Бухорода хавфли манёврлари билан «қаҳрамон»лик кўрсатган ёшлар жазоланди
Жорий йилнинг 4 январь куни Бухоро вилояти, Олот туманидаги «Асажон» маҳалла фуқаролар йиғини ички автомобил йўлида тўй кортежи уюштирилган. 11 та қора рангли автомобиль ҳайдовчилари тўй маросимида гуруҳ бўлиб, хавфли манёврлар билан ҳаракатланишган.
Улар тор ва чанг йўлларда оқимга қарши ҳаракатланиш, тана аъзоларини автомашина деразаларидан чиқариш каби бир нечта қоидабузарликларни содир этишган. Ҳайдовчиларнинг ўз машиналарини турли беўхшов тартибда «ўйнатиб», тинимсиз сигнал ва шовқин-сурон билан қишлоқ кўчалари бўйлаб «саёҳат»и одамларнинг эътирозларига сабаб бўлган.
«Қаҳрамон»лар, шунингдек, содир этган қоидабузарликларини машҳур бўлиш мақсадида ижтимоий тармоқларда тарқатишган. Муҳокамага сабаб бўлган ижтимоий тармоқлардаги чиқиш эса «шундай давом этса, бир куни шундай хабар ўқийсиз: тўйдаги хурмача қилиқлар аянчли якун топди» деган изоҳлар билан қайдланган.
«Тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, ёшлар орасида тўй кортежини ўтказишни давом эттираётганлар ҳам йўқ эмас. Жорий йилнинг 4 январь куни Олот туманида куёвжўраларнинг тўй совғаси қимматга тушди. Ҳолат Бухоро вилояти йўл бошқармаси ходимлари томонидан зудлик билан ўрганилди. Қишлоқ бўйлаб хавфли манёврлар қилиб ҳаракатланган ёши 30 дан ошмаган 11 та автомашина ҳайдовчилари топилди ва қонуний жавобгарликка тортилишди. Автомашиналар эса вақтинчалик ушлаб туриш учун жарима майдончасига жойлаштирилди. Назаримизда, бу каби ҳолатларнинг содир этилишида оилаларнинг ҳам катталари ҳам айбдор. Ёшларни ўз майлига ташлаб қўйиш, ҳаракатини назорат қилмаслик кун келиб, уларнинг ўзлари учун қимматга тушиши мумкин», – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter