Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Машҳур актёрнинг қариялар уйидаги умр интиҳоси

Машҳур актёрнинг қариялар уйидаги умр интиҳоси

Рус киносининг 70-йиллардаги ёрқин юлдузларидан бири, машҳур актёр Леонид Куравлёв 85 ёшида вафот этди. У шу йил январь бошларида оғир аҳволда шифохонага ётқизилган эди. Куравлёвга зотилжам ва миянинг жиддий зарарланиши ташхислари қўйилди. Жамоатчиликни кекса актёрнинг бетоблигидан кўра, қариялар уйидан олиб келингани кўпроқ ҳайрон қолдирган эди.

 Болакай – сургун жойига!

Куравлёв чеҳраси ўзбек томошабинига жуда яхши таниш. Унинг иштирокидаги кўплаб фильмлар ўзбек тилига таржима қилинган. «Иван Васильевич касбини ўзгартиради», «Афоня», «Сиздан угина, биздан бугина» кинокомедиялари тез-тез намойиш этиб турилади...

Леонид Куравлёв 1936 йил 8 октябрда Москвада туғилган. Отаси Вячеслав Яковлевич асли Рязандан бўлиб, авиация заводида чилангарлик қиларди. У анча эрта вафот этди ва Леонидни онаси – сартарош бўлиб ишлайдиган Валентина Дмитриевна вояга етказди. Бироқ бу кўргилик ҳам узоққа чўзилмади. 1941 йили Валентина Дмитриевна чақимчиларнинг хабари туфайли судга тортилди ва шимолга – Мурманск вилоятига сургун қилинди. Она-бола бир-биридан жудо қилинди. Фақат орадан етти йил ўтгач, Валентина Дмитриевна ўғли билан бирга яшаш учун рухсат олишга эришди. 1948 йили Леонид яна онасининг дийдорини кўрди. Валентина Дмитриевна бир неча йил мобайнида сургун жойидаги Имандра кўли ёқасида ўғли билан яшади.

Сургун муддати тугаб, Москвага қайтишгач, Леониднинг дарсларни ўзлаштириши қийин кечди. У мактабда яхши ўқимасди. Айниқса, аниқ фанлар – математика, кимё ва физикадан орқада қоларди. Бу омил касб танлашига таъсир кўрсатди. Леонид болаликдан актёр бўлишни орзу қиларди. Унинг актёрлик қобилияти фақат ўнинчи синфда, мактабда саҳналаштирилган спектаклда роль ўйнаш чоғида намоён бўлди.

Мактабни тугатгач, қариндош қиз Леонидга ҳазил аралаш ҳужжатларини ВГИКка топширишини маслаҳат берди, бу даргоҳда у ёқтирмайдиган фанлардан имтиҳон олинмасди. Аммо ижодий танлов бўлиши ҳеч кимнинг эсига келмади. Куравлёв ўқишдан йиқилди. Ўшанда 1953 йил эди. Яқинлари ва дўстлари Леониднинг ВГИКка ҳужжат топширганини телбалик деб баҳолашди. Аммо Куравлёв тушкунликка тушмади. У Москвадаги «Оптик» артелига ишга кирди. Актёр бўлиш орзуси шунчалик ўй-хаёлини забт этгандики, икки йилдан сўнг яна ВГИКка ҳужжатларини топширди. Имтиҳонларга пухта тайёрланган Леонид бу гал ўқишга кирди.

Бироқ институтда ўқиш дастлаб жуда оғир кечди. Актёрлик бўлимига Борис Бибиков раҳбарлик қиларди. Бибиков Куравлёвда ҳеч қандай актёрлик иқтидорини кўрмади, шунинг учун бу талабани ўқишдан ҳайдашни талаб қилиб туриб олди. Куравлёв қандайдир мўъжиза туфайли институтда қолди. Ҳар тугул иккинчи курсда ўқиётганида ундаги тортинчоқлик йўқолди, ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлди, ҳатто қаттиққўл Бибиковнинг мақтовига эришди. Куравлёвга Ибсен драмасидан роль берилди. Қисқа метражли диплом иши бўлган «Бугун ишдан бўшатиш бўлмайди» фильмига таклиф қилишди.

Орадан бир йил ўтгач, 1960 йили омад яна кулиб боқди. Куравлёв «Мичман Панин» фильмида матрос Камушкинни ижро этди. Шу билан бир вақтда Василий Шукшиннинг диплом иши асосида «Лебажьедан хабар қиладилар» картинасида суратга тушди.

«Даҳшат» фильм – «Вий»

Куравлёвни томошабинлар учун актёр сифатида кашф этган режиссёр Василий Шукшин бўлади. Тўғри, бу бироз кейинроқ – 1964 йили рўй берди. Унгача эса, 1960 йили Леонид ВГИКни тугатиб, киноактёрлар театр-студиясига қабул қилинди. Куравлёв асосий ва майда ролларни ўйнаб юрди. 1961 йили у Шукшин билан бирга Никулин бош ролни ўйнаган «Дарахтлар катта бўлганида» мелодрамада суратга тушди. Ниҳоят Куравлёв ҳаётида бурилиш ҳисобланган 1964 йил келди. У Василий Шукшиннинг «Шундай йигит яшайди» ва «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» фильмларида суратга тушди.

Шукшиннинг «Печкалар-дўкончалар» фильми сценарийси Куравлёв учун махсус ёзилди. Бироқ у мазкур картинада суратга тушишдан бош тортди: «Мен ўша пайтлардаёқ бир қолипда қотиб қолмасликка ҳаракат қилар, турли ролларни ўйнаш ҳақида қайғурардим. Тўғри-да, дастлаб бир хил ролларни беришади, мендан фойдаланишади, кейин эса ўз ҳолимга ташлаб қўйишади».

Куравлёвнинг гапида жон бор. Масалан, Шурик ролини ижро этган Александр Демьяненко билан шундай бўлган, машҳур ролларидан сўнг уни кинога чақирмай қўйишган. «Таклифини рад этганим учун Шукшин ранжимади, у бундай тушунчалардан юқори турарди», – дейди Куравлёв. У интервьюларидан бирида ишонч билдиргани учун Шукшиндан миннатдорлигини айтиб ўтди. Кейинроқ, Василий Макаровичнинг ўлимидан сўнг у ўзининг ўғлига Василий деб исм қўйди.

1967 йили иттифоқ миқёсидаги биринчи «даҳшат» фильм – «Вий» экранга чиқди. Унда Леонид Куравлёв Хома Брут, Наталья Варлей бадавлат попнинг қизи – ялмоғиз ролини ўйнади. Фильмни яратиш ғояси маҳоратли режиссёр Иван Пирьевга тегишли эди. Аммо унинг вақти етмагани боис, олий режиссёрлик курси талабалари Георгий Кропачёв ва Константин Ершовлар «Вий»га режиссёрлик қилишди. Куравлёв-Варлейнинг ижодий дуэти муваффақиятли чиқди. Аммо қўрқинчли лавҳалар борлиги айтилиб, фильмни намойиш этиш тақиқлаб қўйилди.

"Вий" фильмидан. Бош ролларда: Леонид Куравлёв ва Наталья Вардей.

Агар 60-йиллар Леонид Куравлёвни машҳур қилган бўлса, 70-йиллар уни экраннинг мега-юлдузига айлантирди. Куравлёв иштирокидаги камида 3-4 та фильм намойиш этиларди. Роллари турли-туман амплуада эди: «Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ғаройиб саргузаштлари»даги Робинзон Крузо, «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси»даги фашист офицери Айсман, «Сўнгги қурбон»даги Миронович...

Жанжалкаш, ароқхўр

Жиддий роллари кўп, бироқ актёрга комик роллари томошабинлар меҳрини уйғотди. Айниқса, «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» фильмидаги Милославский роли маҳорат билан ижро этилган. Бу ролга Андрей Миронов синов топширган эди, Гайдай эса Куравлёвни маъқул кўрди ва адашмади. Дарвоқе, мазкур фильмни суратга олиш чоғида бир лавҳада Куравлёв Шпакка қўнғироқ қилиб, аёл овозида гаплашишни уддалай олмаган. Буни дубляжда актриса Наталья Кустинская бажарган. Куравлёв Леонид Гайдайнинг яна кўплаб фильмларида суратга тушди.

1975 йил «Афоня» экранларга чиқди. Актёр унда мутлақо ноанъанавий қаҳрамонни ўйнади. Касби чилангар бўлган Афоня Боршчёв – пора олади, жанжал чиқаради, ичади, мажлисда ҳайфсан билан сийланади, зерикади, қандай яшашни билмайди. Шунга қарамай, уни бир қиз севиб қолади. Афоня томошабин қалбидан жой олди. Фильм прокатда 62,2 миллион томошабин тўплади.

Орадан бир йил ўтгач, актёр «Сендан угина, мендан бугина» комедиясида иккита – ака-ука эгизаклар ролларини ўйнади. Фильм прокатда учинчи ўринни олди.

Куравлёнинг эпизодик роллари ҳам кўп: «Мимино»даги эндокринолог Хачикян, «Тимур ва унинг командаси»даги Георгий Гараев ва ҳоказо. Куравлёв ҳар қандай ролни маҳорат билан ижро этгани учун ҳам экранда намоён бўлиши қизиқиш уйғотган.

90-йиллар машаққати

Куравлёв кино ва телесериалларда 200 дан зиёд роллар ўйнади. Комик ва жиддий ролларни ҳам бирдек маҳорат билан ижро этди. 1979 йили Куравлёв Станислав Говорухиннинг «Учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас» телесериалида босқинчи қаҳрамон ролини ҳам қойилмақом қилиб ўйнади.

Унинг 80-йилларда ижро этган роллари орасида Алла Сурикованинг «Аёлни изланг» телефильмидаги нозир Гранден эсда қолган. Куравлёв билан бирга Софико Чиаруели, Сергей Юрский, Елена Соловей, Александр Абдулов, Леонид Ярмольник ҳам ёрқин роллар яратдилар. Шундан сўнг Леонид Вячеславович «Шерлок Холмс ва доктор Ватсон саргузаштлари», «Демидовлар», «Илон овловчи», «Биз жазданмиз», «Биринчи учрашув, охирги учрашув», «Самимият ила Сизнинг...» ва бошқа фильмларда суратга тушди.

90-йилларда актёрларга осон бўлмади. Кино кам ишлаб чиқарилар, суратга олингани ҳам савия жиҳатидан яхши эмас эди. Бошқа актёрлар қатори Куравлёв ҳам шундай фильмларда роллар ижро этди. «ДХҚ агентлари ҳам севадилар», «Рус мўъжизаси», «Русча ҳисоб-китоб», «Дерибасовда ҳаво яхши, Брайтон-бичда эса яна ёмғир ёғмоқда»... Мазкур фильмлар Куравлёв шуҳратига шуҳрат қўшмади. Ўзининг айтишича ҳам, бу ишлардан қониқмаган.

Ялтироқ билагузук ва китоблар

Кинодан ташқари Куравлёв телекўрсатувларда қатнашди. Жумладан, мухлислар уни «Оқ тўти»да кўришди. 1990 йил охирларида эса Куравлёв Вахтанг Кикабидзе билан бирга ялтироқ маъданли билагузуклар рекламасида суратга тушди. Шунингдек, янги китоблардан ҳикоя қилувчи «Леонид Куравлёв билан китоблар олами» теледастурини олиб борди. 2000 йиллардан бошлаб кинода кам суратга тушиб, асосан телесериалларда кўрина бошлади.

Ҳар ҳолда актёрга талаб бор эди. Кейинги пайтларда у кўпроқ ҳарбийлар ва милиция бошлиқлари ролини ўйнади. Жумладан, «Бригада» ва «Европа конвойи» фильмларида генерал, «Изқуварлар» сериалида жиноят қидирув бўлими полковниги Лютиковни ижро этди. Шунингдек, Жаник Файзиевнинг Борис Акунин асари асосида «Турк гамбити», «Шарқий Сибирь буғуси ови», «Усталар китоби» фильмларида суратга тушди.

Умуман айтганда, Куравлёв замонавий рус кинематографиясига юқори баҳо бермасди. Унинг айтишича, яхши тассурот қолдирадиган фильмлар кам, ўзи эса ҳар қандай фойдали бўлсин, ёқмаган фильмларни ҳеч бир иккиланишсиз рад этди.

Шахсий ҳаёт, ёлғизлик...

Леонид Куравлёв узоқ йиллар давомида фақат ўзининг аёлини севди. У мафтункор Ниночка билан танишганида ўн олти ёшда эди.

Оилавий альбомдан.

1960 йили турмуш қуришди. Оилада ўғил Василий ва қизалоқ Катя туғилди. Улар инглиз тили ўқитувчиси бўлган Нина Васильевна Куравлёва вафот этган 2012 йилгача бахтли яшадилар. Рафиқасининг ўлимидан кейин Куравлёв оммага деярли кўринмади. Ғам-ғуссага банди бўлди. Яқин танишларига монастирга кетаётанини айтиб, ҳайрон қолдирди.

Куравлёв, қизи ва ўғли.

Умри интиҳосида Куравлёвнинг қариялар уйида бўлгани ойдинлашди. У жисмонан заифлашиб қолган, нуқул ётар, деярли юрмасди. Таниб бўлмас даражада озиб кетган актёр умр шомини қариялар уйининг шинам хонасида ўтган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг