Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таътил пули 3 кун муддат ичида тўлаб берилмади: қандай йўл тутилади?

Таътил пули 3 кун муддат ичида тўлаб берилмади: қандай йўл тутилади?

Савол: таътил пули 3 кун муддат ичида тўлаб берилмади: қандай йўл тутилади?

МК 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, бироқ таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Демак, эътибор беринг, таътил пули таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади. Масалан, сиз 13 октябр куни таътилга чиқсангиз, 12 октябр кунига қадар (шу куни ҳам) таътил пули тушиши шарт экан.

Агар таътил пули ўз вақтида тушмаса, иш берувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, МК 333-моддасига кўра, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт

Савол: Иш куним ҳафтада 6 кун. Иш вақтим ҳам 8 соат. Бироқ, мен соат 17:00 дан 20:30 га қадар ҳам мажбуран кечки ишга қолдириляпман. Бу ҳолатга қарши қандай йўл тутсам тўғри бўлади?

МК 182-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

МК 185-моддасига кўра, ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги:

а) ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун:

олти кунлик иш ҳафтасида — етти соатдан;

беш кунлик иш ҳафтасида — саккиз соатдан;

б) ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекснинг 416-моддасида белгиланган давомийликдан;

в) ногиронлиги бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекс 427-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган давомийликдан;

г) ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекснинг 478-моддасида белгиланган давомийликдан ошиши мумкин эмас.

МК 189-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш эса ходимнинг розилиги билан амалга оширилади, модданинг 6-қисмидаги ҳолатлар бундан мустасно.

МК 190-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ошмаслиги керак.

МК 5-моддасига кўра, Мажбурий меҳнат тақиқланади.

Мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади. Жазо деганда жисмоний шахснинг ихтиёрий розилиги мавжуд бўлмагани ҳолда, ушбу шахсга нисбатан уни меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш таҳдиди тушунилади.

Савол: Деҳқонободдаги калий заводида Тоғ-кон ерости мажмуасининг навбатчи электр мантёри бўлиб ишлайман. Ер остида мазам бўлмай ётган жойимда техника хавфсизлиги ходимлари мени суратга тушириб кетган эди. Тегишли буйруқ билан менга «Ҳайфсан» берилди. Мен ўз тушунтириш хатимда ҳам соғлигим билан боғлиқ муаммо бўлганини ёзганман. Юқоридаги вазиятда менга интизомий жазо берилиши қонунийми?

МК 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши ходимни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Интизомий қилмиш деганда ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (меҳнат (лавозим) мажбуриятларининг бузилиши) тушунилади.

Агар ходимнинг ўз меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган бўлса (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун иш берувчи томонидан зарур шарт-шароитлар таъминланмаганлиги, форс-мажор ҳолатлари ва ҳоказоларда), ходимни интизомий жавобгарликка тортишга йўл қўйилмайди.

МК 313-моддасига кўра, иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар, шу жумладан, агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, агар ҳақиқатдан ҳам мазангиз бўлмай ўз хизмат вазифаларингизни бажармаган бўлсангиз, Сизга нисбатан қўлланилган интизомий жазо ғайриқонуний ҳисобланади, агар аксинча бўлса Сизга нисбатан жазо тўғри қўлланилган ҳисобланади.

Агар интизомий жазо ғайриқонуний қўлланилган деб ҳисобласангиз, МК 560-моддасига кўра, ҳуқуқингиз бузилганлигини билган ёки билишингиз керак бўлган кундан эътиборан 6 ой ичида судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг