Болта кўтарган аёл
1901 йил 21 январда Канзас штатининг Вичита шаҳри кўчаси бўйлаб Америка тарихида мутлақо ноодатий бўлган бир аёл кезиб юрарди. У «Исо Масиҳ аскарлари, олға!» қўшиғини куйлаганча, қўлида ушлаган болтасини ҳар томонга сермаб борарди. Аёл Дуглас кўчасида жойлашган Жим Бэрн баригача етгач, ёпиқ эшик тирқишидан ичкарига киришга уриниб, болтасини боши узра ўйнатди-да, йиғилганларга қарата мурожаат қилди: «Бу – Яратганнинг қўли! Эркаклар, мен сизларни бадмаст дўзахдан халос этиш учун шу ерга келдим!»
Майхонада кунда-шунда ўтирадиган эркаклар ўзларини орқа эшикка уриб, тум-тарақай қочдилар.
Пештахта ортида бошини чиқариб турган майхона сотувчиси ҳимоясиз қолиб, Кэрри Нейшн пиво шишаларини қай тарзда чилпарчин қилаётгани, қўлидаги болта билан виски идишларини майдалаётганини кузатиб турарди. Бир неча дақиқадан сўнг ушбу бино худди Канзас довулига учрагандек бўлди-қолди.
Ҳа, бу ҳақиқатан довул эди. Фақат юбка кийган довул. Шундай қилиб, спиртли ичимликларни ман этиш ташаббускорларидан бири Кэрри Нейшн уруш сўқмоқларига чиқди. Телеграф бу янгиликларни бир онда бутун дунёга тарқатиб юборди.
У ўзининг ғайрат-шижоати ва хатти-ҳаракатларининг кучи билан ўшанда мамлакатда 17 йил муқаддам қабул қилинган «Ичимликларни ман қилиш тўғрисидаги қонун»ни қўллаш учун жамоатчилик қаҳр-ғазаби тўлқинини қўзғатишга ёрдам берди.
Кэрри Нейшн томонидан қовоқхоналарни ёқтирмаслик сабаблари кўп бўлган. Виски уларнинг оиласини барбод этган. Эри ароқхўрлик туфайли ўлган. Оилада бир чақа ҳам пул йўқ. Гўдак эса она қўлида қолаверди.
У биринчи марта Канзасдаги пиво барларини муножот ва ваъз ўқиш ёрдамида беркитишга уринганди. Бу ишни амалга ошириш мақсадида тўғридан-тўғри у ёки бу бар қаршисидаги кўприк устида орган ўрнатиб, унинг товуши остида тоат-ибодат қилди, жамоатчилик ҳис-туйғуларини жунбишга келтириб, мурожаат қилди. Гарчи жуда ғалати кўринса-да, худди шундай йўл билан бир неча пиво барларини беркитишга муваффақ бўлди. Аммо бундай усул ҳаддан зиёд кўп вақтни талаб қиларди. Ваҳоланки, ҳаракат қилиб қолиш керак эди. Натижада у пиво барларига болта ва ғишт парчалари билан ҳужум бошлашга уринди. Албатта, Кэрри қонунни бузаётганини яхши англарди. Шу билан Канзасда ҳам йигирма йил номигагина амал қилган алкоголь ичимликларни сотишни ман қилиш тўғрисидаги қонунни бузаётганини ҳам биларди.
У жавобгарликдан қўрққанмиди? Ҳеч қачон! Кэррини оёқлари остига олиб, этиклар билан тепишди. Узун сопли қамчи ва дарралар билан уришди. Суякларини синдириб, ўлар ҳолатга келтиришди. Аммо уни ҳеч нима тўхтата олмади. Кэрри Яратганнинг тўғридан-тўғри амри билан ҳаракат қилаётганига ишонарди. Ўзининг сўзларига қараганда, Худо унинг ҳузурига шарпа сифатида келиб, айнан шундай ҳаракат қилишини айтган. Баъзан муқаддас «Инжил» китобини очганида, фаришталарнинг қаноти шитирлаганини эшитган. Баъзида эса «Инжил»нинг ҳар бир сўзи худди люминесцент лампа ёруғлигидай ёғду берган (люминесценция – газ, суюқлик ёки қаттиқ жисмнинг совуқ ҳолда нур сочиши, нурланиши). Уни қамоққа тиқишдан ҳеч қандай маъни йўқ эди. Чунки Кэрри дарҳол куйлаш ҳамда Худога ҳамду сано ўқишга киришиб кетарди.
Уни судга олиб келишганида, адвокат хизматидан фойдаланишдан воз кечди, ўз ҳимояси учун ўзи отланди. Судья Кэррига Канзас қонунлари бўйича иш кўрмоқчи эканлигини айтганида, у: «Биз бу ишни Канзас қонунлари асосида эмас, балки Яратганнинг қонунлари асосида кўриб чиқамиз», ─ деб қичқирди. Шу сўзларни айтиб ўрнидан турди ва «Инжил»ни ўқий бошлади.
Судья Кэррига ўз жойини эгаллашни буюрганида, у судьянинг сўзларини кесиб ташлади: «Менга нима қилиш кераклигини уқтирманг, мен онангиз билан тенг ёшдаман».
Биринчи эрининг вафотидан сўнг Кэрри ўқитувчилик қилганди. Ўзи, боласи ва қайнонасини боқишга киришди. Орадан тўрт йил ўтгач, у иш жойидан маҳрум бўлди. Шунда тиз чўкиб муножот қилиб, ибодатга берилди: «Эй, раҳмдил Парвардигор! Мен бундан кейин қайнонам ва Чарлини боқа олмайман. Ўзинг менга мадад бергин. Балки турмушга чиқишимни маъқул деб биларсан, агар шундай бўлса, розиман. Тўғри, бу ҳолатда менинг кўз остимга олиб қўйганим йўқ. Кимни яхши деб ҳисобласанг, мен учун ўшани танла...»
Бир неча ҳафтадан сўнг Кэрри газета муҳаррири, фермер ва воиз Давид Нэйшнга турмушга чиқди. Буни у ўзининг Худога қилган мурожаати учун муносиб жавоб бўлди, деб ҳисоблади.
Кейинчалик Давид Нэйшн Канзасдаги черковга руҳоний бўлди. Шу билан бирга Кэрри ваъз ўқиш санъатида эрига нисбатан ўзининг кўпроқ тушунишини таъкидлаганди. Шунинг учун у эрига ўзи матн танлаб берар, айрим пайтларда эса унга ўргатиш билан ҳам машғул бўларди. Давид ваъз ўқиган чоғида ибодатга келганларни руҳлантиришга киришар экан, Кэрри ўша ерда ҳозир бўлиб, биринчи қаторда ўтирар, баланд овозда қай пайтда товушни кўтариш ва қаерда янада баландлатиш кераклигини унга айтиб турарди. Бундан ташқари қайси пайтда тезроқ ўқиш, қаерида лозим бўлган имо-ишораларни қўллаш керак бўлса, ҳаммасини тушунтирарди. Хизмат охирига етиб, ваъзни тўхтатиш фурсати етганини англагач, у ён томонга ўтиб, баланд овозда: «Бугунчалик шуниси етар, Давид!» ─ дер, борди-ю, эри шундан кейин ҳам ваъз ўқишни бас қилмаса, тўппа-тўғри унинг олдига бориб, тумшуғи остида турган китобни беркитар, шляпасини қўлига бериб, уни уйига қарата олиб кетарди.
Бир неча ойдан сўнг черков кенгаши Давидга руҳонийлик ўрнини бўшатишни тавсия этди. У бу топшириқни зўр мамнуният билан билан бажарди.
Орадан бир неча йил ўтгач, улар ажрашдилар. Ўшанда Кэрри шундай деган эди: «Турмушимизда ҳаммаси бинойи-ю, аммо Давид ҳаддан зиёд ланж».
Бу хотинга эр эмас, балки канзаслик хачир керак эди. Тан олишим жоизки, Кэрри Нэйшн тўғрисида гапириш бошқаларга нисбатан менга анча осон. Гарчи Кэрри Нэйшн мендан эллик ёш катта бўлса-да, у яшаган шаҳарда истиқомат қилдим, у ўқиган коллежда таҳсил олдим. Вафотидан сўнг у Миссури штатидаги менинг қадрдон гўшам Бельтон шаҳрида дафн этилган. Балки вақти келиб, мени ҳам ўша ерга кўмишар, шунда эҳтимол, мен сон-саноқсиз асрлар давомида Кэрри Нэйшндан бор-йўғи бир неча ярд нарида ётарман.
Бир куни мен уни Жанубий Дакотадаги Пьерра шаҳрида кўрдим. Ваъз ўқиш жараёнида воиз нимадир деган эди, бу гапи Кэррига ёқмади. Шунда у ўша жойнинг ўзидаёқ эътироз билдира бошлади. Воизнинг гапини бўлиб, кўтарилган масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён эта кетди.
Бошқа сафар эса Кэрри тўпланиб турган одамлар орасида турган эркакнинг олдига бориб, оғзидан сигарасини юлиб ташлагани, сўнг уялиш кераклигини, тамаки туфайли итдай сасиганини айтганига гувоҳ бўлганман.
Кэрри Нэйшн от спортидан бошқасини асло тан олмаган. У Кентуккида туғилгани боис югуришни яхши машғулот деб ҳисобларди. Кэрри кўча-кўйда ёш жувонларни тўхтатиб, уларга ёш йигитлар билан сайр қилишдан эҳтиёт бўлиши кераклигини таъкидлаётганини ҳам кўрганман.
Нью-Йоркда отлар кўргазмаси ўтаётганида, ҳурматли жаноб А.Вандербилдни ҳамманинг олдида шарманда қилиб, бу вақтда мувофиқ бўлмаган костюм кийиб келгани учун қоралаб ташлаган, шу тариқа зўр муваффақият қозонган эди.
Хўш, Кэрри Нейшн ўзининг хатти-ҳаракатлари учун ҳисоб берармиди, деб сўрашингиз мумкин. Шуниси борки, унинг қизи руҳий беморлар шифохонасига юборилганди. Шу тариқа онаси ҳам ақли ноқис бўлиши мумкин. Аммо айтинг-чи, орамизда кимнинг ақли расо ҳисобланади?
Кэррининг қалби эзгулик билан тўлиб-тошганди. Масалан, унинг отаси бир олам қарзини уза олмасдан дунёдан ўтди. Гарчи ҳеч ким Кэррининг зиммасига бу мажбуриятни юкламаган бўлса-да, у отасининг барча қарзларини узди. Бунинг учун ўн беш йил керак бўлди.
Кейинги йилларда у бир неча йиллик умрини омма олдида маърузалар ўқиш билан ўтказди. Тушган пулларни эса етим-есир ҳамда оч-наҳор кишиларга тарқатди. Канзас шаҳрида ўз маблағи ҳисобидан бева аёллар ҳамда ароқхўрларнинг болалари учун бошпана қуриб берди.
Кэрри Нейшн Канзас текисликларида ўзининг ароқхўрликка қарши жўшқин фаолиятини бошлаганида, бу ҳаракат билинар-билинмас оқадиган ирмоққа ўхшарди. Кэрри Нейшн уни бўронли оқимга айлантириб, кейинчалик бу ҳол мамлакат конституциясига ўзгартириш киритишни тақозо этди.
Канзас штати ўзининг энг катта қатновли кўчаларидан бирини Кэрри Нейшн шарафига унинг номи билан атаган. Мазкур кўча Кэрри болтасининг сурати билан безаниб туради.
Дейл Карнегининг «Машҳурлар ҳаётидан
номаълум саҳифалар» китобидан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter