Бухоро болалар стоматология поликлиникаси: Хонада туриб, бемор ёки тиббиёт ходими билан мулоқот қилиш имкони бор (видео)
Бухоро вилоят болалар стоматология поликлиникаси бир кунда 350 нафар бемор қабул қилиш қувватига эга.
Поликлиникада 1-болалар даволаш бўлими, 2-болалар даволаш бўлими, 1-ва 2-профилактика бўлимлари, шунингдек, ёши катталар учун пуллик тиббий хизмат кўрсатиш бўлимлари мавжуд. 70 дан ортиқ даволаш хоналарига эга икки қаватли поликлиникада физиотерапия хонаси, зарарсизлантириш хонаси, тиш техникалари хонаси, жарроҳлик хонаси, терапия, парадонтология, ортопедия, эндодонтия ва ҳоказо хоналар бор.
– Поликлиника ва унинг бўлимларида болалар саломатлиги йўлида жами 220 нафар тиббиёт ходими фаолият кўрсатади, – дейди биз билан суҳбатда поликлиника бош шифокори Элбек Воҳидов. – Улардан 25 нафар шифокор Бухоро шаҳридаги 25 та ўрта умумтаълим мактабларида болалар ўртасида тиш касалликларини олдини олиш мақсадида профиликтика ишлари билан шуғулланишади. Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 11 та оилавий поликлиникаларида ҳам худди шундай 25 нафар стоматолог шифокор хизмати йўлга қўйилган. Вилоятдаги ягона ташкилий услуби марказ саналган ушбу поликлиникага туну кун навбатчилик ташкил қилинган. Шу боис ҳам бу ерга нафақат, вилоятнинг турли туман, шаҳарларидан, балки Навоий, Қашқадарё вилоятларидан ҳам беморлар келиб, ўз дардларига шифо топиб кетишаяпти.
Элбек Воҳидовнинг сўзига кўра, Жанубий Корея ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган 15 дан ортиқ тиббий ускуналар келтирилган.
«Барча даволаш чоралари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитария ҳолатларига мослаштирилди. 35 нафар болалар тиш шифокори Самарқанд давлат тиббиёт институтининг Дипломдан кейинги таълим факультетида мутахассислиги бўйича таҳсил олишиб, ихтисослаштириш курсларни ўташди. Ва бу билан малакали тиббий сифат хизматлари кўрсатишга эришилди», – сўзида давом этди Элбек Воҳидов.
Билдирилишича, илгари ҳам поликлиникада кузатув-камера мосламаси бўлган. Бугунги кунга келиб эса ушбу кузатув мосламаси интеграция услубида янгиланган. Бу орқали поликлиникада мавжуд 70 га яқин хонада беморларга хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг иш жараёни бевосита кузатиб борилади.
Бу бевосита беморга кўрсатилаётган малакали хизмат назоратини тўлиқ ташкил қилишда, юзага келиши мумкин бўлган айрим тушунмовчилик ҳолатларини бартараф этишда, шифокорлар хавфсизлиги ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоялашда асқотади.
«Хонада туриб, бемор ёки тиббиёт ходими билан мулоқот қилиш имкони яратилди. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда кузатувимизча, жойларда тиббиёт ходимларига тажовуз содир этилаётгани ёхуд тиббиёт ходимлари томонидан коррупцияга йўл қўйилаётгани ҳолатлари юзага келмоқда. Демак, бу видеомослама бевосита зиддиятли ҳолатларни адолатли бартараф этишда кўмакдош вазифасини ўтайди. Асосийси, ҳар бир тиббиёт ходими ўз хизмати давомида ички тартиб-қоидаларига, одоб-ахлоқ меъёрларига тўла амал қилиш лозимлигини теранроқ англайди», – деди бош шифокор.
Реклама
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter