Қуёш нури кимларни зарарлайди?
Хасталикнинг олдини олиш ва муаммони бартараф этиш учун бир нечта оддий профилактик қоидаларга риоя этиш талаб этилади.
Қуёшда терининг таъсирланиши қандай дард?
Бу ҳолат фотодерматоз деб аталади. У терининг қуёш нурига ҳаддан зиёд жавоб реакцияси ҳисобланади. Теридаги тошмалар қуёш нури таъсир эта бошлагандан дақиқалар, соатлар ва суткалар ўтиши билан вужудга келиши мумкин. Кечиши эса ҳафталаб, ойлаб вақтни олиши билан хавфли. Фотодерматозлар бошқа тери касалликларга хос бўлмаган белгиларга эга. Унинг асосий симптомлари қизариш, тери қичишиши, тери пўстининг кўчиши, қорин бўшлиғида пуфакчалар пайдо бўлиши билан кечади. Натижада терида қизиш реакцияси кучайиб, баъзи ҳужайралар ўлиб кетади, бу эса кучли яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин.
Тошмалар асосан тананинг қаерида кузатилади?
Тошмалар асосан тананинг очиқ соҳаларида пайдо бўлади. Масалан, улар биринчи навбатда пешонада, кейин яноқлар, бурун, қулоқ супралари, бўйиннинг орқа-ён соҳалари, кўкракнинг олд-юқори қисми, қўл-оёқларнинг ёзувчи жойларида ҳам кузатилиши мумкин. Қовоқлар, бурун, лаб бурмалари, бармоқлар ораси, қулоқ супралари орти териси, ияк-даҳан ости териларига қуёш тегмаслиги сабабли бу жойлар кўп зарарланмаслиги мумкин. Аммо тошмалар кузатилмайдиган соҳалар ҳам ташхислашда катта аҳамиятга эгадир. Маҳаллий иммунитетнинг баландлиги, қорайган соҳанинг ҳимоя қилиш хусусиятига кўра очиқ терилар ҳар доим ҳам жароҳатланмаслиги мумкин. Аксинча, кийимлар терини етарлича ҳимоя қила олмаслиги сабаб ёпиқ жойлар ҳам қуёш тиғидан зарарланишини ҳам кузатамиз. Бу ҳолат асосан қуёш нури тик тушадиган вақт эрталабки соат 10 дан кечки 4 гача давом этади.
Қуёш нури ҳам аллерген сифатида юзага чиқадими?
Фотодерматоз қуёш нури ва ультрабнафша нурларининг алергиясидир. Аммо қуёш нурида аллергенлар мавжуд эмас. Терининг сезувчанлиги ошиши ва тери устида жойлашган моддалар фотосентезаторлар билан рағбатлантирилади. Кўпинча ушбу хасталик билан ҳаваскор боғдорчилар, электропайвандчилар, ЭҲМ операторлари зарар кўрадилар. Сабаби, улар кун мобайнида люминисцен лампалар билан ёритилган хоналарда ишлайди ёки қуёш тикка келганда ҳам далада қолади. Анамнез тўплашда беморнинг умумий ҳолати обдон ўрганилади.
Нима қилиш керак?
Хасталикнинг олдини олиш ва муаммони бартараф этиш учун бир нечта оддий профилактик қоидаларга риоя этиш талаб этилади. Фотосенсибилизация таъсирга эга бўлган барча дори-дармонлар ва бошқа турдаги воситаларни чеклаш зарур. Соат 10:00 дан 16:00 оралиғидаги қуёш нуридан сақланиш, юмшоқ ва пахтали ҳимоя кийимларни кийиб юриш, тўғри ва мувозанатли овқатланишни ташкил этиш, кўпроқ сув ичиш (камида 2 литр), шифокор тавсиясига кўра дори-дармонларни қабул қилиш, терининг яллиғланишига олиб келадиган потологияларни ўз вақтида даволаш, мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб туришни таъминлаш. Мураккаб даволаш ва профилактика қоидаларига содиқлик билан амал қилиш орқали тўлиқ тикланиб кетишга эришиш мумкин.
Шунингдек, даволашда маҳаллий даво ва теридаги ўзгаришларга мос кортикостероидли суртмалар тавсия этилади. Оғир ҳоллларда нур билан даволаш курслари ўтқазилади ёки кортикостероидлар ва иммунодепресантлар буюрилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter