Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тишларни ювиш: нонуштадан олдинми ё кейин?

Тишларни ювиш: нонуштадан олдинми ё кейин?

Фото: «Берлинер курьер»

Тишларни ювишга ҳар ким ўзича ёндашади: айримлар нонуштагача, баъзилар эса кейин. Хўш, қайси бири тўғри? «Берлинер курьер» нашри бу масалага ойдинлик киритди.

Аслида ҳар овқатланишдан сўнг тишларни тозалаш керак. Аммо ҳар доим ҳам шароит бўлмагани учун кунига икки маҳал — нонушта ва кечки овқатдан кейин тишларни ювиш тавсия этилади. Бироқ битта лекини бор.

Овқатдан сўнг тиш эмалининг сезувчанлиги ошиб кетади

Овқатлангандан сўнг тиш эмалининг сезувчанлиги ошиб кетади. Овқатланиб бўлибоқ тишларни ювишга шошилманг. Бу тишлар учун зарарли. Чунки таом таркибидаги турли кислоталар тишларга таъсирини ўтказади.

Масалан, мева шарбатлари кислоталарга мўл. Қолаверса, шакарга бой егуликлар ҳам кислота манбаи.  Кислоталар таъсирида заифлашиб қолган тиш эмалига тиш чўткаси шикаст етказиши мумкин.

Тишларни қачон ювиш керак?

Стоматологлар овқатдан кейин, айниқса, кислотага бой овқатлардан сўнг, 30 дақиқагача тишни ювмай туришни тавсия қилишади. Бу орада тиш микрофлораси баланси тикланишга улгуради ва тишлар табиий ҳимоя тизимига эга бўлади.

Агарда ярим соат кутишга вақтингиз бўлмаса, тишингизни овқатланишдан олдин ювинг.

Тишни қанча вақт ювиш керак?

Катта ёшли инсонлар ўртача икки дақиқани тишларини ювишга сарфлашлари керак. Ёши улуғ инсонлар ва болалар бунинг учун сал кўпроқ вақт ажратишса фойдадан холи бўлмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг