Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенатнинг айрим ташкилотлар устидан назорат ваколатлари кучайтириляпти – профессор

Сенатнинг айрим ташкилотлар устидан назорат ваколатлари кучайтириляпти – профессор

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 95-моддасида, Олий Мажлис Сенатининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар устидан назорат ваколатлари аниқ қилиб белгилаб қўйилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага кўпаймоқда. Янги таҳрирдаги Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга бевосита қаратилган.

Олий Мажлиснинг қонунийликни, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш ва монополияга қарши қонунчиликка риоя этиш соҳасидаги назоратни амалга ошириш  борасидаги тутган ўрнини кучайтириш мақсадида, Сенатга Судьялар олий кенгашининг таркибини, коррупцияга қарши курашиш ҳамда монополияга қарши органлар раҳбарларини сайлаш ваколатлари берилмоқда.

Янги тартибга мувофиқ, Судьялар олий кенгаши таркиби, коррупцияга қарши курашиш ҳамда монополияга қарши органлар раҳбарларининг номзодлари Президент тақдимига биноан,  Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиш тартиби белгиланмоқда. Бу орқали эса биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ваколатлари Сенатга ўтказилмоқда, иккинчидан, мазкур лавозимдаги шахсларни шакллантириш демократиянинг муҳим кўриниши, яъни сайлаш йўли билан амалга оширилмоқда, учинчидан эса мазкур лавозимдаги шахсларнинг Сенат олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилмоқда.

Амалдаги Конституциянинг 80-моддасига кўра, Олий Мажлис Сенати Президент тақдимига биноан Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш тартиби белгилаб қўйилган. Аммо, коррупцияга қарши курашиш ҳамда монополияга қарши органлар раҳбарларини тайинлаш ёки сайлаш тартиби конституцияда белгиланмаган.

Эътибор қаратадиган бўлсак, амалдаги Конституцияда Олий Мажлис Сенати Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Президент фармонларини тасдиқлаш ваколатига эга бўлган бўлса, эндиликда мазкур лавозимларга номзодлар Президент томонидан тақдим этилади, Сенат эса кўриб чиқади ва маъқуллайди.

Бу янги тартибга кўра, биринчидан, Президентнинг баъзи ваколатлари Сенатга ўтказилмоқда. Иккинчидан, Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлашда Сенатнинг иштироки таъминламоқда, учинчидан эса Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раисинининг Сенат олдидаги масъулияти кучайтирилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таклиф этилган Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод юзасидан Сенат билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Бу орқали, Сенатнинг мазкур лавозимга тайинланадиган номзод бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконияти пайдо бўляпти. Амалдаги Конституцияда эса Сенат томонидан Президентининг ДХХ раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари расмий нуқтаи назардан тасдиқланар эди. Бу албатта, Давлат хавфсизлик хизмати раисининг Сенат олдидаги масъулиятини оширади.

Парламент ёки унинг қуйи палатаси у ёки бу шаклдаги давлат бошқаруви органларини шакллантиришда иштирок этадиган мамлакатлар қаторига Бразилия, Исроил, АҚШ, Япония каби давлатларни мисол тариқасида кўрсатиб ўтиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда,  Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотларнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиқиб, парламентнинг юқори палатаси – Сенат модернизация қилинмоқда. Сенатнинг ваколатлари, шу жумладан, унга Президентнинг бир қатор ваколатларини ўтказиш орқали кенгайтирилмоқда.

Шерзод  ЗУЛФИҚОРОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг