дорини уч кундан бери ичиролганимиз йўқ. Шу кунларда турмуш ўртоғим пул ишлаб келса олиб бераман. Ўзи атиги 50 минг сўм туради. Бир иккита мол-ҳолимиз бор, сотганимиз билан сув текинга кетади. Бу йил боғимизни сел ювиб кетди.

— Ичимлик суви борми?

— Ҳар замонда кранга сув  келади, аммо у сув аччиқ ва шўр. Шунинг учун ёмғир ва қор сувини мана бу бочкага йиғиб ичамиз. Бундай мослама ҳар бир хонадонда бор... Юринг, мана бу қўшнимизникига. Ҳай, Марзия хола журналист опа кепти. Аёлларнинг ҳаётини ўрганиб юрган экан, балки бизга ёрдами тегиб қолар.

Биз қўшни хонадонга йўл оламиз...

 — Уч нафар ўғлим бор. Ҳар жойда ишлашади. Иш йўқ. Мени ўпкамдан ҳар ой сув олишади. Унгаям пул керак. Нафасим қисаяпти, — дейди оила бошлиғи Луқмон Воитов. — Оилада етти нафармиз. Ана бир ўғлим янтоқ чопаяпти. Мол-ҳол қилайлик, десак емиш қиммат.

— Бир ойга неча сўмлик кўмир ёқасизлар?

— Бир миллион сўмга яқин кўмир ёқамиз. Тоза сувнинг тоннасини 250 мингга сотиб оламиз. Тасаввур қилинг. Уч ой қиш кўмир ва сувга тўрт миллион пул сарфлаймиз. Бу ерда қиш уч ой эмас, беш ойга чўзилишини ҳисобга олсак, беш-олти миллион маблағ кетади. Айнан мана шу даврда ҳеч қандай иш бўлмайди бизда. Пенсиямизни нимага етказамиз — ун оламизми, сув оламизми, кўмир оламизми, касалимизни даволаймизми? Майли, буларни ҳам қўя туринг. Болаларимиз анави кўриниб турган мактабга тиззаларигача лойга ботиб бориб келади. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Асфалтдан-ку умид қилмаймиз, ҳеч бўлмаганда тош тўкиб беришсин йўлларимизга.

Биз «Омонхона» сиҳатгоҳи атрофида қайсидир юмуш билан йиғилиб турган одамларга юзланамиз.

 

— Ёшим 45 да. Чолим вафот этган. Ўгай ўғилларнинг қўлида қолганман, — дейди гиёҳ сотувчи Феруза Эрдонова. — Маҳалладан «Темир дафтар»га киритишларини сўрасам мана бу бизнесинг бор-ку, дейишади. Ахир буларни сотиб олишга маблағ сарфлайман, кунда сотсам 50 минглик гиёҳ сотаман. Ахир, мен болаларим учун боқиманда бўлиб қолишим керак эмас.

— Менинг чолим ногирон, юролмайди, инсульт бўлган, — деб гап бошлайди кекса онахон Насиба Аширбоева. — Анави тоғнинг ортидан, яъни бир ярим километр йўл босиб тушиб келаман.

Шу ерда онахона кўзларига ёш олади.

— Ўн минглик дори олишим учун мана шу ердан Бойсунгача йигирма минг сўмлик таксига пул сарфлайман.

— Бу атрофда дорихона йўқми?

— Йўқда, — деб гапга аралашади такси ҳайдовчиси Норбой Жабборов. — Буларнинг чоли касал бўлиб, тез ёрдам чақирсак бир ярим километр пастда қолади машина. Келган шифокор оёғига этигини кийиб, қир ошиб касал кўргани боради. Агар касални олиб кетиш керак бўлса, онахоннинг фарзанди йўқ, мана бу ердан йигитларни ёрдамга чақиради, отани гиламга ўраб машинагача тўрт киши кўтариб келади. Энди тасаввур қилинг, бу отахоннинг яна тўрт нафар қўшниси имконияти чекланган, тез-тез тиббий ёрдамга муҳтож.

— Мен «Омонхона»га бир километр узоқликда анави қирнинг орасида яшайман. Қизим мактабга қатнайман, деб совуқда қолиб кетди, касал бўлиб қолди. Даволатиш учун 6-8 млн пулим кетди, — дейди Х.Нуриддинов. —Эрталаб чиқиб кетган болаларимиз қоронғуда кириб келишади уйга...

Аҳолининг айтишича, дастлаб вилоят ҳокими тош тўкиш ҳақида қарор чиқарган, кейин негадир туман ҳокими бу қарорни бекор қилибди. Бундай жавоб хатлари уларда жуда кўп эмиш. Ҳар сафар бир хил жавоб: «албатта қиламиз». Яқинда қотиб ётган йўлни суришибди тош тўкамиз, деб. Нимагадир тош тўкилмай, баттар лой бўлиб, аҳолининг бор куниям ҳам йўқ бўлибди... Энди тош тўкилиши ҳужжатда кўрсатилганидек 2022 йилги дастурга киритилиши кўзда тутилаяпти экан. (Биз ҳам шуни мутасаддилардан сўраб қоламиз).

Ортга қайтгунимизча тушдан кейин бўлиб кетди. Автоуловлар ғир-ғир ўтиб қайтаётган катта йўлнинг чеккасида кетаётган болакайни тўхтатиб машинага миндирдик, йўл-йўлакай суҳбатлашдик.

— Исминг нима?

— Жўрабек.

— Нечанчи синфсан?

— Иккинчи.

— Каттарсанг ким бўласан?

— Дўхтир.

— Қандай беморларни даволайсан?

У жим бўлиб қолди, бир пасдан кейин айтди:

— Ҳали ўйлаб кўрмадим.

— Қаерда тўхтатайлик машинани?

— Мана шу ерда.

— Уйларинг қани?

— Ҳайла.

Биз машинадан тушиб ён-атрофга қарадик. Уй кўринмади...

— Бу ўртада уй йўқ-ку.

— Анави чуқурлик ва қирлардан кейин бизнинг уйимиз келади.

Эҳе, яқин деганиям, ҳайла деганиям бор бўлсин. Биз қанча қидирмайлик  қирлар орасидан  уй тополмадик. Миттигина болакай ўша қирларни ёлғиз ўзи оралаб кетди. Ахир, у эртароқ уйга бориши, дарс қилиши, яхши ўқиши, келажакда дўхтир бўлиши керак...

Ортга қайтиш асносида жуда кўп саволлар оғушида қолдик. Нимага ўша ерлик аҳоли Омонхона булоғидан чиққан сувни сотиб олиши керак, нега сиҳатгоҳ масъуллари (ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққимиз йўқ) инсонийлик жиҳатдан ён-атрофидаги аҳоли учун йўлларга тош тўкишга ҳомийлик қилиши мумкин эмас, нимага қишлоқда битта дорихона йўқ, иложи бўлмаса, ҳафтанинг маълум кунларида кўчма дорихоналар ташкил қилишнинг имкони йўқми, «Аёллар дафтари», «Темир дафтар»лар йўқми, бор бўлса, нега бу маҳалладаги аҳолининг ҳаёти ночор...

Ана шу имконсизлик ҳақида ўйлаганимда Хитойнинг Сичуан вилояти тик тоғларида унутилган Атулеэр қишлоғини айтиб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман. Бу қишлоқ денгиз сатҳидан 1,4 минг метр баландликда, жарлик тепасида жойлашгани боис дунёга машҳур «булутлардаги қишлоқ»га айланган. Қишлоққа  боришнинг ягона йўли 800 метрли зинапоя бўлиб, унга қараган одамнинг боши айланади. Тик бўлгани боис, кекса одамлар қишлоқдан йиллар давомида чиқмагандилар. Болалар мактабга бориш учун эса эски арқон нарвондан икки соат вақтини йўқотиши керак бўларди.

Атулеэрдаги ўзгаришлар ана шу зинапоядан бошланган. Дастлаб бу зина металлдан ясалди. Си Цзиньпин шахсан Сичуан раҳбариятига  аҳолини кўп асрлик қашшоқликдан «тортиб олиш» ва уларни цивилизация билан «таништириш»ни буюрди. Маҳаллий ҳокимият органлари 2020 йилнинг июнь ойи охирига қадар белгиланган муддатда тоғнинг пастки қисмига арзон ва қулай нархларда замонавий уй жойлар қуриб тепадаги аҳолини кўчирди. Кекса авлод лойдан қурилган уй-жойлари билан бирга бошқа кўплаб урф-одатлар унутилиб кетишидан хавотирда эди. Бироқ, маҳаллий аҳоли, бир мунча вақт ўтгач барча қулайликларга эга бўлган шаҳар ҳаётига кўникишди.

Ҳатто ўрта маълумот ҳам олмаган ёшлар интернет орқали пул топишни ўрганмоқда. Ёшлар ўз блогларида тоғли қишлоқ, одамларнинг яшаш тарзи ҳақида қизиқарди маълумотларни жойлаштириб пул ишлайдилар. Бизда эса қишлоқда, республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳаёт юқорида таърифлаганимдек давом этади.

Ахир 800 метр тепаликка металлдан кўприк ясашнинг иложи топилганида, йўлларга наҳотки оддий тош тўкишнинг имкони бўлмаса?

Мақола ёзилиши асносида суҳбатлашганларимдан бир аёлга қўнғироқ қилдим — боласининг мазаси қочиб қолибди. Ярим кун тез ёрдам, такси чақириш билан овора бўлибди, кейин қўшни қишлоқдаги қариндошининг «Жигули»сида дўхтирга етиб олибди. «Опа турмуш ўртоғим 200 минг ташлаб кетди, уларга ҳали дори, ҳали яна бирон нарсалар сўраб туришим учун телефон қилай десам телефонимнинг пули тугабди, 25 минг ташлаб туроласизми» — деди ийманибгина...

Шунақа, ҳурматли шаҳарда, туман марказида яшаётган ҳамюртлар ва масъул раҳбарлар. Сиз эрталаб болангизга сархил овқатларни едираётган бир пайтингизда уларнинг болажонлари шира чойни ичиб, мактабга отланадилар, сиз болангизни таксига ёки шахсий автомашинингизда жўнатиш устида танлов қилаётганингизда, улар пойи пиёда, тиззасигача лойга ботиб йўлга тушади, сиз бетоб бўлиб ўзингиз учун қулай шифохонани танлаётган бир пайтингизда, улар туман марказидаги шифохонага етиб ололганига хурсанд...

Чунки уларда бошқа танлов йўқ... Танлаш учун имкон, чора, маблағ ва эътибор йўқ... Ишонмасангиз, биз юрган йўллардан юриб, ўзингиз гувоҳи бўлинг, бир кунингизни бағишлаб уларнинг уйида меҳмон бўлинг, огоҳлантирмай шунчаки йўл-йўлакай кириб ўтинг... шунда, шунда озроқ қалбингиз юмшаса... шунда ёзганларимиз рост эканлигига ишонасиз, айтганча бундай буёғи лойгарчилик, оёғингизга қўшимча пойабзал — этик олишни унутманг!

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг