Болалар ўлими бўйича аксилрекорд

Йил бошидан буён ўлдирилган болалар орасида она қорнидаги чақалоқ ҳам бор.
Сўнгги икки йил ичида Исроил ҳарбийлари томонидан Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди — Ғарбий Соҳилда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортди.
Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» ташкилоти таҳлилларига кўра, сўнгги икки йил ичида ўлдирилган болалар сони 18 йил давомида ўлдирилганлар сонига тенгдир.
2005 йилдан буён Ғарбий Соҳилда 468 нафар, 2023 йил январдан буён эса 224 нафар бола ўлдирилган.
Хатарли тенденция жорий йилда ҳам давом этмоқда. 2025 йил бошидан буён камида 10 нафар фаластинлик бола Исроил аскарлари ўқидан ҳалок бўлди.
«Сўнгги 16 ой, балки ўнйилликлар каби Ғарбий Соҳилда болаларни ўлдириш давом этмоқда. Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда эълон қилинган танаффус (Ғарбий Соҳилда) болаларга зўравонликларни кучайтирди», — деди «Save the Children» ташкилотининг Яқин Шарқ бўйича директори Аҳмад Ал-Ҳендавий.
Бир неча кун аввал БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳам Ғарбий Соҳилда болалар ўлими кескин ортиб кетгани юзасидан чуқур хавотир билдириб, Исроилни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Халқаро ташкилотга кўра, ўтган ҳафта Исроил аскарлари ҳужуми оқибатида 10 яшар фаластинлик бола ҳалок бўлган. Ҳатто онаси қорнидаги саккиз ойлик чақалоқ ҳам нобуд бўлган.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битимга келишганидан икки кун кейин, 21 январ куни Фаластиннинг бошқа ҳудуди – Ғарбий Соҳилда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Ҳужум «аксилтеррор операцияси» дея ниқобланган.
Исроил армияси Ғарбий Соҳилдаги ўнлаб биноларни портлатди. Яҳудий давлати армияси ушбу бинолардан террорчилар фойдаланганини иддао қилган. БМТ эса ҳудудда зўравонлик кучайиб кетганидан хавотир изҳор этган.

Ғарбий Соҳилда ўнлаб мактаб шикастланган ва таълим издан чиққан.
Фото: ЮНИСЕФ
Таҳлилчилар Ғазо секторини яшаш учун буткул яроқсиз ҳолга келтирган Исроил армияси эндиликда Ғарбий Соҳилда ана шундай вайронкор амалиёт ўтказаётганини айтмоқда.
ЮНИСЕФга кўра, Ғарбий Соҳилдаги жанговар ҳаракатларда тураржойлар, йўллар, мактаблар вайрон қилинган. Оқибатда таълим жараёни издан чиққан. Ҳудудда сув ва электр энергия таъминоти узилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин 46 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг камида 16 минг нафари болалардир.
«Save the Children» ташкилоти ёзишича, 21 мингга яқин фаластинлик бола дом-дараксиз йўқолган.
БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.
2024 йил июн ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter