Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимжон Ҳайдаров устидан суд бошланди

Олимжон Ҳайдаров устидан суд бошланди

Бугун, 31 октябр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, О. Ҳайдаров (1989 йилда Россия Федерациясида туғилган, блогер, муқаддам судланмаган) Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми «а», 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев раислигида кўриб чиқилмоқда.

«Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, дастлаб судланувчининг ҳимоячиси томонидан суд жараёни мобайнида аудио ва видеоёзувни амалга ошириш ҳақидаги илтимосномаси юзасидан тарафлар фикри тингланди. Жиноят иши доирасидаги жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар оммага ошкор этилишини хоҳламаслиги боис илтимосномани рад қилиш ҳақидаги фикрлари инобатга олиниб, суд судланувчининг ҳимоячиси келтирган илтимосномани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўрилаётганлиги боис жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари унда кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин», дейилади расмий баёнотда.

Суд жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, блогер Олимжон Ҳайдаров жорий йилнинг 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг