Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турмуш ўртоғим 6 ой ишлаб «декрет»га чиқди: «декрет пули» қандай ҳисоблаб берилади?..

Турмуш ўртоғим 6 ой ишлаб «декрет»га чиқди: «декрет пули» қандай ҳисоблаб берилади?..

Савол: меҳнат таътилига чиққан эдим. Меҳнат дафтарчамга ишга кирганим ёзилган, бироқ меҳнат таътилига чиқганимдан сўнг анча йил ўтиб борсам,  «турдавой»имга ёзиб беришмади. Қандай йўл тутсам бўлади?

Саволингиз сал мавҳумроқ. Яъни таътилга чиқиб, анча йилдан кейин бордим деяпсиз. Агар бола парвариш таътилини назарда тутаётган бўлсангиз, МК 405-моддасига кўра, болани парваришлаш таътиллари даврида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътилларнинг кўпи билан олти йили меҳнат стажига қўшилади, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшиб ҳисобланади.

Агар Сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, у ҳолатда МК 171-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт.

Шунингдек, МК 125-моддасига кўра, иш берувчи ишга қабул қилиш, бошқа ишга доимий ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни меҳнат дафтарчасига ҳамда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиши шарт.

Савол: бир ташкилотда 5 йил иш стажим бор. Қисқариш сабабли ишдан бўшадим. Орадан 2 йил ўтиб яна қайта иш жойимга тикландим. Иш ҳақимга аввалги ишлаган даврим қўшиб ҳисобланадими?

Бу ҳолатда устама белгилашни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, масалан, жамоа шартномасига қараш керак. Агар юқоридаги ҳужжатларда ходимга у ташкилотда ишлаган ҳар беш йил учун фалон фоиз устама тўланади дейилган бўлса, бу ҳолатда сизни олдин ишлаган 5 йилингизга ҳам устама тўланиши лозим. Агар ходимга у ташкилотда узлуксиз ишлаган ҳар беш йил учун фалон фоиз устама тўлансин дейилган бўлса, у ҳолатда сизга устама тўланмайди, чунки стажингизда 2 йил узилиш бўлган.

Савол: мен  6 сенябрдан меҳнат таътилига чиқдим. Ойнинг 15-санасида меҳнат таътилим пулини ташлаб берилиши керак эди, аммо кечиктирилди. Менга кечиктирилган меҳнат таътили пули учун пения тўлаб бериладими?

МК 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, бироқ таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади. Демак, Сиз 6-сентябрдан таътилига чиққан бўлсангиз, сизга таътил пули 5 сентябрдан кечикмасдан тўлаб берилиши лозим эди. Сизнинг ҳолатда иш берувчи меҳнат қонунчилигини бузган ва бу МЖТК 49-моддасига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, МК 333-моддасига кўра, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкнинг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт. Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.

Савол: турмуш ўртоғим 6 ой ишлаб «декрет»га чиқди. «Декрет пули» қандай ҳисоблаб берилади?

МК 404-моддаси 1-қисмига кўра, «декрет пули» ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда тўланиши белгиланган.

Президентнинг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон қарорига кўра, 12 ойдан кўпроқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайтадан бошловчи ходимлар учун «декрет пули» 75 фоиз тўланиши белгиланган.

Демак, ходим 1 кун ишлаган бўлса ҳам, унга «декрет пули» тўлаб берилар экан, фақат янги ишга кириб тўлиқ 12 ой ишламаган ходимларга «декрет пули» 75 фоиз тўланар экан.

«Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом 4-параграфи 40-48-бандлари ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани, 5-параграфи 49-78-бандлари эса вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳисоблаш тартибини тартибга солади.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Варақа йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Нафақаларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.

Саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг