Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий аппарат учун қоракўллик нега 72 минг сўм тўлаши керак?!» – депутат

«Беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий аппарат учун қоракўллик нега 72 минг сўм тўлаши керак?!» – депутат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа билан сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини ошириш ҳамда тиббий асбоб ускуналардан самарали фойдаланиш мақсадида бепул тиббий ёрдам ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга мазкур тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Ялпи мажлисда депутат Илҳом Абдуллаев ҳужжат лойиҳаси бўйича маърузачи молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновга савол бериб, жумладан, беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш давлат бюджетига бир йилда қанчага тушишиши ҳамда нега улардан фойдаланиш чет ҳудудларда яшовчи оилаларга пулли хизмат сифатида кўрсатилаётганини сўради.

–  Қўлимдаги рўйхатга кўра, ушбу барча тиббий асбоб-ускуналарни сақлаш ва бошқа ҳаражатлар учун жами 23 миллиард сўм маблағ зарур. Бироқ бу ерда бу ускуналарнинг, ҳозирги кунда қайсилари ишлаяпти ёки йўқ, бу ҳақда маълумотлар киритилмаган. Ундан кейин, бу сумма вазирлик учун арзимаган маблағ, шундай экан бу учун бюджет маблағларини жалб қилса бўлмайдими?
Яна айрим жойларда мантиқан нотўғри ҳам ёндошилган, назаримда. Масалан, рўйхатда келтирилишича, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги шифохонага беғараз ёрдам доирасида келтирилган сунъий нафас бериш аппарати учун 72 минг сўм тўлов чиқарилган. Нима, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қоракўлга шундай аппаратни олиб бориб ўрнатиб қўя олмайдими? Бюджет ҳисобидан олиб бориб қўйилган аппаратдан фойдаланганлик учун тўлов жорий қилинса, мантиққа тўғрироқ бўлмайдими? – дейди депутат.

Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов депутатнинг ушбу саволига фикр билдириб, жумладан, беғараз келтирилган аппаратлардан пулли фойдаланишга тақиқни миллий қонунчиликка ўзлари киритгани буни тақиқ ўрнида кўрмаслик кераклигини ҳамда бу халқаро тажрибада ҳам борлигини айтиб ўтди.

– Нега бунга имкон бор бўлса, тақиқлашимиз керак? Ишлатаверсин. Бепул тиббий ёрдам ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга мазкур тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти яратиш ва улардан тушган маблағлардан ускуналарни сақлаш ёки бошқа харажатларга ишлатиш мумкин бўлиши керак, – дейди Спикер.

Узоқ тортишув ва савол-жавоблардан сўнг, депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олиниб, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Юқоридаги масала кейинги ўқиш муҳокамасида қайта кўриб чиқиши белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг