Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ходимга нисбатан хизмат текшируви қандай ҳолларда белгиланади?

Ходимга нисбатан хизмат текшируви қандай ҳолларда белгиланади?

Савол: хизмат текшируви, тартиби ва муддатлари бўйича тушунча берсангиз...

Меҳнат кодексининг 302-311-моддалари хизмат текширувини тартибга солади. МК 302-моддасига кўра, хизмат текшируви ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, унинг содир этилишида ходимнинг айбини, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни, иш берувчига етказилиши мумкин бўлган моддий зарарнинг хусусияти ва миқдорини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган текширишдир.

МК 303-моддасига кўра, иш берувчи хизмат текшируви ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Хизмат текшируви ўтказиш тўғрисидаги қарор тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам хизмат текшируви ўтказишга иш берувчи мажбур эмас. Масалан, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлик факти тасдиқланди, иш берувчи ушбу ходимга хизмат текширувисиз ҳам интизомий жазо қўллашга ҳақли.

МК 308-моддасига кўра, хизмат текширувини ўтказиш муддати 15 иш кунидан ошмаслиги керак.

Хизмат текширувини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда, объектив сабабларга кўра тугаллаш мумкин бўлмаган алоҳида ҳолларда, иш берувчи комиссиянинг асослантирилган важлари асосида хизмат текширувини ўтказиш муддатини яна 15 иш кунигача узайтиришга ҳақлидир.

Савол: турмуш ўртоғим иш жойидан штат қисқариши муносабати билан огоҳлантирилди ва 2 ойлик огоҳлантириш даврининг 1 ойи учун компенсация олди. Бироқ фойдаланилмаган меҳнат таътили ҳамда яна бир ойлик маоши шу кунга қадар тўлаб берилмади.

Бу каби компенсация пуллари ва ойлик маошлари ходим ишдан бўшаганидан кейин қанча муддатда тўлаб берилиши керак?

МК 234-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.

МК 172-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак.

Ҳисоб-китоб ходимга:

  • охиригача олинмаган иш ҳақини;
  • ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни;
  • агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.

Демак, турмуш ўртоғингизга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация, иш ҳақи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни тўлаб берилиш лозим эди.

Aгар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, судга, меҳнат инспексиясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилинг ёки қуйидаги ишонч рақамларига телефон қилинг: +99871 200 06 00 (Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ), 1007 (Бош прокуратура) , 1008 (Aдлия вазирлиги).

Диққат! МК 560-моддасига кўра, ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 6 ой ичида судга мурожаат қилиши мумкин.

Савол: пенсияга чиққандан сўнг неча ёшга қадар ишлаш мумкин?

Меҳнат қонунчилигида ходим фалон ёшдан кейин ишлай олмайди деган чеклов йўқ (қонунчиликдаги айрим ҳолатлар бундан мустасно, масалан учувчилар, судьялар учун максимал ёш чегараси белгиланган). Яъни Сиз қонунчиликдаги истисноларга тушмасангиз, пенсияга чиқиб ҳам бемалол ишлашингиз мумкин.

МК 4-моддасига кўра, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир.

Саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг