Кўпхотинлиликка рухсат берилгани бўйича миш-мишларга аниқлик киритилди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир хабар кўпчиликнинг эътиборини тортди:
«Ие? Ростанми?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 08 ноябрдаги ПҚ-2535-сонли Қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сонини кўпайтириш, демографияни ошириш мақсадида иккинчи хотинга уйланишга рухсат этилди. Қарор асл нусхаси Lex.uz сайтига жойлаштирилди».
Биз ушбу масала юзасидан Адлия вазирлигига мурожаат қилдик.
Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева вазиятга қуйидагича изоҳ бериб ўтди:
«Мазкур хабар мутлақо сохта бўлиб, буни исботловчи бир нечта фактларни келтириб ўтамиз.
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг қайд рақами олдидан ҳарфли қисқартмалар қўлланилмайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайд рақамидаги «ПҚ» шаклидаги қисқартмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига нисбатан қўлланилади.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси (www.lex.uz)да Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2535-сон қарори мутлақо мавжуд эмас.
Маълумот учун: «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардан бири ҳисобланади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ кўп хотинли бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Албатта, келтириб ўтилган хабар унинг муаллифи томонидан кишиларнинг эътиборини ўзига қаратиш, кўпроқ обуначиларни тўплаш ёки бошқа мақсадларда тарқатилган бўлиши мумкиндир, аммо хабарни тарқатишдан аввал масаланинг бошқа тарафи ҳақида ҳам ўйлаш лозим эди. Чунки бу каби хабарлар аҳолининг асл ҳақиқатдан чалғишига ва уларда давлат органларининг қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига нисбатан турли салбий фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек бундай хабарларнинг тарқалиши қонун ҳужжатларига нисбатан ҳурматсизлик бўлиши билан бирга аҳоли ўртасида худди шундай ҳурматсизлик кайфиятининг уйғонишига, бу орқали фуқароларнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончининг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин.
Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда ижтимоий тармоқларда қонун ҳужжатлари бўйича ҳар хил миш-мишлар ва бошқа уйдирмалар тарқатиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Фуқароларга эса бундай хабарларга дуч келганларида уларнинг тўғрилиги бўйича хулоса чиқаришга шошилмасдан дарҳол Қонун ҳужжатлари миллий базаси ва бошқа ишончли манбалар орқали берилган маълумотдаги фактларнинг қанчалик тўғри эканлигини текширишлари лозимлигини билдирамиз».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter