Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Скандинавия болалар адабиёти болани алдамайди

Скандинавия болалар адабиёти болани алдамайди

Фото: интернет, очиқ манба

Скандинавия китобларига меҳрим ўзгача. Болалигимдан уларни севиб ўқийман. Назаримда бу мамлакатларнинг болалар китоблари дунёдан 20-30 йил олдинда юради. Яқинда қилган бир хулосам, скандинавия болалар китобларида жуда кучли шукроналик ҳисси тарғибот қилинар экан. Улар  шукр қилишни китобларида болаларга шу қадар моҳирона кўрсатадилар-ки...

Скандинав болалар адабиёти болани алдамайди. Ўлим, дард, касаллик, қийинчилик, айрилиқ, азоб, уруш ва бошқа ўта қийин мавзуларда жуда ажойиб тарзда болалар билан суҳбат қила олади. Бундай мавзулар болаларга керакми? Ҳаммага эмас, албатта. Лекин баъзида болалар мана шундай китобларга зор!

Россиялик бир кутубхоначи айтиб берган воқеа: Бир оила автоҳалокатга учрайди. Ота-она ва кичик фарзанд тирик қолади. Икки катта фарзанди дунёни тарк этади. Кичик фарзанд акаси ва опаси ҳақида сўраса, улар чет элга кетишди, деб алдашади. Вақт ўтади. Ота-она бир амаллаб ўзига кела бошлайди. Лекин шу даврда кичик фарзанд тилдан қолиб, қандайдур тушунарсиз психологик салбий ҳолатларни намоён қилишни бошлайди. Психологга, невропатологга, психиатрга борадилар....ҳеч ким муаммони тушунмайди. Ота-она ҳозир яхши, воқеадан анча вақт ўтган... лекин кичик фарзандга нима бўляпти?

Шунда кутубхоначи ўзининг Швециядаги ҳамкасблари билан боғланади. Уларга воқеани айтиб беради. Швецияда бундай вазиятда болага қандай ёрдам берилади, дея маслаҳатлашади. Шунда швецияликлар унга бир китоб юборадилар. Мана шу китобни ота-она боласи билан ўқиб чиқиши керак дейди. Она китобни таржимон билан таржима қилиб, расмларига қараб боласига ўқиб беради. Бола ҳар куни шу китобни қайта-қайта сўрайди. Бир неча кунда бола гапиришни бошлайди, психологик ҳолати ўз ҳолига кела бошлайди.

Муаммо қайталанмаслиги учун унинг негизини билиш керак эди. Яна психологга боришади. Психолог китоб билан танишиб, бола билан китоб ҳақида гаплашади. Сабаби аниқ бўлади.

Швецияликлар бериб юборган китобда қаҳрамон болакай энг яқин одамини йўқотиб қўйган бўлади. Ўлимдан кейин ҳам ҳаёт давом этиши мумкин ва керак эканлигини кўрсатади. Бола китобни ўқиб ҳақиқатни билади ва таскин топади. Чунки унинг болаларча фантазияси унга бундан-да ёмон ҳолатни чизиб берган экан.

Aкаси ва опаси «кетиб қолгач» ота-онасининг йиғлаб юрганини кўрган бола, улар акаси ва опасини жуда соғинаётганини тушунади. Сўнг ота-она йиғламай қўяди, аста-секин аввалги ҳолига келиб хурсанд бўла бошлашади, бола буни кўриб жуда салбий хулосага келади. Энди ота-онаси ҳам буни ташлаб ака-опасини ортидан кетади, деган фикрга келади. Бу фикридан қўрқиб кетиб гапирмай қўяди, психологик муаммоларга дуч келади.

Китобни ўқиб бола акаси ва опасига аслида нима бўлганини тушунади. Бу ҳақда ота-онаси билан гаплаша олади. Саволларига жавоб олади. Ўзи тирик, ота-онаси унинг ёнида, уни ташлаб кетишмаслигини англайди. Ҳаёт давом этаётганини ҳис қила олади. Бу ҳақда психолог билан гаплашади.

Бундай китоблар кўп сотилмайди, бундай китоблар кўп мукофотлар олгани билан муаллифни таниқли ёки бой қилмайди. Бундай китоблар билан мактаб ёки боғчаларга бориб болаларга тақдимот қилиб ҳам бўлмайди. Бундай китоблар китоб дўконлари ёки кутубхоналарда кўринмас жойларда сақланади. Лекин улар жуда керак!

Болалар ёзувчиси Динара Мўминованинг Facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг