Ёзувчи Наби Жалолиддин ҳикоялари бўйича докторлик диссертацияси ёқланди
Фарғона давлат университетида ўқитувчи Абдуваҳоб Қаюмов «Ҳозирги ўзбек насрида миллий характер ва бадиий маҳорат» мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ёқлади. Бу ҳақда ёзувчининг расмий сайтида хабар берилди.
Диссертация мавзусига таниқли ёзувчилар Ўткир Ҳошимов ва Наби Жалолиддин ҳикояларидаги миллийлик мисол қилиб олинган. Филология фанлари доктори, профессор Йўлдошхўжа Солижонов ушбу диссертацияга илмий раҳбарлик қилган.
«...Наби Жалолиддин шахсида миллий характер ҳақидаги қарашларнинг шаклланишига ички омиллар кучли таъсир кўрсатгани сезилади. Унинг публицистик мақолалари, эълон қилинган суҳбатлари, таржимаи ҳоли билан танишиб, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Масалан, «Кўзим-қароғимсан, Ватан!» номли мақоласида Наби Жалолиддин «Байроқ» ҳикоясини «ўз фарзандларимни кузатиб ёзганман» деган фикрни билдиради. Ёзувчи фарзандларига «имкон топдинг дегунча, миллий урф-одатларимизни бошқаларга кўз-кўз қил. Уларга аралашиб, сингиб кетма, ўз қиёфангни сақла», деб айтган ўгитларига, аввало, ўзи ҳам амал қилади. Бир қатор ҳикоя, қисса ва романларида ўзбек халқининг миллий менталитетига хос хусусиятларни сингдириб юборади. Масалан, «Дўппи», «Оғриқ», «Чувалчанг ёққан кеча», «Юраклар» ҳикояларида миллатимизга хос анъаналар, урф-одатлар кенг ёритилган ва уларнинг кўпини адиб ўз кўзи билан кўрган ёки бошдан кечирган», деб ёзади А.Қаюмов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter