Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Француз навоийшуноси Ҳиндистондан Бобурнинг қўлёзмасини топиб келди

Француз навоийшуноси Ҳиндистондан Бобурнинг қўлёзмасини топиб келди

Фото: «Google.com»

Француз навоийшуноси Ҳиндистонга бориб, Бобурнинг қўлидан ёзилган ва Шоҳ Акбарнинг ёзуви билан тасдиқланган қўлёзмани топиб келди.

Бир француз навоийшуноси бор. Исми Марк Тутан. Жуда билимли олим. Мен билан ўзбек тилида гаплашади. Эски ўзбек тилимизни, Навоий, Бобур, Огаҳийларнинг тилини биздан яхши билади ва ёзувларини ўқийди. Университетда дарс беради, «Чиғатой туркчаси»ни - эски ўзбек тилимизни француз талабаларига ўргатади. Навоийнинг қўлёзмаларини излаб, тадқиқ қилиш учун қилиш учун дунёнинг тўрт томонига, АҚШдан тортиб Ғарб давлатлари ва Туркия орқали Ўзбекистонгача келган. Унинг Навоий ҳақида чиқарган 700 саҳифали китоби Францияда бир қатор мукофотларга эга бўлган.

Шу ўринда юртимизда шундай олимлар билан ҳамкорлик қилинмаётгани ва Ўзбекистонда бу олимни танимасликларини афсус билан таъкидлаб ўтмоқчиман.

Хуллас, яқинда шу олимни кутубхонада кўриб қолдим. У мени кўриб хурсанд бўлиб кетди ва болаларча шодлик билан шоша-пиша бир хушхабар айтди. «Нима гап?» - сўрадим мен. «Яқинда Ҳиндистонга бориб келдим. У ердаги кутубхонада Бобурнинг қўли билан ёзилган ва невараси Шоҳ Акбар томонидан тасдиқланган қўлёзмани топдим», - дея фахрланиб гапирди у. Телефонини чиқариб, кўлёзмалар суратлари орасидан узоқ титкилаб, Бобурникини топди ва менга деталларини кўрсатиб, ўқиб берди. Табиийки, франциялик дўстимдан фарқли ўлароқ мен бу ёзувларни ўқий олмадим ва Маркдан суратни менга юборишини сўрадим. У шу ернинг ўзида суратни юборди.

Бундан ташқари Акбаршоҳ даврига оид бошқа бир қўлёзмада «Барлос», «Ўзбек», деган ёзувларни фахр билан кўрсатиб, ўзбек уруғлари келтирилган рўйхатни ҳам кўрсатди. Марк Тутан ҳозир шу ҳужжатлар устида ишлаяпти экан.

Мен суратни сизга ҳам улашмоқдаман. Бунинг учун Маркка катта раҳмат. Ўйлайманки, тегишли ташкилот ва вазирликлар ҳамда ОАВ Тутан билан алоқаларни йўлга қўйса, тадбирларда Ўзбекистонга таклиф қилса, тадқиқотларида ёрдам кўрсатса, ҳаммамиз учун яхши бўларди. Ҳар ҳолда Марк сингари Навоийни, ўзбекларни Францияга танитаётган олимлар кўп эмас. Агар ёлғиз бўлмаса, албатта...

Дониёр Рўзметов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг