Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Умида Тешабоева: «Ёшлар китоб ўқимайди деманг, улар ҳатто тақризчи, тарғиботчи ва таржимон»

Умида Тешабоева: «Ёшлар китоб ўқимайди деманг, улар ҳатто тақризчи, тарғиботчи ва таржимон»

Ҳозир ёшлар китоб ўқимайди, биз вақтида жуда китобхон эдик, деган стереотип қарашлардан қутула олмаётгандекмиз. Ҳақиқатдан ҳам ҳозир ёшлар ўқимайдими, вақт ва имкониятларини мутолаага сарфламайдими?

Аслида, бу стереотип қараш ва ҳақиқатни акс эттирмайди. Бугунги китобхон шунчаки ўқувчи эмас, балки ўз билим ва салоҳиятларини амалга ошираётган ижодкор, таҳрирчи ва таржимон сифатида ҳам жамиятда ўз ўрнини топмоқда.

Масалан, бизнинг давримизда ёшлар китобхонликни кўпроқ фақат бир қаҳрамоннинг ҳаётига қизиқиш билан боғлар эдилар. Ҳикоялар, романлар орқали ўзлари учун янги дунё очар, лекин эътибори ҳикоядаги қаҳрамон ёки воқеа марказида бўларди. Мутолаа кўпинча кўнгилочиш ёки тасаввурни ривожлантириш учун хизмат қиларди...

Худди шу фикрларимни бир тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхона раҳбари Умида Тешабоева билан ўртоқлашгандим, суҳбатдошим ўшанда «мен жуда кўп ёшларнинг блогларини кузатаман, китобхонлик гуруҳларига аъзоман, битта нарсани айта оламан бизда бундай китобхонликка тарғиб қилиш имконияти бўлмаган...»

Ва ўша кичкина суҳбат дебочаси вақт ўтиб катта суҳбатга айланди...

Мен ва сиз ўша даврнинг китобхони бўлганмиз, аммо тан олайлик, ҳозирги ёшлардек китобни таҳлил ва таржима қилиш, тақриз ёзишдек ишларга қўл ура олмаганмиз. Бизнинг давримиздаги китобхонлик маданияти бугунга келиб умуман бошқача шаклланаётгандек...

– Ҳозирги ёшлар китоб ўқимайди, деган фикрга мана шу соҳа мутахассиси сифатида қўшила олмайман. Уларнинг мутолаа ҳақидаги тушунчалари анча бошқача. Биз бир пайтлар кўпроқ бадиий китоб ўқирдик ва қаҳрамонлар ҳаёти билан яшардик. Ёшлар эса ҳозирги пайтда нафақат бадиий адабиёт, балки китобхонликнинг анча кенг ва мураккаб йўналишларига қизиқмоқда. Улар илм-фан, технология, тарих, психология, ижтимоий муаммолар, иқтисодиёт ва бошқа турли мавзуларда китоб ўқишга интилади. Ва шу билан бирга ўсиш, ўз устида ишлаш, шахсий ривожланиш ҳақидаги манбаларга жуда кучли интилишлари бор. Яна улар ўз билимларини фақат ўқиш билан чекламай, таржима, таҳрир қилиш, блоглар ёзиш, ижтимоий тармоқларда фикр алмашиш орқали ҳам мустаҳкамлайди. Бу эса  нафақат китобхонлик, балки интеллектуал фаолиятнинг ҳам ўсаётганини кўрсатади.

Шу тариқа ёшлар нафақат китоб ўқияпти, балки ўқибгина қолмай, уни қайта ишлаш, қайта ифода этиш ва жамиятга тақдим этиш билан ҳам шуғулланмоқда. Яъни китоб ва китобхонликка муносабат каби тушунчалар давр талаби ва эҳтиёжи асосида у ёки – бу шаклда ўзгариб борган бўлиши мумкин. Муҳими, китоб инсониятнинг энг буюк кашфиёти сифатида ҳамон ўз қадр-қимматини йўқотмай, яшаб келаётганидир.

– Демак ёшлар китоб ўқимаяпти, деган маломат эмас – уларнинг ўқиётганини кузатиш ва ўрганиш бугунги китобхонга  мотивация беради...

– Қачонки, биз ёшларнинг ҳақиқий қизиқишлари, ўқиш услублари ва билим олиш йўлларини тушуниб олсак, муносабатимиз ҳам ўзгариши мумкин. Яъни бу  уларнинг ҳаётга, жамиятга бўлган қарашларини ҳам англаш демакдир.  Айтмоқчиманки, ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини фақат ташқи кўринишлар ёки умумий стереотиплар асосида баҳолаш нотўғри. Мутолаа янги технологиялар ва замонавий воситалар билан боғлиқ равишда сезиларли даражада ошди. Масалан, электрон, аудио китоблар ва онлайн платформадаги курслар ёшларга билимни қулай ва самарали тарзда қабул қилиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда ташкил этилган китоб клублари, муҳокама гуруҳлари ёшларни ўзаро фикр алмашишга, янги китобларни кашф этишга рағбатлантиради.

 Бугунги ёшлар фақат ўқувчи эмас, улар таржима ва таҳрирчилик салоҳиятини ҳам ривожлантирмоқда.

Яъни «Биз ўқирдик, ҳозирги ёшлар ўқимайди», деган гаплар ҳақиқат эмас,  балки ёшликни, ўтмишни идеаллаштириш билан боғлиқми?

– Бу гап кўпинча ностальгия билан аралашган умумлаштиришдир. Одамлар ўз ёшликларини идеал ҳолатда эслашга мойил – бу психологик жиҳатдан табиий. Улар ўз вақтида ўқиган китобларини, даврнинг жозибасини эслаб, ҳозирги авлодни уларнинг фонида баҳолайдилар. Аслида, ўша даврда ҳам китобхонлар қаторида умуман қўлига китоб ушламаганлар ҳам бўлган.

Бугунги китобхон танлаш имконига эга, яъни ахборот танлови кўпайган. Авваллари ахборотни китоб, кутубхона, телевидение ва радиодан олардик. ТВ ва радиони бошқара олмасдик, нимани тақдим қилишса шуни кўрардик, Олдин китоб – асосий билим манбаи эди. Энди эса китоблар ёнига аудио китоблар, турли китобхонлик гуруҳлари, шахсий блоглар қўшилди.

– Кутубхонадаги кузатувларга кўра, сўнгги 2-3 йилда китобхонликка бўлган қизиқиш қандай ўзгармоқда? Қайси йўналишдаги асарлар ёшлар орасида оммалашган?

– Ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг интернетдан кенг фойдаланаётгани, қолаверса, фикр эркинлиги, рекламанинг жадал ривожланиши, машҳур асарларнинг таржима нусхаларининг кўпайиши ёшларни китобхонликка қайтарган омиллардан. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, китобхонлик ва китобхонликни тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, кутубхоначилик соҳасига оид қатор ҳужжатлар имзоланди. Натижада кутубхоналарда замонавий шароитлар яратилди. Биламизки, ёшларни замонавий шароитлар, техника-технологиялар доим қизиқтириб келган. Энди йўналишларни айтадиган бўлсак, тилшуносликка, замонавий касбларга оид адабиётлар доим трендда. Масалан, компьютер технологиялари, дастурлаш тили, арт-дизайнерлик.... Ҳозир ёшлар ҳатто Алишер Навоийнинг асарларини тилни билгани учун турк тилида ўқиб солиштириш имконига ҳам эга. Биз у пайтлари нари борса рус тилида китоб ўқирдик, улар бугун рус, турк, инглиз, хитой тилида мутолаа қилмоқда.

– Кутубхонага келувчи ёшлар сони қайси йилдан кўтарилиши кузатила бошлади? Айтайлик 10-15 йил олдин билан солиштирганда. Яъни китобхонлик бўйича қандай ҳаётий, илҳомлантирадиган мисоллар келтирган бўлардингиз?

–   Миллий кутубхонанинг янги биноси 2012 йилдан хизмат кўрсатишни бошлаган, аввал бино 3 та эди, буюртмалар кунлаб бажарилган, рақамли контент билан хизмат кўрсатиш оммавий бўлмаган, чунки техника етишмаган. Энди эса ўқув заллари ҳамда улардаги кўп эҳтиёж сезиладиган адабиётлар жойлаштирилган очиқ фондларнинг кўпайиши, мулоқот майдони, кутубхона аураси деймизми, муҳити деймизми, кутубхонага келувчи ёшлар сонини кўпайишига сабаб бўлди. Бир пайтлар кутубхонага кириб-чиқишдаги масалалар ижтимоий тармоқда кўп кўтарилган. Ҳозирда кириб-чиқиш енгиллаштирилган, фақат қўриқлаш хизмати бор. Шу боис ўқувчиларимиз сони кўпайди. Республика миқёсида Миллий кутубхона тизимидаги вилоят кутубхоналари сонини ошираяпмиз. Масалан Самарқанд ва Навоийда кутубхона учун бино қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Лекин Қорақалпоғистон Республикаси ахборот-кутубхона марказимиз учун бино зарур. Чунки ўқувчилар кўпаймоқда, демак жой етишмаслиги муаммоси учраб турибди. Китобхонга биринчи навбатда шароит яратилиши, имкониятларни тақдим этиш ва танлаш ҳуқуқини бериш керак! Шунда кутубхона китобхонларини йўқотмайди, кўпайишини таъминлайди. Илҳомлантирадиган томони ҳақида айтсам, бошқа кутубхона, китоб дўкони, интернет дўконларда топилмайдиган нашрларнинг кутубхонамиз фондларидан топилгани. Буни китобхон билади! Ҳозирда Миллий кутубхона имкониятлари кенгайган, чунки ягона электрон каталог орқали 14 та ҳудуддаги вилоят кутубхоналаримиздан нашрлар изланади, буюртмалар амалга оширилади. Лекин, бу 100 фоиз буюртмалар бажарилди дегани эмас ва бу табиий, дунёдаги энг йирик кутубхоналар амалиётида ҳам бундай ҳолат кузатилади. Бир ўқувчи излаган манбасини топса мамнун, топмагани эса кутубхонамизда йўқ, дея турли фикрларни айтишади.

Яна бир қувонарли ҳолат кўплаб катта-кичик ҳамкор ташкилотлар билан лойиҳалар амалга ошириляпти. Масалан, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филлиали ва Вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорликда «Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун» лойиҳаси... Давлат хизматчиси сиз ва биз, демак кутубхонага аъзо бўлиш, ундан фойдаланиш китобхонликни кенгайтиришда аҳамиятли. Рақамларга эътибор беринг: мазкур лойиҳа доирасида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари ҳамда комплекс таркибига кирувчи барча бошқарма ва ташкилотлардаги давлат хизматчилари тўлиқ иштирок этишмоқда. Ушбу лойиҳанинг илк натижаларини олсак, 2024 йил давомида жами Фарғона вилоят ва туман, шаҳар ахборот-кутубхоналар аъзолик сони 19 минг нафардан ошган, яъни ўртача бир ой давомида 16 минга яқин янги китобхон аъзо қилинган. Ушбу лойиҳа бошлангандан (январ ойида) вилоят ва барча туман, шаҳар ахборот-кутубхона марказларига давлат хизматчиларининг аъзолик сони 53401 нафарни ташкил этди. Бу кутубхонага аъзолар сонининг ўтган йилга нисбатан 3.3 баробарга ошганини кўриш мумкин.

– Кутубхонадаги энг кўп ўқиладиган муаллифлар кимлар ва қайси китоблар?  

– Миллий кутубхона ижтимоий тармоқлари орқали ҳар ой якунида китобхонлар томонидан энг кўп мутолаа қилинадиган адабиётлар топ 10 талигини бериб боради. Бу маълумотлар Миллий кутубхонанинг асосий фондига ҳамда очиқ фондларга китобхонлар томонидан бериладиган буюртмалар асосида аниқланади. Чунки буюртмаларнинг статистикаси доимий равишда кутубхона мутахассислари томонидан юритилиб борилади.  Ана шу маълумотлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда  ўзбек муаллифларидан Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Комил Синдаров, Тоҳир Малик, Жавлон Жовлиев, Саид Аҳмад, Тоғай Мурод, Улуғбек Ҳамдам... Жаҳон бестселларидан таржима асарлар. Хусусан, Жеймс Клир «Атом одатлар», Жорж Оруэлл «1984», Дэн Браун «Рақамли қалъа», Роберт Грин «Ҳокимиятнинг 48 қоидаси», Дэниел Киз «Элжернонга аталган гуллар».... Бу рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Шунингдек фойдаланувчилар ўртасида онлайн сўровномалар ўтказиш орқали ҳам  охирги вақтда ўқиётган китоби, кўрсатилаётган ҳизматлар, кутубхона ҳақида фикрларини ўрганиб борамиз ва бу ўз навбатида хато-камчиликларимиз устида ишлашимизга қўл келмоқда.

– Ҳозирги ёшлар фақат китоб ўқибгина қолмай, таклифлар, таҳлиллар, рецензиялар ҳам ёзмоқда, дедик. Кутубхона бу жараёнларни қандай қўллаб-қувватлаяпти?

 –   Сиз ҳозир китобхонликнинг энг юксак босқичи ҳақида тўхталдингиз. Фаол китобхонлик – яъни, ёшлар фақат ўқувчи эмас, балки ижодкор ва танқидчи сифатида шаклланмоқда.

 «Mahin`s World» (5 555), «Panda_books» (5 793), «The Stranger Kitoblar» (13 199), «Bobil_kutubxonasi» (6 134),  «bookfather» (2 600), «audio» китоблар гуруҳида (101 000), «audio.pdf» (62 000), «Бирга китоб ўқиймиз» (84 000), «Китобхон миллат», танлов боти (77 000) каби ҳар доим кузатиб борадиган телеграм каналлардан ташқари Facebook сайтида

«Китобхонлар давраси» 82 мингдан зиёд, «Ҳикоялар ва қиссалар» гуруҳида 30 мингдан зиёд, «Китобсеварлар, китобхонлар», «Мен севган шеърият», «Адабиёт бўстони» каби гуруҳларнинг камида 3000 минг кўпи билан 10000 минга яқин аъзолари бор. Яна китоб савдоси билан шуғулланадиган «Китоб олами», «Асахий.уз» сайтлари, «Book.uz» блоглари, «Букинист», «Букинист Ташкента», каби гуруҳлар мавжуд... Ва айнан шу гуруҳлар ва блогларда ёш тақризчиларни, таржимонларни кашф қилишингиз мумкин. Биз кутубхона соҳаси мутахассислари эса уларни қўллаб-қувватлаш учун турли тадбирлар, ёзувчи ва ижодкор, олимлар билан учрашувлар, танловлар уюштириш учун доимо тайёрмиз, эшикларимиз очиқ.

– Келинг, ёшлигиимзда ушалмай қолган орзуларимиздан бири – ўз кутубхонамиз ҳақида гаплашсак. Эслайман, деярли ҳеч кимнинг уйида шахсий кутубхона йўқ эди, китобларимиз умумий шукафларда дарсликлар турган жавонда тахланиб турарди. Ва шахсий кутубхонани катта-катта олимлар, ёзувчилар уйидагина кўрардик...

– Тўғри у пайтлари уйимизда кичкина бир бурчакда китоб жавонлари  бўларди, аммо китоблар учун алоҳида шкаф ёки хона бўлмаган. Ҳозир интернетдаги гуруҳлар ва дўстларим орасидаги ёшлар орасида ўз кутубхонасини яхши маънода «мақтаниш», кўз-кўзлаш урф бўлди. Масалан Отабек Бакиров исмли ёш талаба йигит алоҳида ўз кутубхонасига эга бўлгани, жавон ясатгани, кутубхонасини бойитаётганини доимо пост қилиб боради.

(Отабек Бакиров кутубхонаси)

Яна бир эътиборли жиҳати, ўша даврларда бизга кимдир бир донагина китоб совға қилишса ҳам катта гап эди. Лекин яқинда бу йигитга устозларидан бири 50 дона китоб совға қилди. Бундай мисоллар жуда кўп. Яъни кўриниб турибдики, ҳозир китобга ўчлар ҳам ва китобхонларга китоб совға қиладиганлар ҳам аввалгидан кўра анча кўп ва фаоллашган.

(Отабек Бакировга Лазиз Рахматов томонидан совға қилинган китоблар)

Биз катта авлод ёшларнинг овозини эшитишимиз, қизиқишларини англашимиз, уларга муносиб жавоб бера олишимиз керак. Юқорида айтганимдек, ёшлар нафақат варақланадиган қоғозли китоб, балки электрон китоблар ўқияпти, таҳлиллар ёзаяпти, ҳатто ўзлари таржима қилган асарларни бир-бирига тавсия қиляпти, яъни том маънода тарғиботчи ҳам – бу китобхонликнинг янги қиёфаси, янги руҳи. Улар китобдан юз ўгиргани йўқ – улар фақат янги шаклда ўқийди, ўрганади, муҳокама қилади. Уни рад этиш эса келажакка кўз юмиш демакдир...

– Китобхон ёшлар сафи янада кўпайиши йўлида қилаётган хайрли ишларингиз бардавом бўлсин. Вақт ажратганингиз учун ташаккур...

P/S: мақола тайёрлаш асносида суҳбатдошим айни пайтда Хитойда эканлигини, у ерда ҳам журналларини тарқатиб юрганини айтиб қолди...

(Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева Хитойда)                                                                                                                                     Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг