Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалди

Блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалди

Бугун, 1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

О.Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди чиқариб ташланган. бироқ у суд томонидан Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 2-қисми, 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Натижада блогерга Жиноят кодексининг 59 (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.

Судда қатнашган фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда маълум қилишича, Олимжон Ҳайдаров ўзига қўйилган айбларни тан олмаган.

«Жабрланувчи С. М. га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжудлиги маълум қилинади», дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Олимжон Ҳайдаров жорий йилнинг 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг