Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Муаллақ дарвеш»... бир йилда нималар ўзгарди?

«Муаллақ дарвеш»... бир йилда нималар ўзгарди?

Фото: «Xabar.uz»

У ҳар куни 45 километр йўл босиб ишга қатнайди. Туризм ривожига қўшаётган ҳиссаси учун пул берилмайди.

Бундан бир йилча муқаддам Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги муаллақ дарвеш роли ижрочиси, театр актёри Бахтиёр Ашуров билан суҳбат уюштирган эдик. Хўш, кўплаб ҳамюртларимиз ва меҳмонлар қизиқиш билдирган мазкур ғоя ижрочиси бугун қаерда? Йил мобайнида дарвеш билан боғлиқ нималар юз берди? Қуйида шу хусусда билиб оласиз.

– Бахтиёр, илк саволимиз: сиз бугун ҳам театрга барвақт келиб, китоб ўқияпсизми? Ўтган бир йилда нималарни мутолаа қилдингиз?

– Ҳа, албатта, шу йил мобайнида мен кўплаб тарихий ҳамда замонавий асарларни олиб ўқишни жоиз деб билдим. Негаки ҳозирги кунда театрларда барча танбеҳлар саҳна асарлари учун ёзилаётган асарларга келиб тақалмокда. Мен ҳам бу борада шу кичкина «сир»га қизиқиб қолдим. Қизиққаним сабаби бир саволга бориб тақалади: нега аваллари томошабинлар олқиши ва талаблари билан саҳнадан тушмаган ўлмас асарлар бугунги кунда томошабинини кутмоқда? Бу, менимча, театрларда ижодий жараённинг сустлиги ва лоқайдликдан бўлса керак. Ўзимга хос изланишларимдан амин бўлишимча, улуғ устозларимиз муҳит, шароит, жой ва мансаб танлашмаган ва кўплаб китоблар ўқиб, ўз устида ишлашган.

Китоб ўқишни канда қилганим йўқ. Станиславскийнинг «Актернинг ўз устида ишлаши» ҳамда ўзбек классик асарларини тез-тез мутолаа қилиб тураман.

Дарвешлик «фаолият»ингиз қандай бўляпти? Одамлар ҳозир ҳам қизиқиш билдиришяптими?

– Биласизми, сайтингизда чиққан биринчи суҳбатимиздан сўнг кўпчилик мени таниб қолган. Бир йилда йигирма мартача тадбирларда иштирок этдим. Дарвеш ролида бир неча соат «муаллақ» ўтиришимга тўғри келган. Оёқларим оғримайди, увишмай қолган ҳозир. Ўрганиб қоларкансан, киши. Уч марта гастролларга чиқдик. Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган қовун сайлига таклиф қилишди. У ерда бизни катта қизиқиш билан кутиб олдилар. Томошабинлар қуршовида анча вақт қолишимизга тўғри келди. Ҳамкасблар ва дўстлар орттирдик. Мен одамларни бу даражада ҳайратда қолдирамиз деб ўйламагандим.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун туризм ўчоқларидан бири бўлмиш Бухорога сайёҳларнинг ташриф буюриши қай даражада?

– Мана, икки-уч йилдан буён туризм соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ички туризм йўналишлари жорий этилди, маҳаллий аҳолининг ҳам қизиқиши жуда катта. Биз, санъат аҳли ҳам бундан мустасно эмасмиз. Ижодий жамоамиз билан биргаликда меҳмонлар учун Бухоро амирлиги қўрғони бўлмиш Арк тарихий обидасида амирнинг қабул маросимини саҳналаштириб, хорижий ҳамда ички туризм сайёҳларига ҳавола этиб келяпмиз. Сайёҳлар сони сезиларли даражада ошган.

– Сиз муаллақ ўтирувчи дарвешсиз. Бухорода муаллақ турувчи икки аллома ҳам пайдо бўлганди. Уларнинг ижрочилари ким? Ҳар ҳолда ҳамкасбларингиз бўлса керак?

– Ҳа, улар менинг дўстларим, қадрдон ҳамкасбларим. Санъат ва маданият институтларини тамомлаган Нурали Турдиев, Илҳом Тоиров ва Рустам Раҳматов. Улар ҳам мазкур лойиҳаларда катта қизиқиш ва маҳорат иштирок этишди. Биз биргаликда кўплаб сафарларда бўлдик. Шаҳрисабздаги халқаро мақом фестивали, Тошкентда ўтказилган туризм ярмаркаси ва, юқорида айтганимдек, Сирдарёдаги қовун сайлларида. Бир оёқда муаллақ турувчи афанди, учар аллома ва муаллақ ўтирувчи дарвеш...

Тарихий обидалар масканида муаллақ ўтириш ва туриш аттракционларини бажарадиган актёрларга ҳақ тўланадими? Ҳар ҳолда сизлардан вақт, жисмоний куч талаб қилинади.

– Йўқ, бизга ҳақ тўланмайди. Чиқишларимизни шу бугунга қадар беминнат ва холисона ижро этиб келмоқдамиз.

Фото: «Xabar.uz»

Шахсий ҳаётингизда нима гаплар? Бухоролик бўла туриб ҳалиям Бухорода ижара уйда яшаяпсизми?

– Шахсий ҳаётимда бироз қийинчиликларга дуч келяпман. Отам оғир хасталика чалингач, ижара уйни тарк этишга тўғри келди. Ҳозир оила аъзоларим билан қишлоқдаман. Қизим шу ердаги мактабнинг иккинчи синфида ўқийди. Унинг қишлоқ шароитига кўникиши қийин кечяпти. Ҳар ҳолда кичкиналигидан шаҳар шароитига кўниккан эди. Турли тўгаракларга қатнаб турарди. Бадиий гимнастика, инглиз ва рус тилларини ўрганишни бошлаганди. Қишлоққа қайтганимиздан сўнг шаҳарни қўмсаб, хархаша қилгани-қилган. Тўғри-да, ахир қанча имкониятларни қолдириб келган, инжиқ ва хомуш бўлиб қолган.

Ростни айтсам, ўзим ҳам чарчадим. Ижарама-ижара яшаб, учта болани етаклаб, у ердан бу ерга кўчиш осон эмас.

Сизни саҳнада «Ҳиндистонлик келин» комедиясидаги ширкат раиси ролида кўрган эдим. Сир бўлмаса, театрда ойлик-маошингиз қанча? Уч нафар фарзандни боқишнинг ўзи бўлмайди. Рўзғорни бут қилиш, тирикчилик масалаларини қандай ҳал қиляпсиз?

– Ўзбекстон халқ артисти Убайдулла Бақоев томонидан саҳналаштирилган «Ҳиндистонлик келин» – соф туйғуларга бой асар. Ширкат раисига келсак, мен образимни севиб ижро этдим. Саҳнада яратган қаҳрамонимнинг тимсоллари ҳаётда учраб туради. Бундай инсонларни ёқтирмайман, негаки улар лаёқатсиз, мансабпараст ва шижоатсиз. Мен фидойи, жонкуяр, меҳнаткаш инсонларни ҳурмат қиламан.

Ойлик маошим... Аллоҳга шукр, рўзғорни тебратиб турибман. Аммо ҳар куни 45 километр йўл босиб, ишга қатнашнинг ўзи бўлмас экан. Уй-рўзғор, бола-чақа, уларни едириш, ичириш, кийинтириш... Ишқилиб амаллаяпман.

Фото: «Xabar.uz»

Тасаввур қилайлик, сиз театр директорисиз. Қандай ишларни амалга оширган бўлардингиз?

– Мен учун жуда қийин савол. Биласизми, ҳозирги замонда раҳбарлик жуда катта масъулиятни талаб қилади. Бугунги раҳбар кеча-ю кундуз изланиши, қўл остидаги ходимлардан юз чандон олдинда бўлиши ва ўзини бир оиланинг бошлиғи деб ҳис этмоғи зарур. Ходимларга вазифаларни тақсимлаш, асарлар қўйиш, пьесаларнинг муаллифлари билан ҳар бир образ устида алоҳида ишлаш талаб қилинади. Раҳбарнинг эртанги амалга оширадиган ҳар бир иши олдиндан янгича ва замонаваий бўлмоғи зарур.

Театр рекламаларини ниҳоятда бойитиш мақсадга мувофиқдир. ТВ, радио, газета, журналларда театр фаолияти ва пьесалардан хабарлар, анонслар бериш ва фақат қайноқ ижод қилиш зарур деб биламан.

– Муаллақ ўтирувчи дарвеш аттракциони баҳонасида сиз сайёҳлар билан «танишдингиз». Туризмни ривожлантириш учун яна нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

– Мен турли миллат сайёҳлари билан танишдим. Уларнинг қизиқишларини орттириш учун қадим даврлардан қолган шаҳар харобаларида мароқли учрашувлар уюштириш, обидалар олдида эртакнамо овқатланиш масканлари қурилса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Сунъий сув ҳавзалари, эко-боғлар, кўҳна давр руҳини бериш учун жонли от-аравалар, кечки гулхан атрофида чойхўрлик-гаштаклар ташкил этиш ҳам айни муддао. Хуллас, жуда кўп ишлар қилиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг