Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнинг Вицини» – Диас Раҳматов ўлимидан ўн йил ўтиб...

«Ўзбекнинг Вицини» – Диас Раҳматов ўлимидан ўн йил ўтиб...

У ўзига хос актёр эди. Истеъдоди шаклланган, иқтидори сайқалланган кўп қиррали санъаткор эди. Йирик роллари кам бўлса-да, салмоқли эди. Дубляжда анча ижод қилди. Унинг овози билан жаҳоннинг машҳур актёрлари экранда ўзбек тилида гапирдилар. Радиода ҳам фаолият кўрсатди. Бугун у орамизда йўқ. Истеъдодли ва камтар актёр, халқимиз севган санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Диас Раҳматов бундан ўн йил муқаддам – 2013 йилнинг 18 августда оламдан ўтган эди. Йиллар ўтиб ўзбек киноси ҳам, дубляж санъати ҳам, ашаддий мухлислар ҳам бу каби инсонларга, албатта, эҳтиёж сезмоқда. Ахир Диас ака каби санъаткорлар барибир бошқача эди...

Кичик одамга катта мукофот

Кулгисеварларга умр бўйи ҳалол хизмат қилиб келган актёрни мухлислари «Эпизодлар қироли», «Ўзбекнинг Вицини» деб аташарди. Диас Раҳматовнинг узоқ йиллик муносиб ва ҳалол хизматлари тақдирланиб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвонига сазовор бўлди. Кичик ролларнинг катта устаси сифатида Остона шаҳрида ўтказилган кинофестивалда «Кичкина одамлар» фильмидаги ўқитувчи Михлибой роли учун «Энг яхши эркак роли» мукофотини қўлга киритди.

Биз билган кино актёри ва дубляж устаси Диас Раҳматов аслида ижодини театрда бошлаганини кўпчилик билмаса керак. Ота-онаси Неъмат ва Мукаррама Раҳматовлар «Ҳамза» (ҳозирги Миллий Академик) театрида санъаткор бўлишгани боис у талабалик пайтиданоқ оммавий саҳналарда иштирок этиб, саҳнага чиқарди. Озгина ишлаб, «Ёш томошабинлар театри»га ўтди. 1964 йили Жиззах театри очилгач,  у ерда фаолиятини давом эттирди. 1967 йилдан эса Ўзбекистон телевидениесига режиссёр бўлиб ишга ўтиб, 20 йил ижод қилди.

Қирқ беш ёшда «...қўзғолон»

Диас Раҳматов кино оламига етук ёшида кириб келган. «Суюнчи» фильмидаги ролидан сўнг режиссёр Мелис Афзалов «Келинлар қўзғолони»даги тўнғич ўғил ролига таклиф этганида у айни 45 ёшда эди. Бу қадам қутлуғ келиб, ижро этган катта-кичик роллари сонини юзтадан ошириб юборишга эришди.  Улар орасида кўплаб чет эл фильмлари ҳам бор. Ўзининг айтишича, рус кинемотографчилари томонидан суратга олинган «Платина»даги ролига овоз бериш учун боролмаганида, рус актёрларидан бири: «Мен  бу актёрга овоз беролмайман, у ўзбекларнинг «Вицин»и деб...» зўрға кўнган экан. Худди айтганидай бўлиб, актёрнинг овози Диас акага мос тушмагани оддий томошабинга ҳам сезиладиган даражада чиққанини кўплаб томошабинлар тан олишганди. Чиндан ҳам Диас Раҳматовга машҳурликни кўпроқ овози келтирганди...

«Яшасин дунёдаги энг одил суд!»

«Қизиқчи Мирза Холмедов: «Овозингизни ўхшатолмайман. Овозингизга тан бераман», дейди. Чиндан ҳам бирорта қизиқчи менинг овозимни «копировка» қилганини эшитмаганман», дерди Диас ака. Чунки, у бетакрор овоз соҳиби эди.

Ёдингизда бўлса, «Кавказ асираси» фильмининг якунида Диас Раҳматовнинг қаҳрамони «Яшасин, дунёда энг одил суд!» дея қарсак чалади. Диас ака, айнан ўша жойини «бадиий кенгаш»дан ўтказолмай роса хуноб бўлгани ҳақида сўзлаб беришни яхши кўрарди. Кенгаш аъзоларидан «бу жойини атайин масхара қилиш учун ўзингиз қўшгансизлар» дейишган, фильмнинг  русча вариантини кўрсатибгина зўрға ўтказишган экан.

«Қарз ёмон, болам»

Рафиқаси Незие Раҳматова хотираларидан: – Бу инсоннинг мухлислари шунчалик кўплигини билмаган эканман.  Вафот этганларида  таъзияга келувчиларнинг кети узилмади. Андижонлик бир аёл, «Тошкентга тушгандим, шу одам кўринмай қолди-я? Соғ-омонмикан?» деб атай манзилимизни излаб, топиб келибди. Қашқадарёнинг Китоб шаҳридан «Чавандоз» фильмида бирга суратга тушган чоллар келиб кетишди. Фарғона, Намангандан  келишди. Бухоронинг Вобкент шаҳридан бир мухлислари: «Диас ака ўйнаган кўп кино, сериалларни мазза қилиб кўраяпмиз. Лекин негадир янги фильмларда кўринмаяпти», деб хабар олгани келган экан. Вафоти ҳақида эшитиб чуқур қайғуга ботди. Одам ўз яқинидан хабар олишга вақт тополмаётган бир замонда, шунчалар иззат қилиб қидириб келганларни кўриб, бошимиз осмонга етганди.

Диас ака вафодор ва рўзғорбоп турмуш ўртоғи, меҳрибон ота эди. Болаларга сира қаттиқ гапирмасди. Фарзандларига доим: «Бировнинг ҳаққига хиёнат қилма, Аллоҳ берган ризқ билан яша!» деб такрорлашни яхши кўрарди. «Ёлғон гапирма, бировга қарз бер, аммо қарз олма! Қарз ёмон, у дунёга ҳам кетингдан қувиб боради», дегувчи эди. Ҳаётимиздаги ўринлари жудаям билиняпти. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Сўнгги кунлар

«Табассум» радиожурналининг  режиссёри Гулчеҳра Ғиёсова: – «Табассум» ёзиладиган куни Диас Раҳматов бемор бўла туриб ҳам овозини ёзишга келгани ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Зўрға, бир амаллаб студиядаги қирқ-элликта зинадан тушди, ранглари оппоқ. Жағлари қимирламаяпти ҳамки, ўқишлари керак бўлган матнга кўз югуртириб микрофон ёнига бордилар.

Аҳволларини кўриб, у кишини биринчи ёзиб оладиган бўлдик. Матнни бир амаллаб ўқидилар. Шундан кейинги кўзларида порлаган қувончни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Ёзишга-ку, ёзиб олдик. Аммо эфирга беролмадик. Чунки Диас аканинг овозлари ғўлдираб чиққани туфайли, айтилган сўзларни англаб бўлмасди.

«Табассум»чи йигитлар у кишини телефонда суратга туширишганидан кейин, худди ҳаммамиз билан бир умрга хайрлашгандай, чиқиб кетдилар. Инфарктни оёқда  ўтказганлари ҳақидаги хабарни кейин эшитдик. Бу охирги ташрифлари экан...

Туҳфа Назарова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг