Чингиз Айтматов боши узра қора булутлар ёки қасам билан мустаҳкамланган қарз
Чингиз Айтматов биринчи навбатда «Манас» ватанининг фарзанди эди. Адиб шахсиятига таъсир этган омиллардан яна бири, у – донишманд халқнинг теран маънавиятидан баҳра олиб ўсганди. Турк қавмининг бой тарихи мусулмон маданияти билан омухта бўлиб, шундай хазина юзага келган эдики, уни идрок этиб, туйнугидан муралаган киши ҳам борлиқда анча юксак кўтарила оларди. У эса табиатан ҳам «юқори»лар қавмидан эди: Айтмат бобоси қўли гул дурадгор ҳам темирчи, боз устига дурустгина бахши эди. Отаси Тўрақул Айтматов даврининг раҳбар шахсларидан бўлиб, юксак давраларда, катта шаҳарларда умргузаронлик қиларди...
Отаси билан фахрланиши баробарида Чингизнинг «емаган сомсасига пул тўлаши»га ҳам тўғри келди. «Халқ душмани»нинг фарзанди сифатида уни ижтимоий йўналишдаги ўқув юртларига қабул қилишмади. У сиёсат қўрғонидан анча йироқ ҳисобланувчи зоответеринария соҳасида ўқишга, йилқичилик (эшакчилик) сингари фанлардан таҳсил олишга мажбур бўлди.
Техникумдаги ўқиши жараёнида биринчи марта сўзнинг мартабасини ҳис этди: бош зоотехник унга наслдор айғирнинг нобуд бўлгани ҳақидаги актни рус тилидан қирғизчага ўгириб беришни сўради. Бу юмушни қойиллатиб бажарди, чамаси, бирданига унинг мавқеи ошиб кетди. Табиатан адабиётга ўч бўлган талаба таржимонликни бадиий асарларда синаб кўришга жаҳд қилди. Дастлабки интилишларидан завқ олиб тил муаммолари ҳақида мақола, ҳикоялар ёзди. Шу билан унинг қисмати ҳал бўлди. Тақдир эса бу борада уни етарлича сийлади. Бироқ бу йўл ҳам силлиқ кечгани йўқ. Таъна-маломатларга қолган, машғулотидан тўйган пайтлари кўп бўлди. Унинг тик қолишида, қаддини кўтаришида яхши одамлар беғараз кўмакка келди – бу жиҳатдан унинг омади бор эди.
Шўро замонида ҳам туркий қавмлардан бир қатор бадиий зиёлилар етишиб чиққанди. Шулар қаторида Жамбул Жабаевнинг алоҳида ўрни бор эди. Қаҳрамонона Ленинград қамали пайти оқин «Ленинградликлар – жигарбандларим» деган шеърий-публицистик достонини яратди. Жонли ижро этилган бу асар қамалдагиларга ҳар қандай дори-дармону озиқ-овқатдан яхши таъсир қилди (шу ўринда Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан» шеърини эслаш ўринли). Бу ҳол «халқлар доҳийси» Сталиннинг эътиборига тушди ва Жамбул отанинг обруйи жуда ошиб кетди. У бир неча марта Сталиннинг қабулида бўлиб, анча синашталашганидан кейин ўша йиллари қанот чиқариб келаётган Мухтор Авезовни «доҳий»га таништиради.
Бу занжир давом этиб келиб, Мухтор Авезов келажаги порлоқ Чингиз Айтматовни катта йўлга олиб чиқади. Бу шонли ва ҳавас қиладиган тарихнинг (қайси маънодаки, бизнинг миллий маданиятимизда бундай бовурдошлик намунасига дуч келиш қийин, аксинча, талабни кучайтириб, роса чиғириқдан ўтказиши – эзиб ташлаши мумкин) сийқа ва жўн баёни шундай. Аслида, бундай устоз-шогирдликда, «юксакка учмоқчи, осмонни қучмоқчи бўлганга елкасини тутиб бериш»да жуда теран маъно, аслида, тараққиётнинг асоси мужассам; негаки, оғзи билан қуш оладиган бўлса ҳам, «ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас»-да!
Албатта, Мухтор Авезов ва Чингиз Айтматовнинг ижодий таржимаи ҳоли, уларнинг устоз-шогирдлик муносабатлари мукаммал тадқиқотларга асос бўлган, бундай юмушлар бажарилган. Эзгу амалларни, улуғларнинг улуғ ишларини бот-бот ёдлаб туриш, шубҳасиз, фойдадан холи эмас. Воқеликда ўтган кунлар бўйидан юқори ҳаёт манзарасига рўй бермас экан, худди текисликдаги тепалик каби мантиқли, ботинида ҳикмат яширинган хуш амаллар кўзга ташланаверади, яхши гаплар тилда такрор-такрор айланаверади (ўзбек адабиётида тиши чиқаётган олим «Ўтган кунлар» ёки «Меҳробдан чаён» ҳақида илк мақоласини ёзганидек; ҳам ўнғай, ҳам «бозорбоп»). Шу маънода бу иккилик ҳаётининг синоатлари, уларнинг баёни зерикарли эмас.
Хотираларда эсланишича, гарчи Сталин назарига тушган бўлса-да, элга келган тўй сифатида Мухтор Авезов қатағон сийловидан четда қолмаган, икки йил жазо лагерларида бўлишига тўғри келган ва тутқунликда Тўрақул Айтматов билан юзма-юз бўлган. Шунда миллий зиёлиларнинг етук вакилларидан ҳисобланган икков қайси бири бу бўҳрондан тирик чиқса, бир-бирини унутмаслик, авлодларига ғамхўрлик қилишга аҳдлашишган экан (бу ҳақда ёзувчи Тўлепберген Қайипбергенов ўзаро суҳбатларда гапириб юрган). Шу маънода Мухтор Авезовнинг Чингиз Айтматовга устозлик – ғамхўрлик қилиши қасам билан мустаҳкамланган қарз, бажарилиши лозим онт эди.
Маълумки, Чингиз Айтматовнинг «Жамила» қиссаси эълон қилингач, бир томондан бадиий асар сифатида эътирофлар, иккинчи томондан эса мазмун-мавзусига нисбатан эътирозлар мавжи авж олди. Қиссанинг адабий асар – бадиийлигига нисбатан қанчалик мақтов кўп айтилса, унинг миллий-диний қадриятларни (бошида эри бор хотиннинг ўзидан кичик бегона эркак – бўз бола билан қишлоқдан қочиб кетиши) поймол қилишда айбловчи танқидлар ҳам ошиб-тошиб кетди. Ҳатто айрим адабиётшунос ҳамда ёзувчиларнинг маҳаллий матбуотда мураккаб психологик ечимга эга бўлган қиссани тор қолиплар асосида баҳоловчи ва шундан келиб чиқиб, асарни қораловчи мақолалари эълон қилиндики, бу ҳол ёш ёзувчининг тақдирини остин-устун қилиб юбориши мумкин эди. Ана шундай қалтис паллада ота-қадрдон Мухтор Авезов нажот қўлини чўзди.
М.Авезов ўз даврида тузум адабиётининг улкан қояларидан бирига айланган, унинг «Абай» эпопеяси даврининг энг юксак мукофоти билан тақдирланган эди. «Абай» қозоқ халқи орасида ҳам, шўро мафкура майдонида ҳам чинакамига тан олинган, дунёда «Қозоқ халқининг бадиий қомуси» дея эътироф этилган эди (шу ўринда бир маълумотни эслаш зарар қилмайди: мавриди келганда Мухтор Авезов Ойбекка «Навоий» романини кўзда тутиб, «Сен филдан пашша ясадинг, мен пашшани филга айлантирдим» деган экан. Бу гап қанчалик тўғри, Аллоҳга маълум). Эпопея кўплаб тилларга таржима қилинаётганди. Жумладан, француз адиби Луи Арагон уни ўз тилига ўгириш билан машғул эди. Мухтор оға Луи Арагон билан шўро ёзувчиларининг Вьетнамга сафари асносида танишиб қолган, анча қадрдонлашиб кетган, социализм ғояларини қўллаб-қувватлаган, шўро давлатида салмоқли нуфузга эга бўлган французни юртига таклиф этиб, бир неча марта меҳмон қилганди.
Чингиз Айтматовнинг бошида қора булутлар айланиб турган паллада Мухтор Авезов Луи Арагонга илинж аралаш мурожаат қилиб, «ёш, умидли қирғиз ёзувчисининг битиги билан танишиб чиқиш»ни тавсия қилади. Ҳурматли дўстининг таклифи билан Москва-Париж поездида кетаётган атоқли француз ёзувчиси қиссани бир нафасда ўқиб чиқади ва эндиликда машҳур, Чингиз Айтматов тақдирини белгилаб берган гапларини айтади: «Мен дунёдаги энг гўзал севги қиссаси билан танишиб чиқдим. Унинг мутолаасидан сўнг кўз олдимда бутун гўзалликлар, ҳатто Париж ҳам хира тортиб қолди» мазмунида саховат билан лутф қилади.
Шўролар мамлакатининг дўсти, дунё эътирофидаги йирик ёзувчи ўшанда у. Шу нуқта Чингиз Айтматов ҳаётида ҳам, ижодида ҳам кескин қайрилиш бурчаги бўлиб қолди. Кейинчалик ҳам Луи Арагон Чингиз Айтматовга эътиборини сусайтирмади, унинг келажагини башорат қилгандек, «ХХ асрнинг ёрқин ҳодисаси» сифатида эъзозлаб, қувватлаб юрди.
Ҳақиқатан, Мухтор Авезов ўзининг камерадош дўстига берган сўзининг устидан чиққан, унинг фарзандини донғил йўлга олиб чиқиб қўйган эди. Шундан кейин Чингиз Айтматов ижоди қонуний баҳосини олди, устози каби у ҳам кўп ўтмай, энг юқори сийлиққа муносиб кўрилди. Бу тасодиф эмас, балки ҳақиқий талантнинг эътирофи, зар қадрини билган заргарлар саъй-ҳаракатининг муносиб самараси эди.
Ҳаким Сатторий
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter