Миграция урф-одатларимизга чанг солмайдими?
Бугун миграция атамаси ҳеч ким учун янгилик эмас. Чунки ҳар биримизнинг ҳеч бўлмаганда бир нафар қариндошимиз хорижда пул топиш мақсадида меҳнат қилмоқда. «Uzanalytics.com» сайти «Buyuk kelajak» кенгаши экспертлари билан интервьюлар уюштириб келмоқда.
Экспертлар Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қилишлари, Ўзбекистондан ташқарида орттирган тажрибалари ҳақида ўртоқлашадилар. Интервью орасида «Нима деб ўйлайсиз, миграция ўзбекларга таъсир кўрсатдими? Уларни дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб айтиш мумкинми ёки халқ орасида ҳали ҳам урф-одат ва анъаналар кучлилик қиладими», мазмунидаги савол эътиборимизни тортди. Хўш, ушбу саволга «Buyuk kelajak» кенгаши экспертлари қандай жавоб беришди:
Наби Тоғаев, Интерлинк Капитал Стратегияси (Вашингтон, КО) компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори, Буюк Келажак халқаро нодавлат ташкилоти аъзоси:
— Глобализация ва миграцияга мен шахсан ижобий қарайман, албатта, маънавиятимиз, урф-одатларимизга салбий таъсир қиляпти дегувчилар ҳам топилади, лекин мен учун иқтисодий ўсишимиз ва молиявий жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторига киришимиз муҳимроқ. «Буюк Келажак» халқаро нодавлат ташкилоти аъзоси Бекзод Ҳошимов айтганидек, «бу биз учун ривожланган давлатлар сафида бўлишдаги охирги имконият бўлиши мумкин», шу сабаб ҳозир глобализациянинг урф-одатимизга таъсирини муҳокама қилиб ўтиришимиз мантиқсиз. Бизнинг иқтисодий кўрсатгичимиз ҳавас қиладиган даражада эмас, буни қўшни Қозоғистонга таққослаганда ҳам кўришимиз мумкин. ЯИМимизнинг киши бошига тақсимоти бир неча баробар кам (7,970 ва 2,000 АҚШ доллари мос равишда).
Миграцияга келадиган бўлсак, бу табиий ҳол, яъни инсон ҳар доим ўзи учун ҳар томонлама яшаш ва ишлаш қулай бўлган ҳудудга кўчиб ўтади, давлат чегаралари пайдо бўлишидан олдинги инсоният тарихини эсга оладиган бўлсак, бу ҳолат ҳар доим бўлган. Агар саволингизда билимли кадрларимизнинг бошқа давлатларга кўчиб кетаётганини назарда тутган бўлсангиз, бу албатта, давлат иқтисодиёти учун жуда катта зарар, чунки давлатнинг бойликлари ҳозирги замон иқтисодиётида унинг ер-ости заҳиралари билан эмас, балки инсон капитали сифати билан ўлчанади. Бунга ёрқин мисол, Калифорния штати (ЯИМ 2.448 трлн АҚШ доллари), унинг ЙИМи асосан интелектуал бойлик эвазигадир. Штатнинг ЯИМдаги асосий улушларини молия, бизнес хизматлари, таълим, соғлиқни сақлаш, технология ва туризм соҳалари ташкил қилади (ҳаммаси биргаликда 56 фоиз) атиги 1 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Юқоридаги мисол инсон капиталининг мамлакат иқтисодиётдаги ўрни беқиёслигига яққол мисол.
2016 йилдан бери президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хорижда фаолият олиб бораётган юзлаб профессионал ҳамюртларимизнинг давлат органларига жалб қилинишини оқилона қарор деб баҳолайман. Бу ҳолатни танага «янги қон» қуйилишига таққослаш мумкин, гарчи ҳали натижалар ҳақида гапиришга эрта бўлса-да, сезилари ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, Лондон Биржасида 1 млрд АҚШ долларилик облигацияларимизнинг жойлаштирилди ва халқаро рейтинг агентликларининг Ўзбекистон кредит рейтинги (BB-) эълон қилинди. Бу рейтинг бизни Бразилия, Грузия ва Вьетнам каби давлатлар билан тенглаштириб, қўшни Тожикистон ва Украина каби давлатлардан юқори ўринларни эгаллашимизга имкон беради, натижада хорижий инвестицияларни жалб қилишни осонлаштиради. Бунинг ҳаммаси айнан мен юқорида эслатиб ўтган хорижда тажриба ошириб, юртга қайтган профессионал ҳаммюртларимизнинг меҳнати эвазига қисқа муддатда эришилди.
Малика ШАРИПОВА, айни пайтда Бельгияда корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, «NewLinks Global» консалтинги ҳамкори, «Buyuk kelajak» кенгаши эксперти:
– Миграциядаги ўзбекларнинг аксариятини, менинг фикримча, дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб атаб бўлмайди. Чунки, анъанавий, маданий ва тарихий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва давом эттириш кўпчилик ўзбек оилаларида мавжуд. Мен шахсан бу қадриятларимизни сақлаб қолиш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Бизнинг фарзандларимиз, ўз тарихини билмайдиган, ўзлигини танимайдиган бир манқуртларга айланмасликлари лозим. Биз улуғ бир халқнинг, бой тарихи бор миллатнинг авлодларимиз, аммо, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, баъзи анъаналардан воз кечиш, уларни бутунлай йўқотиш ҳам зарур. Бир қатор урф-одат ва анъаналаримиз умуман инсон ҳуқуқлари концепциясига, мустақил фикр юритиш принципларига зид.
Чет юртларда кўп йиллардан бери яшаётган ўзбеклар ва маҳаллий ўзбекларни бирлаштириш жуда яхши ижобий натижага олиб келиши мумкин. Чунки бунда дунёвий ва очиқликка асосланган фикрлар миллий қадриятларга уйғунлашиб, фарзандларимизни дунёвий илмларга интилувчи, жаҳон талабларига жавоб бера олувчи, илғор фикрларни ўзида ташувчи ва айни пайтда, ўзбек эканлигидан ғурурланувчи фуқаролар бўлиб етишишларига асос бўлиши мумкин.
Ҳабиб Абдуллаев, «Рикор» (Москва) технопаркининг бош директори, Москвадаги ўзбек миллий-маданий автономияси раиси, «Ўзбегим» газетасининг ношири (айни пайтда «Навоий» эркин иқтисодий зонасининг директори лавозимида фаолият юритмоқда):
– Россиядаги ўзбек мигрантлари мисол қилинаётган бўлса, бу ерда глобализация ҳақида гапириш эҳтимолдан жуда узоқ – бу одамлар миллий анъаналарга содиқ одамлардир. Рус тилини яхши билмаслик ва бошқа тилларни умуман билмаслик уларни глобаллашган ҳамжамиятга интеграциялашишдан бутунлай чеклаб қўяди. Россия мегаполислари ҳаётини қабул қилган, жуда тез ва осон мослашувчан ўқимишли қатлам вакиллари – бу бошқа масала. Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, бу улар ўзларининг ўтмишдаги илдизларини унутадилар дегани эмас.
Тўғри, «оммавий» мигрантлар ва туб аҳолининг деярли параллел турмушига қарамай, барибир айрим маданий одат ва анъаналар билан алмашинув содир бўлмоқда. Бундан ташқари, Россиянинг аксарият туманларида ўзбек маданиятини мақсадли равишда тарғибот қиладиган ўзбеклар этномаданий ташкилотлари ҳам фаолият юритадики, бу россияликларнинг ўзбекларнинг халқ сифатидаги билимларини янада оширишга хизмат қилади. Улар бизнинг анъаналаримизни, хусусан меҳмондўстлик, катталарга бўлган ҳурмат ва ғамхўрлик, ичмаслик, меҳнатсеварлик каби фазилатларимизни жуда қадрлашади. Ўз навбатида, мигрантлар Россия ҳаёти билан танишгач, ўз дунёқарашини анча кенгайтирадилар ҳамда фойдали касбий кўникмаларга эга бўладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter