Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро йўлсозлари Қорақалпоғистоннинг таъмирга муҳтож йўлларини асфалтлаштиришга киришишди (фото)

Бухоро йўлсозлари Қорақалпоғистоннинг таъмирга муҳтож йўлларини асфалтлаштиришга киришишди (фото)

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 феврал куни ҳудуд ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Ушбу ташрифда Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар ҳокимлари ҳам қатнашган эди. Ўшанда президент Оролбўйи минтақасини биргаликда ривожлантириш мақсадини илгари сурган.

Бухоро вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси Нодир Болтаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, бошқарма томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 599 километрли таъмирга муҳтож ички хўжалик йўллари созланмоқда.

«Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Оролбўйи минтақасини ҳамкорликда ривожлантириш учун “Орол ҳавосидан нафас олиш учун бутун республикадан раҳбарларни бу ерга юбордим. Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак”, деган даъват билан чиққан эди.

Биз ҳам ўндан ортиқ техник воситаларимиз билан Қорақалпоғистон замини Хўжайли туманидамиз. 599 километрни ташкил этаётган ички хўжалик йўлларининг 165 километри асфалтлаштирилди. Умумий йўлнинг 294 километр қисми шағаллаштирилган бўлса, асосини қуриш-кенгайтириш ва асфалтлаштиришга муҳтож 140 километр йўли тупроқлигича қолмоқда.  Айни пайтда ушбу йўллар созланмоқда. Жорий йил давомида Саришунгул овулнинг 4 километр, Жана-жап овулининг 1,2 километр, Водник маҳалласининг 400 метр йўл қисми шағаллаштирилди. Хўжайли тумани маҳаллий йўлсозлар жамоаси билан ҳамкорликда бошқа ички йўл қисмлари ҳам қайта қуриб, кенгайтирилиб, шағаллаштирилди», — деди Нодир Болтаев.

Бухоролик йўлсозлар томонидан Сомонкўлдаги Афғон қишлоғининг 4 километр масофасида йўл қурилиши ишлари бажарилган ва 7 километр йўл кенгайтирилган. Онгар овулида 4 километр, Жайхун овулида 1,5 километр йўл қисми таъмирдан чиқарилиб, шағал ётқизиш ишлари ниҳояланган.

«Яқинда 12 километр ички хўжалик тупроқ йўлини шағаллаштириб, фойдаланишга топширган бўлсак, ноябр ойи сўнгги ҳафтасида умумий узунлиги 2,47 километр йўл асосини кенгайтириб, шағаллаштирдик. Бунинг учун умумий қиймати 460 миллион сўмга тенг қийматда иш бажарилди. Жорий йил якунига қадар туманда 21,7 минг метр асфалтлаштиришга муҳтож йўлни созлашни мақсад қилганмиз», — деди бош муҳандис.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг