Каттақўрғондаги “Оқтошдон”нинг филиали тугатилиб, ишчилари “кўчага ҳайдалаётгани” айтилди. Уларга компенсация тўланмайдими?
![Каттақўрғондаги “Оқтошдон”нинг филиали тугатилиб, ишчилари “кўчага ҳайдалаётгани” айтилди. Уларга компенсация тўланмайдими?](https://static.xabaruz.com/crop/5/5/720_460_95_553127677.jpg)
Савол: Самарқанд вилоятидаги “Оқтошдон” АЖга қарашли Каттақўрғон филиалида ишлайман. Корхонамизда 90 киши ишлайди, лекин 2022 йилнинг 6 ойи ва 2023 йилнинг 3 ойи давомида корхонанинг айби билан ишчилар ойликсиз меҳнат таътилига чиқариб юборилди. Ҳозирда корхонани кластер бўлади, деб тугатмоқчи. Ғалла ўрим-йиғими бошланганига қарамай, кўп ишчиларга огоҳлантириш хати ҳам берилмасдан ариза ёздириб олинмоқда.
Бундай ҳолларда огоҳлантириш ва тегишли тартибда компенсация тўланиши керак эмасми?
Аввало иш берувчи ходимни хоҳишисиз мажбуран иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариши ғайриқонуний. МК 241-моддаси 2-қисмига кўра, ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Бундан ташқари иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак.
Иш берувчи ходимни мажбуран иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқарса, бу МЖтК 49-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда (3 миллион 300 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Ўз навбатида эса, ходим ҳам иш берувчи билан келишмасдан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқа олмайди, МК 242-моддасидаги ҳолатлар бундан мустасно.
МК 266-моддасига кўра, иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади.
Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.
Саволингиз сал мавҳумроқ корхона тугатиляптими ёки қайта ташкил этиляптими? Шуни аниқлаб олиш зарур.
МК 156-моддасига кўра, ташкилотнинг мулкдори алмашганда, худди шунингдек ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг розилиги билан давом эттирилади.
Демак, бу ҳолатда ходимнинг розилиги билан меҳнат муносабатлари давом этаверади, меҳнат шартномаси бекор қилинмайди.
Агар ходим меҳнат муносабатлари давом эттиришга рози бўлмаса, меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 173-моддасига мувофиқ тегишли ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда МК 156-моддаси билан бекор қилинади.
Агар ташкилот тугатилаётган бўлса, тартиб умуман бошқача бўлади. МК 161-моддасига кўра, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш асосланган бўлиши керак.
МК 165-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёхуд таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилганда иш берувчи ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириши шарт ёки ходимни огоҳлантириш муддатларини огоҳлантириш муддатининг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир.
Бу ҳолатда иш берувчи ходимларни мажбурлаб ариза ёздириб олиши мутлақо ғайриқонуний ҳисобланади.
Меҳнат шартномаси ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёхуд таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилса иш берувчи ходимга 1-ой учун МК 173-моддасига кўра ишдан бўшатиш нафақасини тўлаб бериши ва 2-3-ойлар учун эса МК 100-моддасида белгиланган кафолатларни тўлаб бериши зарур.
МК 19-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 47-моддасига кўра, ташкилотларнинг филиаллари, ваколатхоналари унинг алоҳида бўлинмаси ҳисобланади.
Юқоридагиларни мисол билан тушунтириб бераман. Сиз билан меҳнат шартномаси ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёхуд таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилганлиги сабабли МК 161-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра бекор қилинди.
Демак, тасаввур қилайлик сизнинг вазиятингизда 2 ойлик огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва сиз билан шартнома 1-июнда бекор қилинди. Шартли равишда 2 ойлик пулли компенсацияни 4 миллион деб ҳисоблаймиз. Демак, 2 ойлик пулли компенсацияни 4 миллионни олдингиз. Бу ҳали бошланиши.
Бундан ташқари иш берувчи сизга 1-ой яъни июнь ойи учун ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб беради. МК 173-моддасига кўра, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади. Мисол, сиз тугатилаётган корхонада 5 йилдан бери ишлаяпсиз. Сизга ўртача ойлик иш ҳақингизнинг 100 фоизи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилади. Ўртача иш ҳақингизни –тахминан 2 млн деб оламиз.
Бундан ташқари МК 100-моддасига кўра, иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида сизнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган 1 ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.
Эътибор беринг, ходимга тўланган 1 ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади дейилмоқда яъни 2 ойлик даврнинг биринчи ойини ишдан бўшатиш нафақаси қамраб олади. Демак, 1-ой учун ишдан бўшатиш нафақаси 2 миллион (июнь) + 2 миллион (июль) = 4 млн, агар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 30 календар кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсангиз, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан 3-ой учун яъни август учун ҳам ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўласиз: 2+2+2=6 млн (3-ой учун агар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз унда 3-ой август учун пул тўланмайди, агар шартнома бекор қилинибоқ ишга кирган бўлсангиз фақатгина ишдан бўшатиш нафақасининг ўзи 2 млн тўланади холос )
Диққат! Июль ойи учун 2 миллионни августда, августнинг 2 миллиони эса сентябрда тўлаб берилади. Чунки сиз мазкур ойларда ишга жойлашмаганлигингизни меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқлашингиз шарт.
Демак, юқоридаги шартлар ва талабларга риоя қилинса, сизга 2 ойлик пуллик компенсация яъни 4 миллиондан ташқари яна 6 млн берилиши керак. Шунда жами 10 миллион берилади.
Диққат! Агар ўз хоҳишингиз билан ариза ёзиб берсангиз ва шартнома сиз билан МК 160-моддасига кўра бекор бўлса, 10 миллиондан бир тийин ҳам ололмайсиз.
Бундан ташқари сизга юқоридаги тўловлардан ташқари МК 234-моддасига кўра, агар фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларингиз бўлса улар учун ҳам алоҳида пулли компенсация тўланади.
Саволларингизни @xabargayoz_bot га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter