«Korzinka» супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатилди
Рақобат қўмитаси «Korzinka» («Anglesey food» МЧЖ)га нисбатан иш қўзғатди.
Қайд этилишича, мазкур фирма томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида «Кундалик харидларга энг арзон нарх», «Энг арзон нарх – Korzinka’да», «...энг унумлисига келинг!» каби истеъмолчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўзлардан фойдаланилганлиги кузатилмоқда.
Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида, акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилинганлиги маълум бўлган.
Шунингдек, Қўмита томонидан ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилганлиги ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олинганлиги аниқланди.
Хусусан, «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган ҳудди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилган.
«Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин.
Юқоридагиларга кўра, «Реклама тўғрисида»ги қонун 16-моддаси 1-қисми ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун 6-моддаси 1-қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан «Anglesey food» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди», – дейилади Қўмита хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter