Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар бир уйнинг Мақсуда аяси бўлсин...

Ҳар бир уйнинг Мақсуда аяси бўлсин...

Кеча ажойиб бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Кимга қандай билмадим-у, лекин менга бошқача таъсир қилди. Рўпарамиздаги кўп қаватли уйнинг ён томонига ва йўлакнинг нариги бетидаги ариқча бўйига гул кўчатлари экаётган аёлни кўриб бепарво ўтиб кетолмадим. У экаётган гуллар таниш: уларни ободонлаштириш ходимлари «умрингиз битди, ўрнингизни совуққа чидамли гулларга бўшатиб беринг» деб юлиб ташлаган. Начора. Бу ўрнатилган қоида, унга амал қилиш шарт...

Тиниб-тинчимаган онахоннинг эса ана шу гулларга ичи ачишган кўринади. Туриш-турмушидан ғайрат ёғилиб турган аёл билан танишиб олдим. Ишларим зарил бўлса-да, андак суҳбатлашдик.

– Мақсудахон опа, ёз ойларида, жазирама саратонда манави узун йўлакларга, шу «дом»нинг ярмидан кўпроқ майдонларига сув сепиб, соя-салқин қилиб қўядган ким экан, дердим. Қаранг, сиз экансизда! Қойил! Қайдан сизга шунча куч келади?

– Яратган эгам беради, шукр. Бекордан худо безор, дейдилар. Уйда қамалиб ўтиргандан нима фойда! Ахир ҳаммамиз ҳам ҳовлиларда яшаганмиз. Ҳовлидан чиққанмиз. Нимага энди масканимизни ҳовлидек тутмаслигимиз керак.

– Анави домда ҳам фаришта аёл бор-а? Бултур қишда оқ, пушти, нафармон «глобус» гулларини, баҳорда яна бошқа нав гуллар, икки туп сарвқомат дарахт кўчатлари экибди. Ким у, танийсизми?

Онахон ҳам «яшил уй» деб юритиладиган уйда яшовчи аёл ҳақида эшитган экану, ўзини танимас экан. Маҳалламиз идорасига қўнғироқ қилиб билмоқчи бўлсам, нариги томонда гўшакни кўтарган профилактика инспектори Фурқат Мирзаев ҳам бундай аёлни танимаслигини айтди.

Шу тариқа ўтган қишдан буён бу кўп қаватли уйни уй қилай, одамларнинг баҳри дили очилсин, деган саховат соҳибаси, камтар аёл ким ўзи, деган саволим жавобсиз қолди. Шуниси ҳам маъқул. Кўнгли, нияти тоза аёл, ким бўлсангиз ҳам сизга тасанно. Сиз ва сиз кабиларга ажру савобларни мўл қилиб беради.

Нима бўлганда ҳам моддий сабабларга боғланиб қолмаган, кексалик гаштини ўзига хос сураётган Мақсуда она билан танишганимдан бениҳоя мамнун эдим. Шунда Xabar.uz сайтида ўқиганим — «Япониялик мухлислардан яна бир «дарс» сарлавҳали хабар ёдимга тушди. Қайта-қайта томоша қилиб мазза қилдим. Кўрганлар бордир. Унда жаҳон чемпионати доирасида Қатардаги «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг стадионни чиқиндилардан тозалиб юрган японлар ҳикоя қилинади. Мен ҳам Мақсуда аяни дастлаб кўрганимда худди ўша араб йигитидек тўлқинланиб кетгандим.

Бу иккала воқеа ўртасида боғлиқликни ҳис этмаслик мумкинми? Асло. Гўзал Фарғонамизнинг марказий Алишер Навоий проспекти бўйлаб икки-уч бекат юриб кўрсангиз, «японларга тасанно» деб юборасиз. Куннинг иккинчи ярмида беш-олтита жойда ширинлик қоғозлари ва турфа егуликлардан бўшаган ўрама жилдларга кўзингиз тушиб, таъбингиз хира тортиб, кўнглингиз хуфтон бўлади. Совуққонлик билан ташланган ҳар бир чиқинди киши қалбига тош отилганидек бўлиши керак, аслида.

Қадрдон уйимиз, Ватанимиз барчамизники! Инсонлар, шаҳарларимиз гўзаллиги, кўркамлиги учун, майли, ҳеч нима қилмасак-да, ҳеч қурса яратилган гўзалликларни асрайлик, илтимос... 

Ҳафиза Саляҳова,
«Xabar» газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг