Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Биз болажон халқ эмасмиз ёхуд боланинг бегонаси бўларкан

Биз болажон халқ эмасмиз ёхуд боланинг бегонаси бўларкан

Эрталаб янгиликлар лентасида «Самарқандда болаларга берилиши керак бўлган 12 кг гўшт суякка айланиб қолдими?» деган хабарни ўқиб  болажон халқлигимиз эсимга тушиб кетди.

Нимагадир мана шундай хабарларга дуч келганимда болажон халқмиз, деган иборани ким биринчи бўлиб айтган экан, деб ўйлайман.

Бизда болани севиш қаергача? Туғилгуничами?

Тўғри, биз боланинг дунёга келишини интиқиб кутамиз, кетма-кет дунёга келтиришни ўйлаймиз. Лекин боланинг соғлиғи, унинг сифатли овқатланиши, сифатли таълим олиши борасида бу ибора сираям ўзини оқламайди.

Боланинг бегонаси бўлмайди, деган ибораям бор. Бошқа мамлакатларни билмадиму, лекин бизнинг юртда бегона болалар кўп. Масалан, ота-она ажрашса бола ўша куни буви ва бувага бегонага айланади. Ҳатто бола онаси билан қоладиган бўлса, ўша куни она-бола кўчага қувиб чиқарилади. Энди осонгина ажралишларни айтинг, қайнота-қайноналарга келин ёқмай қолса, боласи борлигига ҳам қарамай ўзининг эгосини қондириш учун ўғлини осонгина ажратиб бошқасига осонгина уйлантириб қўйишади. Кечагина «келиним туғмади» деб бутун оламга жар солган қайнона келин туққач, бола ҳам кўзига кўринмай ажратиб юбориши оддий ҳолга айланган. 

Этибор беринг-а, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича никоҳдан ажралишлар сони жами 25 400 тани ташкил этган. 1 нафар фарзанд билан никоҳдан ажралишлар сони 13 186 тани, 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан ажралишлар 5 505 тани ташкил этган.  Демак, 30 мингга яқин бола яқин қариндошларига аллақачон бегонага айланди...

Болалар бегона эканлиги боғчадаёқ аён бўлади. Айрим боғчаларда болалар учун ажратилаётган озиқ-овқатлар талон-тарож қилинади. Ё бўлмаса, сифатсиз ва муддати ўтган овқатни ҳеч ўйланмай «ўтказишади».  Ўтган йили 16-18 сентябрь оралиғида Қарши ва Фарғонадаги боғчаларда оммавий заҳарланиш содир бўлди, ундан сал олдинроқ Наманганда торт еган 15 нафар бола шифохонага ётқизилган, деган хабарлар интернет сайтларни «безаб» турибди. Янаям даҳшатлиси ўша вақт оралиғида Ангренда бир йўла уч боғчада тарбияланувчилар заҳарланган... Эътибор берсангиз, катта-катта маъракаларда ёки тўйларда эмас, айнан боғчаларда заҳарланишлар кўп учрайди. Чунки маъракаю тўйларда сархил емаклар тайёрланади-да. Боғчаларда эса болалар на овқатнинг айниганини ёки на бузилганини айтиб бераолади.

Биз болажон халқ эмасмиз. Ҳатто бизга ўзимизникидан бошқа болалар беш бегона...

Ўтган йили 3 август куни Хоразм вилояти Хонқа туманидаги боғчада 5 ёшли бола вафот этгани маълум қилинди.

Вилоят Мактабгача таълим бошқармасига кўра, тумандаги Тома маҳалласида жойлашган 24-сон давлат Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ў.Ш.А (5 ёш)нинг тушликдан сўнг тоби қочган. Зудлик билан тез ёрдам чақирилган, аммо бола вафот этган.

Аввалроқ Наманган вилояти, Чуст туман МТБга қарашли 64-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 1 август куни нохуш воқеа содир бўлди. МТВ мазкур ҳодиса юзасидан махсус баёнот билан чиқди.

Дастлабки ўрганиш бўйича, мактабгача таълим ташкилоти директори, МТТ ҳамшираси, тарбиячи, ёрдамчи тарбиячисининг сўзларига кўра, 2017 йилда туғилган А.Ш. жорий йилнинг 1 август куни эрталаб МТТга қабул қилинган. Таълимий фаолиятга яхши қатнашган. Кун тартибига кўра тушлик қилган ва гигиена қоидаларига амал қилгач барча тарбияланувчилар қатори ухлашга ётган ва қайтиб уйғонмаган.

Тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига қарамай бола вафот этган. Ўлим ҳақидаги маълумотномага асосан қуйи нафас йўлларининг аниқланмаган ўткир респиратор инфекцияси; ўпка шишиши ўлим сабаби этиб кўрсатилган.

Ундан аввалроқ эса Шаҳрисабзда ҳам бола боғчада нохуш ҳолат қурбонига айланганди.

Хитойда ўз ҳамкасбидан қасос олмоқчи бўлиб, 25 нафар болани заҳарлаган боғча тарбиячисига нисбатан шу йил июль ойида ўлим жазоси жорий этилди. У 13 июль куни қатл этилди, деб ёзади The Paper.

2019 йил март ойида Цзяоцзо шаҳридаги болалар боғчасида оммавий овқатдан заҳарланиш содир бўлди. Полиция тарбиячи Ван Юннинг боғча болалари бўтқасига натрий нитрит қўшганини аниқлади. Заҳарланган болалардан бири 10 ойлик даволанишдан кейин вафот этди.

Жиноятга тарбиячининг болалар боғчасидаги ҳамкасби билан келишмовчилиги сабаб бўлган.

Ванг Юн биринчи инстанция суди томонидан ўлимга ҳукм қилинди. Кейинчалик, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди ҳукмни ўз кучида қолдирди. Оммавий заҳарланишдан кейин болалар боғчаси ёпилган.

Бизда болалар боғчаси ёпилиши уёқда турсин айбдорларга оғирроқ жазо ҳам берилаётгани йўқ.

Статистика маълумотлари ҳам болажон халқ эмаслигимизни яна бир бор исботлайди. Эътибор беринг, Ўзбекистонда 2022 йилда 7885 нафар гўдак ўлими қайд этилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги бошқарма бошлиғи Зойир Йўлдошев матбуот анжуманида маълум қилганди. 2020 йили гўдаклар ўлими 6 860тани, оналар ўлими 155тани ташкил этган. 

2021 йилда Ўзбекистонда гўдаклар ўлими 7 214 тани ташкил этган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 160 тага ошган.

Хўш, болаларнинг ўлимига фақат тиббиёт айбдорми? Йўқ, нафақат тиббиёт, балки ёш она ва ёш онанинг соғлиғи ҳақида қайғурмаган ота-она, янги келинни аямаган қайнона-қайнота, эр айбдор.

Ижтимоий тармоқларда аёллар гуруҳида жуда кўп анонимларнинг дардларини эшитишимизга тўғри келади: Уларнинг барчаси жисмоний чарчоқдан тортиб, руҳий изтиробларгача? Энг ажабланарлиси, бўлғуси онанинг соғлиғини емириб ундан соғлом бола кутишлари...

Бола туғилди. Унинг кийим кечаги, унга аталган тадбирларга пул ҳавога совурилади, лекин унинг соғлиғи, руҳиятидаги ўзгаришлар яна эътиборсиз қолдирилади.

Хорижликнинг 3 ёш боласи отасини ток урганда қандай қилиб ёрдам бериш кўникмаси шаклланганда, биздаги уч ёш бола бир дона конфетга эришиш учун ерга думалаб йиғлаётган бўлади. Хорижликлар уч ёш бола билан катта одамдек гаплашиб, уни катта одамдек эшитиб – «мен»ини шакллантирган бир пайтда бизникилар уч ёш болани эшитиш, тинглаш, уни қабул қилиш ўрнига фақат конфет бериб овутаётган бўлади. Бизнинг болажонлигимиз мана шундай акс этади...

Куз яқинлашаяпти, буёғи қиш. Энди хабар ленталарини ис гази билан боғлиқ фожеалар тўлдиришни бошлайди. Бир оиладан болажонларнинг қаторлашиб вафот этишини энг даҳшатлиси оддий қабул қиладиган бўлдик.

Яна хабарлар лентасини варақлаймиз, ис гази деб қидирувга берсангиз аянчли воқеалар, фактлар кўзингизни ис газидек ёшлантиради, ачитади, бўғади: Қашқадарёда бир  оиланинг уч нафар аъзоси унинг бири бола,  Хоразмда  фуқаро ва унинг невараси, Бухоро вилоятида  беш кишилик оиладан 2 нафар бола, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси, Бухорода 2-синф ўқувчиси, Тўрткўл туманида яшаган ота ва унинг уч фарзанди... Самарқанд вилоятида тўртта ҳолатда 8 киши ис газидан вафот этган. Уларнинг 5 нафари ёш болалар...

XXI-асрда яшаяпмиз. Мана бугун яна битта хабар ўқидим: Япониялик олимлар сунъий интеллект асосида товуқ «тили» таржимонини яратдилар.

Улар товуқнинг тилини тушуниш орқали  парранданинг ҳиссиётларини аниқлайдилар. Биз эса ҳали ҳамон болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган, аммо унинг олдини олишнинг осон жиҳатларини бартараф этолмаяпмиз. Аниқроғи, японлар товуқларнинг шароитини яхшилаш кераклиги ҳақида қайғураётганда биз болалар учун ажратилган гўштни ўғирлаб еяпмиз.

Ижтимоий тармоқлар орқали яна хабарларга кўзим тушади, гуруппалардаги аноним мактубларни ўқийман: «Менга маслаҳат беринг уч болам билан эрим уйдан ҳайдаб чиқарди, буёғи қиш, болаларимнинг кийими йўқ, энг кичигим 6 ойлик, қандай пул топсам бўлади», «Опам уч боласини менга ташлаб ишлашга хорижга кетди, болаларга қарашга имконим йўқ, етимхонага топширмоқчиман», «Қўшним ичиб олиб икки боласини уради, бечоралар мактабгаям бормайди, бир неча йиллардан бери шу аҳвол», «Келиним болаларини бизга ташлаб ўзи турмушга чиқиб кетди, кичкинаси 8 ойлик...»

Биз болажон халқ эмасмиз. Бизга ҳатто қўшнининг боласи бегона...

 Dok-1 Maks дорисидан  60 дан ошиқ бола ўлди.  Уч кун олдин Чустда 70 нафардан ортиқ болалар йод  перепаратларини қабул қилгач мазаси бўлмай шифохонага ётқизилди.

Болалар соғлиғини хавф остига қўйиш эвазига овқатни, дорини бизнесга айлантираётганлар, даромад олаётганларни ким деб аташ мумкин? Ўғли ва келини ажрашса неварасидан бир хабар олмайдиган катталарни-чи? Боғчада болалар учун ажратилган озиқ-овқатларнинг баракасини учираётган юҳоларнинг ҳам болалари бордир? Ис газидан ўлаётган болажонларни индамай томоша қилаётган газ сотарларга ҳаво етишмай қолган пайтлар ҳам бўлармикан?

Ҳали буёқда автоҳалокат, деган фожеани таҳлил қилмадик. Ундаги рақамлар, кулфатлар ҳеч ҳам болажон халқ эмаслигимизни англатиб турибди: Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 7 636 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) қайд этилиб, улар оқибатида 7 174 киши жароҳатланган, 1 931 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 226 нафари болалардир. Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўлими Европа давлатларига қараганда 4 баробар кўп...

Шундан кейин ҳам айта оламизми биз болажон халқмиз деб ёки боланинг бегонаси бўлмайди деб сиз айта оласизми?

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг