Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Тўртта хотинга рухсат берилади, деган гап қаердан чиқди?

Тўртта хотинга рухсат берилади, деган гап қаердан чиқди?

Угандалик сотувчи бир неча марта тўй қилишга пули йўқлигини айтиб, бирданига уч аёлга уйланган.

Фото: fishki.net

Давра суҳбатларидан бирида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбари Шерзод Шерматовга савол берилганди: «Ёшлар интернетда турли бўлмағур сайтларга киришяпти. Буни чеклашнинг чоралари кўриляптими?».

Шунда соҳа раҳбари бўлган вазир шундай жавоб берганди: «Рўзғорни ошпичоқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кундалик ҳаётда бир куннинг ўзида юзлаб марта ошпичоқдан фойдаланамиз. Аммо у жиноятчи қўлига тушиб қолса, совуқ қуролга айланиши мумкин. Интернет ҳам худди шундай нарса — энди унинг ҳаётимиздаги ўрнини ҳеч бир восита боса олмайди. Аммо жоҳиллар ундан ғаразли мақсадларда фойдаланишлари ҳеч гап эмас».

Дарҳақиқат, ҳозир бир кун интернетсиз яшасак, барча тизимлар ишида кескин орқага кетиш бўлади. Ўзимиз кундалик ҳаётимизда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар хизматидан кенг фойдаланамиз. Айнан улар ахборот алмашинувида борган сари кўпроқ ўрин эгалламоқда. Аммо улардаги хабарлар ҳар доим ҳам холис ва ҳаққоний бўладими?

Танишларимдан айримлари «тўртта хотинга рухсат берилармиш» дейишганда ҳазилга йўйиб, мийиғида кулиб қўйгандим. Кейин кимдир «шунақа қонун лойиҳаси кўрилаётганмиш, шу ростми?» деб мутлақо жиддий сўради. Бу саволни берган одам олдингиларига ўхшамас, зиёли инсон эди. Унга бундай бемаъни гапларга ишонмасликни атрофлича тушунтирдим.

Энг қизиқ саволни бир шифокор танишим берди — «Президент тўртта хотин олишга рухсат берибди. Шу эълон чоп этилган газетани топиб бера оласанми? Топа олмасанг шу қарорни ўзинг эълон қил, кўпчиликни қизиқтиряпти ахир». Шунда ҳар бир кишига тушунтириш наф бермаслигини, бундай миш-мишлар урчийверишини яққол англаб етдим.

Албатта, мен «Кўпхотинлиликка рухсат бериш керакми, йўқми?» деган саволни ўртага ташлаб, баҳс келтириб чиқармоқчи эмасман. Буни таҳлил қилиб, саволга аниқ жавоб бергудай илмим ҳам йўқ. Лекин бу гап шунчалик кўп тарқалаётган экан, ахборот хуружининг бу кўриниши қандай пайдо бўлишини тушунтирмоқчиман.

Турли давлатларда тўрттагача хотин олишга қонун томонидан рухсат берилгани рост. Лекин уларнинг турмуш тарзи бизникидан кескин фарқ қилади. Баъзан демократик давлатларда ҳам айрим депутатлар кўпхотинлиликка рухсат берувчи қонун лойиҳаларини тақдим этиб қолишади. Лекин уларнинг мутлақ кўпчилиги бу орқали ўзига эътибор қаратишни, шов-шув келтириб чиқаришни истайди.

Бизнинг тарихимизда бундай депутат бўлмаган, қонун лойиҳаси-ку ҳеч қачон кўрилмаган. Биринчи президентимиз ҳеч қачон бу мавзуга жиддий тўхталмаган.

Шавкат Мирзиёев президентликка киришган дастлабки вақтлардаёқ бу борада ўзининг қатъий позициясини билдирган, кўпхотинлиликнинг салбий жиҳатларини санаб ўтганди. Шундай экан, президентдан бундай қарорни, ёки оддийроқ қилиб айтганда рухсатни кутиш, бундан ҳадиксираш ёки «хурсанд бўлиш» энг камида кулгилидир.

Бу шунчаки ахборот замонидаги оддий бир хуруж — замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиб, кимдир (кимлардир) ҳазил ёки атайлаб тарқатилган ёлғонни миш-мишга, миш-мишни «дўстона» янгиликка, янгиликни эълон қилинмаган расмий хабарга айлантирмоқда.

Ўша хабарга эътибор беринг - ҳатто ёзилишидан уни тайёрлаганлар қанчалар саводсиз одамлар эканлиги яққол билиниб турибдику. Ҳали улар президент номидан бундай сафсаталарни тарқатишнинг жавобгарлигини билмаган, жазо муқаррарлигини англаб етмаган кўринади.

Бу шунчаки ахборот хуружи, муҳими бу сафсаталарга ишонмаслик.

Азиз юртдош, бундай бемаъни гапларга ишонманг, кимдандир эшитсангиз ҳам хато эканлигини тушунтиринг, асоссиз хабарларни тарқатиб, бу занжирнинг бир халқасига айланиб қолманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг