Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

 Жиззахда бир кун: инвесторлар қандай лойиҳаларни амалга оширяптилар?

 Жиззахда бир кун: инвесторлар қандай лойиҳаларни амалга оширяптилар?

Омбудсман, Болалар омбудсмани ҳақида эшитгансиз, яъни кўпчилик бу ташкилотлар ҳақида билади. Уларнинг мақсади аҳолининг ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатларини ўрганиш.

Президент ҳузуридаги Бизнес-омбудсман эса айнан бизнесменларнинг, тадбиркорларнинг, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи орган томонидан риоя этилишини таъминлайди.  

19 апрель куни Жиззах вилоятида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Бизнес-омбудсман, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида пресс-тур орқали Бизнес омбудсман ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик.

Инвесторнинг мақсади фақат фойда олиш эмас

Дастлаб вилоятда ойна ва санитар-техник маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Mingyuan Silu (Tianjin) Industry» фаолияти билан яқиндан танишдик.

Хитойдан келтирилган баҳайбат, роботлар томонидан бошқарилаётган 7 йилда бир ўчириладиган печ яқинига йўлаб бўлмайди. Ахир у 1850 градусда ишлаяпти. Унда тинимсиз турли қалинликдаги ойналар ишлаб чиқарилмоқда. Телефон ойнасидан тортиб эшик-деразалар ойнасигача шу корхонада ишлаб чиқариларкан.

–  Биз Ўзбекистонда фаолият олиб бораётганимиздан мамнунмиз, дастлаб бу ерга келганимизда мақсадимиз бизнес эди, аммо фойда олиш босқичидан ўтиб бўлганингиздан сўнг сизда бошқа мақсадлар пайдо бўлади, – дейди «Mingyuan Silu (Tianjin) Industry» директори Ли Сянь Чин. – Ҳозир мен Ўзбекистонни иккинчи ватаним деб ҳисоблайман. Энди бу ерда қандай лойиҳани амалга оширсам, шу ватан фойдасини, ривожланишини ҳам ўйлайман. 

Дарҳақиқат, тадбиркор Ли Сянь Чин заводга тегишли бўлган ҳудудга дарахтлар экиш ҳатто иссиқхона ташкил қилишни ўз назоратига олган. Нафақат ойна ишлаб чиқариш жараёни, балки кўкаламзорлаштиришга ҳам бор кучини сарфламоқда.

– Бу инвесторни Ўзбекистонга жалб қилиш учун тўрт йил вақтимни сарфлаганман. Ҳеч ким ўз-ўзидан катта маблағини бирор давлатга осонликча бергиси келмайди, агар ишончига кирмасангиз, – дейди Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иброҳим Комилов. – 2017 йилдан бери биз бирга фаолият олиб борамиз. – Вилоятга сўнги етти йилда 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган, 2 минг 500 та янги корхона ишга тушган. Уларда 45 мингта доимий иш ўринлари яратилган, тадбиркорлар сони 2 карра кўпайди.

Дарҳақиқат, Жиззахда саноат ривожи учун заҳиралар кўп. Маълумотларга қараганда хитойлик инвесторлар вилоятда қурилиш материаллари, кимё, энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида 4 миллиард долларлик 23 та лойиҳа таклифини берган. Уларнинг натижасида саноат 12 триллион сўмга ўсган, 250 миллион доллар экспорт имконияти яратилган.

Албатта бу ишлар осонгина амалга ошиб қолмайди. Хорижлик инвестор дастлаб тўқнашадиган муаммо – бу ўз юрти қонун қоидаси билан ўзга мамлакатнинг қонун қоидаси ўртасида фарқ бўлади. Ана шундай пайтда Бизнес-омбусдман каби ташкилотлар кўмакка келади. Айнан Бизнес-омбудсман кўмагида корхона учун қўшимча газ қувурлари ўтказиш ва ёқилғи етказиб бериш масаласи ҳал этилган.

Энг қизиқарли экскурсия – «ADM Jizzakh»га

Пресс-турнинг энг қизиқарли саёҳати Жиззах шаҳрида «ADM Jizzakh» МЧЖга бўлди.

Бу ерда биз «KIA» бренди остидаги Sonet, «Cherry» бренди остидаги Arrizo 6, Tiggo 7, Tiggo 8 proMax, «Haval» бренди остидаги M5, H6, JOLION, Dargo каби автомобиллар ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирдик.

Директорнинг бизга берган маълумотларига қараганда  «Haval»,  «Cherry» бренди остидаги автомобилнинг илк тест нусхалари айни кунларда талабгорлар учун етказиб берилиш арафасида. Муҳими бу завод туфайли ишчи ўринлари яратилаётгани, яқин келажакда 10 мингта ишчи ўрни яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Навбатдаги манзил «ССSР Holding Group»

«ССSР Holding Group» – Шароф Рашидов туманида оҳактош қазиб олиш ва шағал ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган.

– Тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйишда давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, яқинда ер билан боғлиқ масаламиз Бизнес-омбудсман кўмагида ижобий ҳал этилди, 10 гектар ер ажратилди, – дейди корхона иш бошқарувчиси Нурали Аҳмедов.

Айни пайтда бу ерда аҳоли учун зарур бўлган шебен, клинс, қум-шағал каби келгусида пуллик катта йўл қурилиши учун ишлатиладиган асфальт қурилиш материаллари етказиб бериш назарда тутилган.

Сўнги манзил – адир орасида корхона

Пресс-тур якунида нима учун Жиззах вилояти саноат зонаси сифатида танлангани сабаблари аёнлашди. Чунки вилоятнинг бўш ерлари ва шу билан бирга ҳали бағрида қазилма бойликларини авайлаб асраётган ҳудудлари кўп эканлигига йўл юриб йўл юрсак ҳам мўл юриш асносида амин бўлдик. Қир адирлар бағридаги ушбу корхона ўзингиз излаб бормасангиз, кўзга ташланмайди. Шундай ҳудудда яқин ўртада бир шаҳарча пайдо бўлиши эса ғайритабиийдек туюлади. Аммо ишонмасликнинг ҳам иложи йўқ. Кечагина бўш ётган ерларда кўз очиб юмишингиз билан бинолар барпо бўлиб қолаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Ғаллаорол туманида махсус техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Sany» тадбиркорлик субъекти ҳам қисқа фурсатда инвесторлар кўмаги билан оёққа тураётган корхоналардан бири. 

 – Бу ер аҳоли яшайдиган шаҳарчага айланади. Ишчилар ва шу ерлик аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган энергия, телекоммуникацияни етказиб бериш каби лойиҳалар амалга оширилади, – дейди корхона директори Нодир Бобоев. – Мазкур корхонада қурилиш ишлари жорий йилда бошланиб, 2025 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган. Йилига 2000 дона юк ташувчи, тягач ва миксер автомобиллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада 125 та янги иш ўринлари яратилади.

Апрелнинг ажойиб бир кунида ташкиллаштирилган пресс-тур тассуротларга бой бўлди. Биз нималарни кўрдик? Одам оёғи етмаган жойларда корхоналар ишга туширилаётганини,  хорижлик тадбиркорларнинг – тили, қадриятлари, миллати бошқа одамларнинг юртдошларимиз билан ҳамкорликда шу юрт равнақига ҳисса қўшаётганини, хориждан келтирилаётган катта-катта ускуналар, робот-машиналар тиним билмаётганини, ўзимизда ҳам худди шулардан қолишмаётган техникалар ишлаб чиқарилаётганининг гувоҳи бўлдик. Ва буларнинг барчаси юрт равнақи учун эканини ҳис қилдик.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг