Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги Абу Ҳафс Кабир жомеъ масжиди ҳамда «Дарвозаи Имом» қабристони (фоторепортаж)

Бухородаги Абу Ҳафс Кабир жомеъ масжиди ҳамда «Дарвозаи Имом» қабристони (фоторепортаж)

Бухородаги Абу Ҳафс Кабир жомеъ масжиди ҳамда «Дарвозаи Имом» қабристони ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти маркази ҳамда улуғ зиёратгоҳларидан бири саналади.

Масжидда Рамазон ҳайити муносабати билан жамоат билан бирга намоз ўқилди. Ушбу жомеъ масжиди 5000 дан ортиқ намозхонга мўлжалланган бўлиб, Рамазон ҳайити муносабати билан намозхонлар сафи янада кенгайган.

«Рамазон ҳайитига етказган бугунги шундай фазилатли кунда ўзининг байтига жамлаган Аллоҳу ҳақ субҳануҳ таоллога ҳамду санолар бўлсин. Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибарқон ибн Абдуллоҳ ибн Баҳр ал-Кабир ал-Ижлий ал-Бухорий ал-Фақиҳ ал-Ҳанафий номидаги бу манзил бугун йирик зиёратгоҳга айланган. Ул зот Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилишимизга сабабчи бўлган, Бухорони шариф шаҳарга айлантирган, Қуббатул ислом қилган. Бугун биз бу улуғ зотнинг марқатлари ёнида намозларга бош эгдик. Аллоҳи таолло Бухоро шаҳридаги Абу Ҳафс Кабир жомеъ масжидида жамоат билан ўқиган намозларимизни, ибодатларимизни қабул айласин»,-деди жомеъ масжиди имом хатиби Акрам Абдуллаев.

Имом хатибнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ушбу жомеъ масжидда қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари 2009 йилнинг августида бошланган. Абу Ҳафси Кабирнинг қабрлари устида ҳашаматли мақбара эски Бухороча услубида барпо қилинган. Намозхонлар ва зиёратчилар учун кириш қисмида замон талабларига жавоб берадиган ҳашаматли ярим гумбазли масжид қурилган. Қурилиш ишлари янги таҳоратхона қурилиши билан 2010 йил сентябрь ойида ниҳоясига етказилган. Зиёратгоҳ қабристондан девор билан ажратилган, боғлар ташкил қилинган ва турли манзарали дарахтлар ўтқазилган, шунингдек, кўмилиб ётган ҳовуз очилган. Қадимий масжиднинг ички қисми ҳам таъмирланган. 2017 йилда эски масжид рўпарасидаги минора айни кўринишида қайта қурилган.

«Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибарқон ибн Абдуллоҳ ибн Баҳр ал-Кабир ал-Ижлий ал-Бухорий ал-Фақиҳ ал-Ҳанафий ҳижрий 150 (милодий 767) йили Бухоронинг Фагсодара маҳалласида таваллуд топиб ҳижрий 217 (милодий 832) йилнинг муҳаррам ойида шу ерда вафот этганлар. Қуръони каримни ёдлаб,  ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганиб, илмларининг янада мукаммал бўлиши учун Боғдодга бориб, ҳанафий мазҳабининг асосчиси мужтаҳид Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит - Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг таниқли шогирди Имом Мухаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний роҳимаҳуллоҳга шогирд тушганлар»,-дейди Акрам Абдуллаев.

Тарихга кўра, Ҳазрат Абу Ҳафси Кабир Боғдоддан Бухорога қайтиб, фиқҳ ва ҳадис илмини юқори даражада ривожлантирган. Юз мингдан ортиқ шогирдлари бўлган. Ҳазрат Абу Ҳафс Кабир Боғдоддан қайтганда, Бухорода оташпарастлар кўп бўлган ва бу зот шарофати билан оташпарастлар ислом динини қабул қилган.

«Бухорои Шариф шу зот баракотлари сабабли Қуббатул Ислом, яъни ислом динининг маркази, деб аталган. Имом Ал-Бухорийдек зот шу кишидан таълим олганлар. Катта шогирдлари ва илмларининг меросхўри буюк олим Абу Ҳафси Кабирнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳ бўлиб, у кишини Абу Ҳафси Сағир, дея аташган. Яна бир катта шогирдлари Абдуллоҳ Супадмуний роҳимаҳуллоҳ бўлиб, у кишининг қабрлари ҳам Абу Ҳафс Кабир ҳазратларининг ёнида жойлашган»,-дейди суҳбатдош.

Билдирилишича, «Фатовои Абу Ҳафси Кабир», «Китоб ул Имон», «Ал-Аҳвоъ вал ихтилоф» (Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар), «Ар-Радду алал Лафзия» (Юзаки қаровчиларга раддия) ва бошқа асарларда Абу Ҳафс Кабирнинг кўплаб фатволари келтирилган.

«Бухородаги илк мадрасани ҳам шу зот очганлар. У киши ва шогирдларининг ҳаракатлари билан ўша даврда бир нечта масжид ва мадрасалар очилган. X аср тарихчиси Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи» китобида: «Имом Абу Ҳафс Кабир ўз даврининг фақиҳларидан биридир, зоҳид ва ҳам олим бўлган»,  дейилади. Абдулкарим ас-Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир кўпгина фақиҳларни тарбиялаб, камолга етиштирган. Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатлари ила Бухорода фиқҳ шу даражада ривожланганки, Бухоро фақиҳлари ислом оламининг асосий шаҳри Боғдод фақихларидан устун бўлганлар. Наршахийнинг таъкидлашича, одамлар Бағдоддан қайтган пайтларида, Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорийдан бирор масалани сўраш учун ҳам келишган. Имом Абу Ҳафс ал-Кабир улардан: «Нима учун Ироқ олимларидан сўрамадингиз?»-дея ажабланиб сўраган. Унга жавобан: «Улардан сўрадик, лекин улар жавоб беролмадилар, Ироқ олимлари «Бухорога бориб, Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ё ўғиллари Абу Ҳафс ас-Сағирдан сўранглар, деб айтишди, дейишган»,- дея сўзида давом этади имом хатиб.

Маълумотга кўра, Абу Ҳафс Кабир уйи яқинидаги янги дарвозага кираверишда ўнг томонда Қурайшийлар ҳам масжиди жойлашган бўлган. Мазкур масжидни Қурайш қабиласига мансуб пайғамбарзодалардан Муқотил ибн Сулаймон ал-Қурайший қурган. Бу масжидда Арабистондан Абу Ҳафс Кабир роҳимаҳуллоҳдан таълим олиш учун келган толиби илмлар истиқомат қилишган ва ўқишган.

Абу Хафс ал-Бухорий вафотидан сўнг унинг майити эски шаҳарнинг қадимий деворларидан шимолий ғарбда жойлашган мозорга қўйилган ва мақбара ўрнатилган. Мақбаранинг қибла тарафида ўғиллари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ҳамда машҳур фақиҳ издошлари дафн қилинган. Мақбаралар ёнида хазира бўлган хазирада масжид жойлашган ва 3 та чироқхона бўлган. Мачит айвонлик бўлиб, девор қалинлиги 80 см бўлган.

Шу-шу бу манзил муқаддас зиёратгоҳ саналган ва масжиднинг ёнида «Дарвозаи Имом» ёхуд «Ҳақ дарвозаси» дея номланган Ҳақ йўли, яъни қабристон пайдо бўла бошлаган.

Айтиш жоизки, зиёратгоҳ Бухоро шаҳридаги энг серқатнов ва гавжум зиёратгоҳлардан бири сифатида эъзозланади. Бухороликлар мазкур мозорда дафн қилинишни ўзларига фахр, деб билишади.

Йиллар ўтган сари одамларнинг вафот этгач, ушбу қабристонга дафн қилиниши талабияти ортиб, ҳатто, ўлимидан олдин «жой» эгаллаб олиб қўйиш серавж паллага кирган. Маълумот  ўрнида айтиш мумкинки, 2019 йилнинг охири 2020 йиллар бошида ушбу қабристонда 1700 дан ортиқ «эгасиз» сағаналар топилгач, 17 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган қабристон қабрлари хатловдан ўтказилган. 18 мингга яқин қабрлар борлиги аниқланган. Қабрларнинг 70 фоизидан ортиғига ўта оғир ва катта, кенг мармар тошлар, устига-устак, соябонлар ўрнатилгани муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шундан сўнг Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристонида кенг миқёсда хатлов ва тозалов, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ва созлаш, ободонлаштириш ишлари бошланиб кетган. Меҳнат кучи жалб этилган. Қабрлар атрофига 1,5х2 метрдан зиёд қилиб ўрнатилган темир панжаралар 60 сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилган. Йўлакларга оқтошлар ётқизилиб, ўтганлар хотирасига тиловат ўқиш учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатилган. Бундан ташқари, эски деворлар қайта тикланиб, қабристон атрофидаги йўлларга асфальт ётқизилган.

«Ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорийнинг ҳаёт йўлига назар ташланадиган бўлса, Ўзбекистон ислом цивилизациясида бу буюк зотнинг ҳиссаси улуғ ва беқиёс. Нафақат, муборак кунларда, балки ҳар куни, ҳар соатда юзлаб одамлар бу улуғ даргоҳни зиёрат қилиб кетишади. Барчамизда Рамазон ҳайити муборак бўлсин!»,-деди жомеъ масжид имом хатиби Акрам Абдуллаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг