Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Қалбида қуёши бор болалар...

Қалбида қуёши бор болалар...

Шаҳзода: «Ҳаёт»ни яхши кўраман

— Ўтган куни «отловка» — (кўчадаги дайди итларни вақтинча тутиб турадиган махсус жой)дан олиб келинган сариқ кучук қайси волерга жойлаштирилганди.

— Бешинчига...

— Бир ҳафта олдин кўчадан топилган кулранг холли кучук боласичи?

— Юринг кўрсатаман, охирги хонада, анув онасини машина уриб кетган тўрт кучук болаларига қўшиб қўйганмиз...

Шаҳзода Отабекова 10 ёш, асли чирчиқлик, айни пайтда онаси билан Қибрайдаги «Ҳаёт—Жизнь» бошпанасиз итларга меҳр-шафқат кўрсатиш уйида яшайди. Икки мингга яқин кучукнинг қайси хонадалигию отигача билади. Уларнинг бу ерга қандай келиб қолгани, келгунча бошидан ўтказган оғир кунлари, характерини кўзини юмиб айтиб бера олади.

— Шаҳзода менинг жуда катта ёрдамчим дейди, — 40 йиллик иш стажига эга бўлган ҳайвонлар шифокори Базарбай ака Бўриев. — Ҳатто энг жаҳлдор, оқ халат кийган шифокорни кўрса ғажиб ташлашга тайёр кучуклар Шаҳзодани кўрса тинчиб қолади. Унинг болаларча беғубор, меҳр тўла қалбига ишонгиси келади. Мана бу иккита волер кўчадан топиб олинган, ҳамма жойини яра-чақа босиб кетган кучуклар учун ажратилган. Қўшни хоналарда машина уриб кетган ёки бошқа фалокат туфайли жароҳат олган, ҳатто одамлар томонидан озор етказилган жониворлар бор. Уларни укол қилаётганимда Шаҳзода ушлаб ёки силаб турса тинчиб қолади.

— Қаранг, булар келганида жуни тўкилиб кетган эди, — дейди Шаҳзода. — Мана ҳозир жуни ўсиб қолди. Биз бу касал ҳайвонларни беш марта овқатлантирамиз. Бошқа кучукларга бериладиган овқатлардан бермаймиз, ўзларининг махсус емаклари бор.

Шаҳзодани атрофида устида кийими бор кучукча айланиб ирғишлайди.

— Бу мени эркатойим Ника. Зоти шунақа жуни йўқ кучукча, совқотмаслиги учун устига кийимча тикиб берганман.

Шаҳзода кийимни очиб кучукнинг баданини ушлаб кўради: — Қони қайнаб кетибди, ҳозирча тугмаларини бўшатиб қўйишим керак.

— Сенга тикишни ким ўргатган?

— Ойим, ўзим, интернетдан ўрганганман. Менга яқинда ҳомийларимиз, яъни яхши инсонлар тикув машинаси совға қилишди. Ҳозир мен дарсдан бўш пайтларимда кичкина, касал, жуни тўкилиб кетган кучукчалар учун кийимчалар тикаяпман.

— Ўқишларингдан чалғимайсанми?

— Йўқ, бу ерда ҳамма шароит бор. Ноутбук олиб беришди, онлайн дарс қиламан. Ҳамма фандан баҳоларим беш. Агар диктант ёзишим керак бўлса «Ҳаёт»нинг директори Ирода опа Маткаримова шахсан ўзлари машинада мени мактабга олиб борадилар.

— Ўзинг тенги болаларга нима деган бўлардинг?

— Ҳайвонларни яхши кўриш керак. Яқинда Фарғонадан бир тенгдошим келди. Отасини ҳоли жонига қўймабди, шу ерга олиб келиши учун. Кучуклар учун озроқ пул йиққан экан. У жудаям хурсанд бўлиб кетди. Менга ўхшаган болалар кўпаётганидан хурсандман.

— Мактабни битиргач қайси соҳани танламоқчисан?

— Ветврач бўламан, яна бир гап айтайми, «Ҳаёт»ни яхши кўраман, келгусида бу жой Ирода опамдан кейин меники бўлади...

Шаҳзоданинг тенгдошларига қараганда ҳайвонларга муҳаббати ўзгача, дунёқараши ҳам ўзгача эканлигини хайрлашаётганимда айтган мана бу гапларидан билса бўлади: «Мени, биласизми, нима таъсирлантиради ва хафа қилади, телеграмда бир обнуначимиз ёзганидек, зотли итларни ҳам кўчага ташлаб кетаётганини кўрадиган замонларга етиб келдик»...

  Кристина: «Бу менинг хоббим эмас, ҳаётимнинг мазмуни»

Шаҳзодадек ҳайвонларни шунчаки яхши кўрадиган эмас, ўзгача меҳрли болалар дунёнинг ҳар бир чеккасида бор. Уссурийсклик Кристина атиги 16 ёшда. Унинг ижодий ғояларини ота-онаси доимо қўллаб-қувватлашган. Аммо бир куни у: «Мен итларга ногиронлар аравачасини ясайман» деб ўз ғоясини айтганида, ота-онаси ҳайратда қолди, лекин ушбу ғоя эзгу хобби сифатида қўллаб-қувватланди.

— Ногиронлар коляскаларини яратиш ғояси ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Бир куни мен ногирон итни кўриб қолдим ва у менга жуда таъсир қилди, — дейди Кристина Станкова «Комсомолская Правда» мухбирига берган интервюсида.

Кристина биринчи аравачасини икки йил олдин ясаган. Аввалига у ногирон ҳайвонлар ҳақида интернетдан маълумотларни ўрганди. Ниҳоят пластмассса қувурлар ёрдамида илк аравача ясалди ва ўз эгасини топди. У иккинчи аравачага шунчалик тез буюртма оламан деб ўйламаганди. Кейин иккинчи, учинчи аравача ясалди... Югуролмай судралиб юрган итларнинг аравачада югуришни бошлаганини кўрган Кристина уларни томоша қилиб завқланар ва бу яна шундай аравачалар ясашга туртки бўларди.

Биринчи аравачани Кристина 2018 йил март ойида ясаган. Сўнгги икки йил ичида унинг ютуқлари катта ғалабалар билан тўлдирилди. Айни пайтда унинг ҳисобида 20 ногиронлар аравачаси бор, улар итлар учун аллақачон ногирон бўлган оёқ ўрнида оёқ вазифасини ўтамоқда. Битта буюртма ҳатто Краснодар ўлкасидан ҳам келди. Аравачани почта орқали жўнатишди.

Кристина аравачаларини бизнес учун ясамайди. Бу ҳақда у интервюсида айтганди.

—Йўқ, мен ҳеч қачон одамлардан пул сўрамайман. Мен ҳатто уяламан, чунки мен буни эгаси учун эмас, балки итлар учун қиламан, — дейди Кристина. — Итдан нимани олишим мумкин? Базида Инстаграмдаги обуначилар менга моддий ёрдам беришади, бунинг учун мен чексиз миннатдорман.

 У имконияти чекланган ҳайвонларга ёрдам беришни давом эттириш ниятида.

— Мен ҳеч қачон аравачалар ясашни рад қила олмайман. Мен ҳеч қачон ҳайвонларни севишдан тўхтамайман, — дейди ҳунарманд. — Бу менинг жонимнинг бир қисми, менинг бир қисмим, ҳаётимнинг мазмуни. Мен энди ҳаётимни бу ишсиз тасаввур қила олмайман. Бу энди хобби эмас. Бу энди мен учун масъулиятли вазифа... Ахир ҳайвонларга фақатгина одамлар ёрдам бера олади...

 ***

Тез-тез ижтимоий тармоқлар орқали айиқни ўлдиришибди, кучукни тириклай чўктиришибди, овчилар ноёб қушларни, ҳайвонларни отишибди, деган хабарларни эшитамиз. Айниқса, бундай мавзулар ижтимоий тармоқларда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлади. Шундай пайтда ваҳшийлик, шафқатсизлик қаердан пайдо бўлади, деган саволлар қаршисида қоламиз. Ана шундай саволларга битта жавоб бор — болаларни ёшлигидан ҳайвонларга меҳрли қилиб ўстиринг, «Ҳаёт — Жизнь» каби уйсиз ҳайвонлар учун ташкил қилинган бошпаналарга болаларингиз билан ташриф буюринг. Ахир Шаҳзодалардек, Кристиналардек қалбида қуёши бор болаларнинг сафи кенгайса олам ёруғлик ва эзгуликдан бошқача ёришади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг