Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адҳам Отажонов (Абу Муслим)

Ҳар бир амалингизни таҳлил қилиб, кимга ёки нимага сиғинаётганингизни билиш мумкин.

Манқуртлар ҳозир ҳам бор

Манқуртлар ҳозир ҳам бор

Фото: «Archive of Our Own»

Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романига кўра, манқурт — асирга олинган, руҳсиз қул бўлиб, хўжайинига сўзсиз итоат қилувчи, хотирасидан маҳрум қилинган одамдир.

Айтматовга кўра, асирга тушган тутқуннинг сочини қиртишлаб олиб ташлаб, унинг бошига ҳозиргина сўйилган туянинг бўйин териси кийдирилган. Шундан сўнг унинг қўл-оёғи боғланиб, бошини ерга теккиза олмаслиги учун бўйнига каттакон тахтакач кийдирилган ва шу аҳволда бир неча кун чўлнинг ўртасига ташлаб қўйилган.

Саҳронинг аёвсиз қуёши остида туянинг териси қотиб, тиришиб, бечора тутқуннинг бошини сиқа бошлар, унинг тикандек ўса бошлаган сочлари терисига қадалиб, мисли кўрилмаган оғриқ берар, бунинг устига ташналик азоби чидаб бўлмас қийноққа солар эди.

Маълум вақт ўтгач, тутқун ўлиб кетар ёки хотирасидан буткул маҳрум бўлиб, идеал қулга айланиб қолар эди. Иродасиз, хўжайинига итдек итоаткор манқурт қуллар оддий қуллардан бир неча баравар қиммат турар эди.

«Асрга татигулик кун» романида найман уруғидан чиққан Дўнанбойнинг ўғли, мерган йигит Жўломон жуанжуанларнинг қўлига асир тушиб қолиб, манқуртга айлантирилади. Фарзанд доғида куйиб адо бўлган Найман она узоқ қидириб юриб, ахийри жигаргўшасини топади. Бироқ, манқурт ўғил уни танимайди. Таниш уёқда турсин, манқурт ўзининг мерган қўллари билан хўжайинларининг буйруғини адо этиб, камон ўқини ўз онасининг юрагига бехато уради...

«Манқурт» сўзи кўчма маънода ўз тарихини, ўз наслини, ўзининг томирларини унутган кишига нисбатан ишлатилади. Манқурт сўзи публицистикага урф бўлган лақабга, ўз қадриятларини, ўзининг аслини, ўзлигини унутган, йўқотган одамнинг рамзига айланиб қолди.

Шу сўздан олинган манқуртлик (манкуртизм) атамаси ҳам муомалага кириб қолди. Бу атама айниқса Қозоғистон, Қирғизистон, Татаристон, Бошқирдистонда ўз миллий маданиятига бепарво бўлганлар учун ҳақоратли лақабга айланди.

Романда айтилишича, манқуртга «нимани истайсан?» дейишса, «Осмондаги ойни» дейди. Ким биринчи бориб, қўл-оёғини бўшатиб, бошидаги туя терисини ечиб олиб, ўрнига қалпоқ берса, манқуртга айланган тутқун ўша одамни ўзининг хўжайини деб эслаб қолади ва унга умр бўйи итдек содиқ қулга айланади. Унинг учун дунёда энг даҳшатли нарса – ана шу қалпоғидан айрилиш. Жуанжуанлар уни масхара қилиб, анави сени излаб келиб, йиғлаб, атрофингда гирдикапалак бўлаётган хотин сенинг қалпоғингни олиб қўймоқчи, деб қўрқитадилар. Бу гапдан манқуртнинг кўзлари ола-кула бўлиб, қўрқувдан ранги гезариб кетади. Шунда хўжайинлари унинг қўлига ўқ-ёй бериб, ўзининг қалпоғини осмонга отади, манқурт қалпоқни бехато нишонга олади. Демак, унинг хотираси ўчгани билан, қўлидаги қобилияти, истеъдоди сақланиб қолади.

Буюк адиб Чингиз Айтматов бугунги авлоднинг ана шундай ўзлигини йўқотган, лекин қўлидан ҳамма иш келадиган вакилларини манқуртларга ўхшатади. Ўзлигини билмайдиган бу авлод романда ўз миллатдошларини «халқ душмани» сифатида қамаб, ўлдириб юбориб, ҳузур қилади. Унга бу ваколатни, бу мансабни ким берса, ўша унга хўжайин. Хўжайинлари унга нимани буюрса, фақат шуни қилади. Эртаю кеч ўша хўжайинларига ёқишнинг дардида бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг