Шерзод Қудбиев «Buyuk Kelajak» экспертларидан бирига вазир маслаҳатчиси лавозимини таклиф этмоқчи
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Buyuk Kelajak» Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти доирасида «KPMG» билан ҳамкорлик қилади. Шу билан бирга, «Buyuk Kelajak» Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти экспертларидан бирига штатдан ташқари вазир маслаҳатчиси лавозими таклиф этилади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Бизга маълум қилишларича, 28-29 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистон — 2035» халқаро форумида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев вазирликнинг қисқа муддатли стратегияси ҳақидаги маърузаси билан чиқиш қилган. Муҳим вазифалар орасида мажбурий меҳнатга, айниқса, яқинда бўладиган пахта йиғим-терими ишларига жалб қилишга йўл қўймаслик, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш, таҳлилий маълумотларга янги ёндашув ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциясини тасдиқлаш чора-тадбирлари кўрсатилган.
Форумда Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилга қадар мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишнинг техник вазифаларини тайёрлаш доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан KPMG аудиторлик компанияси ўртасида ҳамкорлик битими тузилишига эришилган.
«Deloitte», «Ernst&Young» ва «PwC» қатори «KPMG» ҳам Катта тўртликнинг энг йирик аудиторлик компанияларидан бири ҳисобланади. Яқин кунларда вазирликда аудиторлик компанияси экспертларининг меҳнат соҳасидаги етакчи мутахассислар билан учрашуви кутилмоқда.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Buyuk Kelajak» Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг бир ёки бир нечта экспертларини штатдан ташқари вазир маслаҳатчиси ўрнига жалб қилиш йўлларини кўриб чиқмоқда.
— Биз хориждаги юртдошларимиз билан ҳар қачон ҳамкорлик олиб боришга тайёрмиз. Улардаги бой ва ноёб тажрибани Ўзбекистондаги мавжуд меҳнат ва бандлик соҳаларини ислоҳ этиш ҳамда ривожлантириш йўлида қўллашни истардик. Шунингдек, биз халқаро уюшма ва ташкилотлар билан ҳам доимий ҳамкорлик юритишга тайёрмиз. Сўнгги икки ой ичида биз Халқаро меҳнат ташкилоти иштирокидаги тўртта тадбирда қатнашдик, бу эса жадал иш суръатларидан нишонадир, — дея таъкидлаган вазир Шерзод Қудбиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter