Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Навоий вилоятида икки кун: ҳам кўзни қувонтирган, ҳам ўйга толдирган таассуротлар

Навоий вилоятида икки кун: ҳам кўзни қувонтирган, ҳам ўйга толдирган таассуротлар

Журналист доимо одамлар орасида, демакки ҳаётнинг ичида юради, умри давомида қанчадан-қанча инсонлар билан суҳбатлашади.

Навоийда икки кун

Журналист қувонтирадиган нарсани кўрганида қувонмаса, ҳаяжонланмаса, дардли ҳолатларни кўрганида кўзига ёш келмаса унинг ёзгани ҳам сохта ва жўн бўлиб қолади. Журналистдан талаб қилинадигани ягона — холислик.

Баъзида ижтимоий тармоқларда бир инсоннинг шикоятли чиқишларини кузатиб раҳмимиз келади, уни шу кўйларга солганлардан нафратланамиз. Аммо журналист танганинг иккинчи томони борлигини ҳам унутмаслик керак. Чунки икки томон эшитилгачгина муаммога ечим топилади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан «Журналист ва ҳаёт» лойиҳаси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган пресс-тур тадбирлари муаммолар гирдобида қолиб кетган журналистни бироз чалғитади, Ўзбекистон ютуқларга эришаётгани ҳақида ҳам ўйлаш, кузатиш имконини беради. Айтишадику «юрган дарё, ўтирган бўйра» деб. Бундай пресс-турларда сизни кутиб оладиган ҳудуд ўз муаммолари билан эмас, албатта, ютуқлари билан пешвоз чиқади. Ва ўша ютуқларни кўрсатиш қай бир маънода келгусидаги эзгу амалларга мотивация бериши шубҳасиз.

«Baht-Textile»нинг шовқинли ҳаёти

Ҳеч қайси шаҳарга ўхшамайдиган Навоийда ростдан ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. Шу билан бирга, саноатлашган шаҳар эмасми, аҳолининг иш билан таъминланганлик статистикаси бошқа ҳудудларга қараганда қониқарли.

Ташрифни «Baht-Textile» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишишдан бошладик. Мазкур корхонанинг ташкил топганига ўн йилдан ошган, бугунги кунда вилоятдаги пахтачилик бўйича йирик кластер субъекти саналади. 1300 нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият олиб бораётган корхонада Швейцариянинг енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи «RIETER» компаниясидан ип йигирув дастгоҳлари ўрнатилган бўлиб, ўтган йили жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 27000 тонна калава ип ишлаб чиқаришга етказилди. Корхона вилоятда етиштирилаётган пахта толасининг 70 фоизини қайта ишлаб, ярим тайёр ва тайёр маҳсулот кўринишига олиб келмоқда. Ҳозирги кунда жамиятнинг устав жамғармаси 10.007.554 АҚШ долларини ташкил қилади.

Ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишар эканмиз, ишчи-ходимлар билан мулоқот жараёнида яратилган қулайликларни кўздан кечирдик. Ташқарида совуқ изғирин, аммо ичкарида 30 даража иссиқ, яъни дастгоҳлар мана шундай иссиқ ҳаво ҳарорати бўлмаса ишламайди. Ишчиларнинг жуда енгил кийимда ишлаётгани «ташқарида қор, унинг уйида баҳор» деган кайфиятни уйғотади.

Шу ўринда бу ерда яратилган шарт-шароитларнинг яхшилиги — иссиқ овқат, махсус кийим-бош, кийиниш ва ювиниш хоналари билан бирга эътибор берадиган жиҳатларини ҳам айтиб ўтсам. Мақоланинг бошида бежизга холислик ҳақида эслатмадим. Корхонанинг ичи ҳаддан ортиқ шовқин эканлиги боис бирор инсоннинг гапини эшитиб бўлмайди.

Маълумки, тўқувчилик корхоналарида шовқин 80 дБдан 110 дБгача етади. Агар иш жойдаги шовқин 80 дБдан ошса бу инсон соғлиғи, яъни марказий нерв тизими зарарланади, шовқин 100 дБдан ошса бутунлай кар бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Қолаверса, йигирилаётган маҳсулотлардан чиқаётган чанг зарралари ўпкага жойлашади, яъни «биссиноз» касаллиги келиб чиқиши мумкинлигини ҳам унутмайлик. Айнан мана шу икки ҳолат учун ишчилар респиратор ва қулоқчинлар билан таъминланиши лозим эди. Компаниянинг раҳбарлари ишчилар соғлиғи билан боғлиқ ушбу ҳолатга ҳам эътибор беради, деган умиддамиз.

Албатта, бу ердаги шарт-шароитлардан ташқари ишчиларнинг маоши ҳар биримиз учун қизиқ эди. Бизни иш жараёни билан таништирган механик йигит ишчиларнинг ойлигини 1 млн.дан 2 ярим миллионгача эканлигини айтиб ўтди. Исмини айтишни хоҳламаган шовқинли ва дим шароитда ишлаётган аёлнинг 950 минг маош олишини, «ойлигимиз кўтарилса қани эди» деган нолишини эмас, истиҳола билан айтилган таклифини аранг эшитдим.

Саккиз соатлик ҳаддан ортиқ иссиқ ва шовқинли шароитда ишлайдиган ишчиларга ҳатто 2 миллион ҳам камдек туюлди, агар юқорида келтирилган мана бу каттагина рақам, яъни — устав жамғармаси 10.007.554 АҚШ долларини ташкил қилиши, албатта, мана шу ишчиларнинг меҳнатлари эвазига эканлигини унутмасак бўлди.

Очиғи замонавий технологиялар, станокни компютерда бошқараётган ишчилар — барча-барчаси бугунги Ўзбекистон имижига мос, кўрган кўзни қувнатади. Аҳолининг иш билан таъминланганлиги, шукр қилаётгани ҳам бор гап, фақатгина битта лекини — янги Ўзбекистоннинг янги имижига эски стандартдаги озгина маош— бир миллонга етар-етмас ойлик тўғри келмайди.

Интернетга кирмайдиган болалар

Навоий фақатгина саноатлашган ҳудуд эмас, балки таълим тизимида ҳам қатор ижобий натижалар қўлга киритгани, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг «РЕЙТИНГ-2019» натижалари бўйича Давлат тест маркази таҳлиллари асосида олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича  вилоят республикада 2-ўрин, Навоий шаҳри эса 1-ўринни эгаллагани эътиборлидир. 

Биз шаҳардаги Навоий-Қоракўл ихтисослаштирилган мактаби фаолиятини кўздан кечирдик. Пойтахт шароитидан қолишмайдиган мактабга очиғи ҳавасимиз келди. Математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган 360 ўринли мазкур мактаб интернати жорий ўқув йилидан иш бошлади. Мактаб-интернатига ўқувчиларни саралаб олиш жараёнлари 5 босқичда амалга оширилибди. Дарс ўтаётган болаларни озроқ чалғитдик. Савол бердим: «Математика масалаларига жавоб излаш кўп вақтни олади. Интернет яхши ишлайдиган ушбу муассасада қайси тармоқларга кирасизлар». Бу саволни беришимдан мақсад ҳозир интернетга кирмайдиган ёшларни топиш муаммолиги эди, аммо боракан-да интернетга кирмайдиган болалар. Улар ўқишдан чалғимаслиги учун телефон тутмас экан. «Бизнинг вақтимиз йўқ, интернетга киргани» — деди болалар, — «бу ерда ўқувчиларнинг ўзлаштиролмаслиги уят ҳисобланади. Ҳамма бир-биридан қолиб кетмаслик учун ҳаракат қилади».

Газета-журнал ўқимайдиган болалар

Тан олиш керак, ўтган йилги обуна машмашасидан кейин таълим муассасалари кўпгина газета-журналларга обуна бўлмай қўйди. Шу боис мен гаплашган болаларнинг бирортаси «Гулхан», «Тонг юлдузи» ва шунга ўхшаш газета-журналларни ўқимас экан. Аммо қувонтирадиган томони — ҳар бир синф хонасининг китоб жавони ва бадиий китобларнинг саралари борлиги бўлди.

Мен яна савол бердим: «Бўлғуси иқтисодчи, математик бадиий адабиёт ўқиши шартми?». Болалар бараварига қўл кўтаришди  ва шарт дейишди. Буни Ҳумоюн исмли ўқувчи шундай изоҳлади: «Биз бу ерда нафақат математика, балки инглиз тилидан ҳам сабоқ оламиз. Энди айтингчи бирор жойга ишга борсак, ўз фикримизни чиройли қилиб етказсак ва хато билан ёзсак, уят бўлмайдими? Грамматика қоидаларини билмасак, имло хатолари билан ёзсак, нутқимиз равон бўлмаса бизнинг математикани олий даражада билишимиз келажакда иш бермаслиги мумкин. Математика билан адабиёт уйғун. Табиий фанлар бизга ҳисоб китобли яшашни ўргатса, адабиёт ҳаётдан сабоқ беради».

Саккиз миллион оладиган ўқитувчи

Қоракўл мактабига ўқитувчиларнинг танлаб олинишинг ўзи бир ютуқ. Танлаб олинган ўқитувчиларнинг орасида сараланган ўқитувчининг бўлиши эса хазина. Зафар Жумаев Грецияда фан олимпиадасида бронза медални қўлга киритган эди бир пайтлар. Айни пайтда Зафаржон сабоқ беришини истайдиганларнинг кўплиги боис унинг дарс соатлари ҳам бошқаларникидан кўпроқ. Ва меҳнатига яраша ҳақ олади. Айтиб ўтиш керакки, бу мактабда ўқувчилар ўқитувчисининг дарсидан қониқмаса, бемалол бошқа устозни танлай олиш ҳуқуқига ҳам эгалар.

 — Зафарга ўхшаган билимли, масъулиятли ўқитувчиларга шароит яратиб берсангиз барча имконларини ишга сола биладилар, — дейди мактаб директори Нурулло Яҳёев. — Бу мактаб ютуқларининг яна бир сири Бухородаги ўзим ишлаган Қоракўл мактаби ташкил қилинганига 30 йил бўлган бўлса, на ўқитувчи, на ўқувчилар бирон марта пахта теримига жалб қилинмаган.

Тошларни жон киргизаётган одамлар

Пресс-турнинг иккинчи куни Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳри — Ғозғонда давом этди. Ғозғон шаҳри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан расман 2019 йил 3 май куни ташкил топган. Майдони 59,4 минг гектарни, аҳолиси эса 8,4 минг кишидан иборат. Ушбу ҳудуд Марказий Осиёдаги пардозбоп тошлар, хусусан гранит ва мармар йирик заҳираларига эга энг бой ҳудуд саналади. 

Ҳозирги кунда «Мармаробод» кластер корхонасига тегишли 2 та карьерда янги ускуналарда гранит тошларни замонавий усулларда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада иш олиб бормоқда. Мазкур кластернинг умумий қиймати 52 миллион доллар бўлиб, 14 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилади. Натижада конлардаги ишчилар билан бирга 850 та янги иш ўрини яратилади. Ўтган қисқа давр ичида корхона ҳудудидаги майдони 11000 кв.м. бўлган асосий бино ва яна 10 та кичик лойиҳа бинолари қурилиши якунланди. Банкнинг 4 миллион долларлик имтиёзли маблағлари ҳисобига Хитой давлатидан замонавий ускуналар келтирилди. Шунингдек, Хитойдан 4 нафар малакали муҳандис-мутахассислар жалб қилиниб, улар томонидан янги ускуналар монтаж қилинди ҳамда маҳаллий ёшлар унда ишлашга ўргатилди.

Корхона раҳбари Маҳмуд Шарофатовнинг таъкидлашича, йилига 70 минг куб тош қазиб олиш ва 1,2 миллион метр квадрат тошни қайта ишлаш қувватига эга корхона томонидан янги ускуналарда замонавий усулларда Пашшот, Парғат карьерларидан гранит тошларни қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада иш олиб бормоқда.

Бу ерда биз илк ташриф буюрганимиз «Baht-Textile» корхонасидан фарқли ўлароқ жуда совуқ эканлигига амин бўлдик. Иситишнинг ҳам имкони йўқ. Сабаби мармар тошларни кесишда ва пардозлашда совуқ сувдан фойдаланишади. Аммо ишчилар бошдан оёқ сув ўтказмайдиган либослар билан таъминланган. Совқотишганида иссиқ чой ичишлари, овқатланишлари учун иссиққина ошхона бор.

Яхши ишчи маҳалладан ортмайди

Яна бир танишган корхонамиз Навбаҳор тумани «Қалқонота» маҳалласида ташкил «Навбаҳор касаба чеварлари» МЧЖ фаолияти бўлди.  Мазкур замонавий тикувчилик фабрикасида 100 нафардан зиёд хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Яна бўш ишчи ўринларига яқин ўртадаги маҳаллалардан хотин-қизларни рўйхатга қўйишмоқда экан.

«Аёлларнинг қатнаши учун транспорт хизмати йўлга қўйилганми», деган саволга корхона технологи Зарифа Бозорова шундай жавоб берди: «Барча ишчиларни шу атрофдан таклиф қилганмиз, сабаби автобусни ўрнига икки оилани иш билан таъминлаймиз».

Зарифахоннинг маълумотига кўра, бу ерга ишга келадиган аёллар 3 ойлик ўқув курсларида малака оширар ва бу давр учун ҳатто стипендия ҳам тўланар экан. Барча янги ташкил қилинаётган корхоналар каби бу ерда ҳам иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароитлар мавжуд. Аёллар тушликка ва йўл кирасига пул кетмаётганига бир миллиондан ошиқроқ ойлик тўлиғича уйга кириб бораётганига хурсанд. Аммо мен холис инсон сифатида яна ўша гапни такрорлайман: юқорида ёзганимиз Ғозғон «Мармаробод» кластер корхонаси ҳамда «Навбаҳор касаба чеварлари» ойлиги 3 миллионгача етказилса матбуот котиби Дилшод Мамаражабов айтганидек, навоийлик ёшлар шунча иш ўринлари яратилаётганига қарамай хорижга интилмайдилар.

Пресс-турдан олган таассуротларимиз талайгина. Навоий шаҳридаги Амир Темур ва Ғалаба кўчалари чорраҳасида пиёдалар учун қурилган ғайриоддий лабиринтмонанд уч айланма ҳаракатли — зинадан ташқари, кексалар ва 1 та юк кўтариш имкониятига эга бўлган одамлар учун пандусли ва лифтли кўприк, «Шуҳрат» медали, «Эл-юрт» ордени мукофоти соҳиби, тоштарошларнинг бешинчи вакили сангтарош ота Тоҳир Раҳимов, сариққа бўялган арзон таксилар, йўловчилари ва ҳайдовчилари ўзаро бир бирини ҳурмат қилишлари, ҳақиқий мўъжиза «Навоий-Сити», «снос» муаммосининг йўқлиги, Нурота туманида «Чашма» меъморий мажмуасида олиб борилаётган беқиёс бунёдкорлик жараёнлари, ҳар жума куни кўринадиган тилла балиқлар, навоийлик фаол журналистларга уюшма томонидан топширилган эсдалик совғалари, вилоят ҳокими Қобилжон Турсунов билан вокзалда ўтган қисқа матбуот анжумани ҳақида ҳам тўхталишим мумкин эди. Лекин буларнинг барчаси алоҳида-алоҳида мақола бўлишга арзийдиган мавзулар. Айниқса, Самарқанд вокзалида энг кичик ноннинг 6 минг сўмдан сотилиши, биргина бекатда сотишга рухсат берилгани учун монополиялашгани ҳақида ҳам қачондир, албатта, ёзаман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг