Лос-Анжелесда Лола Каримова продюсерлик қилган фильм тақдимоти ўтказилди
AҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида буюк мутафаккир ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи «Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» тарихий ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаева «Фейсбук»даги саҳифасида эълон қилди.
Ушбу фильм Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевнинг продюсерлиги остида режиссёр Баҳодир Юлдошев томонидан суратга олинган.
Лос-Анжелесдаги тақдимотда 1969 йилда «Аполлон 11» миссияси доирасида Ой юзига иккинчи бўлиб қадам босган афсонавий америкалик астронавт Базз Олдрин ва тарихий кинолентада бош ролни ижро этган актёр, жаҳон киноси юлдузи Арманд Ассанте иштирок этдилар.
Мазкур киноасар 2017 йилда 74-халқаро Венеция кинофестивалида «Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм» номинациясида нуфузли «Кинео» мукофотига сазовор бўлди, Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда эса «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида ғолиб бўлди.
Каримованинг қўшимча қилишича, шу йилнинг сентябрь ойида «Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» фильмини ўзбек тилида текин кўришингиз мумкин бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter