Ходим энг кўпи билан неча ставкада ишлаши мумкин?
Савол: ишхонамда 1 ставка асосий ва 0,5 ставка ўриндошлик асосида ишлаб келаман. Яна қўшимча равишда 12 соат дарс ўтишим мумкинми?
Меҳнат кодексининг 437-моддасига кўра, ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларининг шифокор ходимлари мустасно). Яъни содда қилиб тушунтирганда жами 1.5 ставкадан ортиқ ишлашингиз мумкин эмас. Фақатгина шифокорлар ва 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа санъати бўйича профессионал таълим ҳамда олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлган, камида 3 та миллий мусиқа чолғуларида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларгина 2 ставкада ишлашлари мумкин.
Савол: мактабда директор ўринбосари лавозимида ишловчи ходимга 40 календар кундан иборат меҳнат таътили берилган эди. Мазкур ходимни таътилининг 14-кунидан кейин ишга чақириб, қолган 26 кунини пулли компенсацияга алмаштирса бўладими?
МК 234-моддаси 2-қисмига кўра, ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили учун таътилнинг ушбу Кодекснинг 217-моддасида белгиланган энг кам давомийлигидан ташқари (21 календарь кун) пулли компенсация тўланиши мумкин. Демак, таътилнинг 21 календарь кундан ортиқча қисми учун пуллик компенсация қилиниши мумкин.
Диққат! Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга бериладиган ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, ҳар йилги узайтирилган асосий меҳнат таътилларидан, шунингдек ушбу Кодекснинг 481 ва 483-моддаларида назарда тутилган қўшимча таътиллардан асли ҳолида фойдаланилади ҳамда меҳнат даврида уларни пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Савол: мактаб директориман. Устимдан ёзилган «юмалоқ хат»лар сабаб мени вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига чақиришди ва бошқармадан келиб мактабимда текширув ўтказилгани ва камчиликлар аниқлангани ҳақида тушунтириш хати ёздириб олишди. Аслида ҳеч қандай текширувлар бўлиб ўтмаган эди. Юқоридаги тушунтириш хатимни асос қилиб эса менга «Ҳайфсан» берди. Шундай қилишлари мумкинми?
МК 300-моддасига кўра, интизомий жавобгарлик ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир.
МК 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши ходимни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Интизомий қилмиш деганда ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (меҳнат (лавозим) мажбуриятларининг бузилиши) тушунилади.
Агар ходимнинг ўз меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган бўлса (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун иш берувчи томонидан зарур шарт-шароитлар таъминланмаганлиги, форс-мажор ҳолатлари ва ҳоказоларда), ходимни интизомий жавобгарликка тортишга йўл қўйилмайди.
МК 312-моддасгига кўра, иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар шу жумладан, агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
МК 313-моддасига кўра, иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади. Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган деб ҳисобланади.
Демак, Сизга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо қўлланилиши учун меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилинган бўлиши шарт, акс ҳолда интизомий жазо ғайриқонуний қўлланилган деб топилади. МК 560-моддасига кўра, Сиз ҳайфсан олганингизни билганиздан бошлаб 6 ой ичида интизомий жазо устидан судага мурожаат қилишга ҳақлисиз. МК 562-моддасига кўра, ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат этганда суд харажатларидан озод қилинади.
Саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter