Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Олтин Ҳумо-2023» миллий кинотақдимотида «энг яхшилар» тақдирланди

«Олтин Ҳумо-2023» миллий кинотақдимотида «энг яхшилар» тақдирланди

Кеча, 25 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида «Олтин Ҳумо» миллий кинотақдимотининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчановлар ўз нутқи билан очиб берди.

Шундан сўнг Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон халқ артисти Мукамбар Раҳимовани ўзбек киносига қўшган ҳиссаси учун тақдирлади.

Бундан ташқари Миллий кинемaтографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов ва Хитойнинг «Jinsanqi» маданий компанияси раҳбари Сяо Цзиньсяньци ўртасида Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилиши режалаштирилаётган «Бир макон - бир йўл» Самарқанд халқаро кинофестивалини ўтказиш бўйича меморандум имзоланди. Хитойлик инвестор Самарқандда ўтказиладиган фестиваль ҳақида маълумот берди.

«ЎзАвто» бош ҳомийлигида ташкил этилган кинотақдимотда «Энг яхши эркак роли» номинациясида «Доктор Абдуллаев» фильмидаги ижроси учун Рустам Каримов, «Энг яхши аёл роли»да эса «Судья» фильмидаги ижроси учун Шодия Абдуқодирова тақдирланди. Шокир Холиқов режиссёрлигидаги «Якшанба» фильми «Энг яхши сценарий иши» ва «Энг яхши режиссёр иши» номинацияларида ғолиб бўлди. «Энг яхши фильм» эса «Ўзбек қизи» кинокартинаси деб топилди. Бундан ташқари, киноижодкорлар яна бир қанча номинациялар билан тақдирланишди.

Совринлар Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, «Қозоқфильм» директори Азамат Сатибалди, «Лендок» ҳужжатли фильмлар киностудияси раҳбари Алексей Тельнов, «Турксой» ташкилоти матбуот котиби Селим Эзер каби хорижлик меҳмонлар ҳамда Афзал Рафиқов, Теша Мўминов, Раъно Зокирова, Раъно Шодиева каби машҳур актёр ва актрисалар иштирокида топширилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг