Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги йўқ, барқарор таъминоти мавжуд – энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги йўқ, барқарор таъминоти мавжуд – энергетика вазирлиги

Кеча, 12 декабр куни куз-қиш мавсумида автобензин нархини барқарорлаштириш мақсадида Президентнинг 2023 йил 1 мартга қадар Аи-80 маркали бензиннинг акциз солиғидан вақтинчалик озод қилинганига оид махсус қарори қабул қилинган эди. 

Энергетика вазирлигига кўра, бу белгиланган муддатда бензин нархи барқарор бўлиши таъминланади.

«Мамлакатимизда бензин тақчиллиги йўқ, унинг барқарор таъминоти мавжуд, етказиб бериш йўлга қўйилди, импортнинг кўзда тутилган ҳажми барқарор давом этмоқда. Бироқ, ҳаво ҳарорати пасайиб бораётганидан фойдаланиб, айрим тадбиркорлар ёқилғи қуйиш шахобчаларида сотилаётган бензин нархини асоссиз равишда ошириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон ижтимоий соҳага йўналтирилган давлат экан, бундай ҳолларда фойда кўришга, сунъий танқислик ҳолатини яратишга йўл қўймайди. Ушбу қарор миш-мишлар ва шов-шувлардан даромад топишга уринаётганлар учун жиддий тўсиқ бўлади», – дейилади вазирлик муносабатида.

Вазирлик, шунингдек, фуқаролардан бензинни захира қилиш учун харид қилмаслик, уни яроқсиз шароитда сақламасликни сўрамоқда.

«Бу нафақат сизнинг оила аъзоларингиз, балки яқин атрофда яшовчи бошқа инсонларнинг ҳам саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солади», – дейилади муносабатда.

Шу билан бирга, вазирлик аҳолини бензин билан таъминлаш ҳолати мамлакат раҳбарияти назоратида эканини таъкидлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг